Саломатлик

Замонавий неврология: Мия соғлом бўлиши учун қуйидаги 5 та тавсияга амал қилинг

Бугунги кунда одамларнинг узоқ ва соғлом умр кечиришларини тиббиётнинг юксак ривожи билан изоҳлаш мумкин. Аммо жамиятнинг юксак тараққиёти кўпчилик одамларни ишга муккасидан шўнғиш, бойликка меҳр қўйиш каби иллатларга бошлаб, бош ва мия, асаб билан боғлиқ замонавий касалликларга сабаб бўлмоқда.

Айниқса, ривожланган мамлакатларда кексаликда инсон энг кўп мурожаат қиладиган тиббиёт йўналиши – неврология хизматларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Хусусан альцгеймер (орттирилган ақли заифлик) касаллиги тараққий этган жамиятда яшаётган аҳолининг хавфли душманига айланган. Мисол учун, биргина Америкада бу касаллик билан оғриган 7 миллион нафар бемор мавжуд. Сиз эса қуйидаги тавсияларга ҳам амал қилиб кўринг. Кўп ўтмасдан бош ва мия билан боғлиқ дардлардан фориғ бўлсангиз ажаб эмас.

 

Тонгни яхши кайфиятда қарши олинг

Стендфор университети олимлари табассум ёки ижобий кайфиятнинг ҳам мия ва асаб тизими учун фойдали эканини исботлашди.

Гап шундаки, яхши маҳсулотлар истеъмол қилган билан, инсон танасидаги ижобий кайфият етарли даражада бўлмаса, мия фаолияти ҳам, тана фаолияти ҳам яхши томонга ўзгармайди. Унга аввало, позитив руҳият керак.

Эрта тонгда уйғонгандан бошлаб бугунги кун ҳам сизга бекорга берилмаганини, қаршингизда турган 24 соатни янги режа ва муваффақиятлар билан қарши олишга тайёр эканлингизни ўйланг. Айнан тонгда танада уйғонган ижобий кайфият туфайли мияда зарур гормонлар фаоллашади ва кун давомида сизнинг куч-қувватга бой бўлишингизни таъминлайди.

Унутманг, бахтиёрлик тонгда танага кириши керак бўлган энг муҳим озуқа. Акс ҳолда, хафа ва тушкун кайфият миянинг тобора сўнишига олиб келади.

 

Тана фаоллигини оширинг

Тана жисмонан фаол бўлса, юрак қонни яхши ҳайдайди. Шунда мияга ҳам кислород юқори суръатда етиб келади. Натижада мияда янги тўқималар тез ривожланади. Янги мия тўқималари қанча тез ривожланса, бизнинг одамлар билан мулоқотимиз, фикрлаш доирамиз, эслаб қолиш қобилиятимиз ҳам шу қадар мустаҳкам бўлади.

2014 йилда The New York Times газетасида эълон қилинган Иллинойс университетининг тадқиқотида ёзилишича, спорт машғулотларига қатнайдиган болаларда диққатли бўлиш ва мулоҳаза қилиш, вазифага нисбатан масъулиятни ҳис қилиш даражаси юқори бўлар экан.

2003 йилда Жоржиа университетида олиб борилган тадқиқотлар хулосаси эса миянинг шаклини ўзгариши, фаолиятининг яхшиланиши, тананинг ғайратга кириши учун 20 дақиқалик жисмоний машқларнинг етарли эканини кўрсатган. Сабаби, ортиқча терлаш ҳам мия фаолиятига салбий таъсир қилиши мумкин.

Унутманг, ҳаракат қилиш ҳар жиҳатдан олға бориш дегани.

 

Мия мускулларининг чигалини ёзинг

Ҳа! Танамиздаги каби, мияда ҳам мускуллар бор. Модомики, мия мускуллари бўй кўрсатмас экан, тананинг бўртиб чиққан мускулларидан наф йўқ. Уларнинг чигалини ёзмаслик эса, тананики каби йўқолиб кетишларига сабаб бўлади.

Массачусетс Технология институти олимаси Тара Свартнинг фикрича, айниқса янги тил ўрганиш, шеър ёд олиш, бирор мусиқий асбоб чалишни ўрганиш каби машғулотлар мия мускулларини ривожлантирар экан.

Америкалик таниқли муаллиф Жеймс Алтачернинг фикрича, бирор нимани энг содда ва ихчам усулда ифодалашга ҳаракат ҳам мияни "жароҳатлаб" уни ишлашга мажбур қилар ва шу орқали мускулларини ҳаракатга келтирар экан. Мисол учун, оқ қоғознинг бир бетига 10 та ғоя ва уларни амалга ошириш усулларини баён этиш инсондан мулоҳаза ва идрокни талаб қилади.

Ҳарвард университети руҳшуноси ҳам инсон дунёқараши ва қизиқишларининг чегараланмаслиги, яъни унинг универсаллиги ҳамда ҳаётдаги қийин вазиятдан осон чиқиб кетиш учун қилинган идрок ҳам мияни мускулдорлигини таъминлар экан.

 

Қаддингизни тик тутиб ўтиришга одатланинг  

Оналар доимо қадди букчайиб қолган болаларига танбеҳ бериб, уларга қаддиларини рвон ва текис қилиб ўтиришлари кераклигини айтишади. Қад-қоматни тик тутиб ўтириш танадаги қувватни ошириб, кайфиятни ҳам кўтарар экан.

Шу билан бирга, Ҳарвард профессори Эйми Кадди 2013 йилда ўтказган тадқиқотдан маълум бўлишича, қад-қоматни текис тутиб ўтириш одамнинг ўзига бўлган ишончини ҳам оширар экан.

Мазкур илмий тажриба учун саралаб олинганларнинг турмуш тарзи ўрганилганида қадди букчайиб қолганларнинг аксари смарфтон, планшет ва бошқа майда электрон қурилмалар фойдаланувчиларини ташкил қилар экан.

Олимларнинг диққатини тортган жиҳат шу бўлдики, тажриба жараёнлари тугаганидан сўнг, бу каби қурилмалар фойдаланувчилари, яъни асосан ёшлар индамасдан хонадан чиқиб кетишган.

Компютер ва ноутбук фойдаланувчилари нисбатан катта авлод вакиллари бўлган иштирокчилар эса тажриба ташкилотчиларидан хонани рухсат сўраб, хайрлашиб тарк этишган.

Гап шундаки, қоматнинг букилиши инсон шуурининг умидсизлик ва тушкунликка, салбий хотираларга ғарқ бўлишига олиб келар экан. Буни олимлар бир неча минг йиллар олдинги, инсон ҳали ёввойи мавжудот оламидан қудратли жонзод сифатида ажралиб чиқмаган, "гавда тили" ёрдамида тиллашган даврдан "мерос" қолган интуиция ёки рефлекс сабаби, деб изоҳлашмоқда.

Сан-Франциско университети олими Эрик Пепернинг фикрича, кун давомида бардам ва ғайратли бўлиш учун инсон ўз танасининг назоратини қўлга олиши, кичкина қурилмалар мониторига томон эгилиш ўрнига уларни кўзига яқин олиб келиши керак.

 

Электрон қурилмаларни бошдан узоққа қўйиб ухланг

Смартфонларнинг мияга ёмон таъсири ҳақида ярим афсона, ярим ҳақиқат гаплар юради. Аммо, Ҳарвард университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, уйқу маҳалида электрон қурилма ёки бошқа турдаги ёриткчиларни ёқиб қўйиш мия ва тана учун жуда зарарли.

Изланувчилар хобгоҳимизни ёритиб турган ой нуридан ташқари ҳар қандай ёруғлик саломатлик учун хавфли бўлиши мумкинлигини исботлашган. Чунки бу сохта ёруғлик тананинг биологик соатига таъсир ўтказади ва мириқиб дам олишига тўсқинлик қилади. Айниқса, монитор, дисплей ва қурилмалар қувватини тўлдиришга хизмат қиладиган зарядканинг кўк нури танага икки маротаба кўпроқ зарар етказади. Натижада, диабет, саратон, юрак хуружи ва семизлик каби касалликлар келиб чиқиши мумкин.

Олимлар ётоқхонада ёритгич сифатида хира нур тарқатувчи, қизил нурли чироқлардан фойдаланишни маслаҳат беришади.

Массачусетс Технологиялари институти олимаси Тара Сварт мия ўз тизимларини тозалаши ва ҳордиқ олиши учун одам камида ҳар куни 6-8 соат ухлаши керак бўлишини айтган. Акс ҳолда мияда бета-амилоид нейротоксинининг миқдори ошиб, ақли заифликка сабаб бўлиши мумкин. Уйқу вақтида танамизга тушиб турган турли хилдаги нурлар эса бунга тўсқинлик қилади.

Олимлар мия ҳам қон каби ҳар куни тозаланишга муҳтож эканини билишарди, аммо бу илмий қараш 2013 йилда Рочестер университети қошидаги Нейротиббиёт марказида Мейкен Недергаард томонидан исботланди.

Гап шундаки, одам уйқу жараёнининг энг осуда нуқтасига етганида миядаги "яширин ғор"чалар очилиб, мия ичкарисида суюқлик орқали тозалаш тизими иш бошлайди ва мавжуд моддалар нейротоксин, яъни асаб тизими учун заҳарли моддаларни ювиб ташлайди. Токсинлар умуртқа орқали чиқариб юборилади.

Ҳозирча, қурилмаларни бошга яқин жойда қўйиб ухлашнинг зарари ўз исботини топмаган. Лекин, ҳар эҳтимолга қарши саломатлик учун ўзимизни улардан ҳимоя қилиш мақсадга мувофиқ.

25 ёки 50 ёшдамисиз, бундан қатъиназар юқорида тақдим қилинган машқ ва тавсиялар мия тўқималари пайдо бўлиши, янги асаб йўлларининг ривожланиши, зеҳн ва идрокнинг ошиши, ижобий кайфиятнинг шаклланиши орқали саломатлигингиз учун хизмат қилади.

Юксак тиббий технология, янги тадқиқотлар одамларга асаб ва мия хасталикларидан ҳимояланишга оид яна бошқа қатор тавсияларни беради. Айниқса, бу ҳолатда табиий усулларда, хусусан антиоксидант бўлган мевалар, ёнғоқ, балиқ маҳсулотлари, дуккакли экинлар истеъмол қилиш орқали даволанишнинг самараси юқори.

Мазкур тавсия ва маълумотларнинг барчаси илмий асосга эга ва хорижий оммавий ахборот воситалари, университет ҳамда тадқиқот марказлари веб-сайтларида эълон қилинган.

Доимо соғ-саломат бўлинг!