Биласизми?

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинлари тарихидаги ўз рекордини янгилади

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг навбатдаги медалларини нақд қилди, деб ёзмоқда Халқ сўзи нашри.

Гап шундаки Ўзбекистон терма жамоасининг яна уч нафар курашчиси ярим финалга чиқиб медалларни нақд қилди. -78 кг вазн тоифасида гиламга чиқаётган Кумуш Йўлдошева ярим финалда Хитой Тайпейи вакили Янг Ҳсин Цюни мағлубиятга учратиб финалга йўлланма олган бўлса, -90 кг вазнда бир йўла икки спортчи Яҳё Имомов ва Шермуҳаммад Жандреев ярим финалга чиқиб, камида бронза медалларини нақд қилишди.

Бир кун муқаддам бокс бўйича терма жамоамизнинг барча, етти нафар аъзоси ярим финал йўлланмасини қўлга киритиб, камида бронза медалларини нақд қилишганди. Бугунги учта медаль билан бу ҳали расмийлаштирилмаган нақд медаллар сони 10 тага етди. Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси расмий ҳисоб-китоблар бўйича 49 та медални қўлга киритганди. Унга нақд бўлиб турган 10 та медални қўшадиган бўлсак, жами медалларимиз сони энг камида 59 та бўлиши аниқ бўлди.

Айнан мана шу натижа Ўзбекистон спорт делегациясининг барча даврларда энг кўп медаль қўлга киритган Осиё ўйинлари сифатида тарихга кирадиган бўлди. Шу кунгача Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларида энг кўп медални 2010 йили Гуангжоуда бўлиб ўтган ўйинларда қўлга киритганди — 56 та медаль (11 олтин, 22 кумуш, 23 бронза).

Олтин медаллар сони бўйича рекорд 2002 йили Пусанда ўтган Осиё ўйинларида қўлга киритилган. Унда Ўзбекистон делегацияси 15 та олтин медални ўзиники қилиб олганди.