Миллий олимпия қўмитаси биносида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубоги - 2019 да майдонга кийиб тушадиган янги либоси тақдимоти бўлиб ўтди. Миллий терма жамоанинг янги формалари Германиянинг Jako компанияси томонидан тайёрланган.
ЎФА Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифов маълум қилишича, компания миллий терма жамоа аъзоларига 116 хил либос ва аксессуарлар бепул тақдим қилса, қолган терма жамоаларга 50 фоизли чегирма асосида формалар етказиб берилади.
Етказиб берилаётган либослар ичида ҳар қандай об-ҳаво шароитида машғулот ўтказиш ва майдонда ҳаракат қилишга мўлжалланган либос ва аксессуарлар мавжуд.
Jako компанияси билан 3 йиллик шартнома имзоланган бўлиб, миллий терма жамоа Жаҳон чемпионати саралашида муваффақиятли қатнашса, шартнома муддати узайтирилади ва шартлари қайта кўриб чиқилади, - дея ўз фикрларини билдириб ўтди Олим Арифов.