Оила

Ёшликдаги муҳаббат – оилавий бахт сири (эркак ҳаётига оид энг узоқ тадқиқот, II қисм)

Мақоланинг I қисмида хабар берганимиздек, эркаклар ҳаёти узоқ ўрганилганГрант тадқиқот лойиҳаси 1938 йилда Ҳарвард тиббиёт мактабининг бир гуруҳ тадқиқотчилари томонидан бошланган ва у ҳозир ҳам давом этмоқда. Унда университетнинг 1939-1944 йилларда таҳсил олган 268 нафар иккинчи босқич талабалари иштирок этганлар.

Грант тадқиқот лойиҳаси доирасида болаликнинг саломатлик, бахтиёрлик, муваффақиятга кучли таъсири ўрганилганида шундай хулосага келинди: модомики бола содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хулоса чиқариб борар экан, унинг ҳаётга мослашувчанлигида ижтимоий аҳвол, нобоп ота-она, жисмоний ожизликнинг яхши ёки ёмон таъсири кузатилмайди. Болалигида жуда кўп кўнгилсизликларга дучор бўлган боланинг ҳолатини ўша вақтдаги ижобий воқеалар яхши томонга ўзгартирар экан. Мисол, отасиз бўлса-да, бола онаси, ака-укаларини меҳрига тўяди, совуққон ота-онаси бўлса-да, меҳрибон бобо-бувисининг эътиборидан қувват олади.

456 нафар бостонлик ёшлар танлаб олиниб, уларнинг ҳаёти ўрганилганида камбағал оилада, етарли муаммолар гирдобида улғайган, отасининг оила фаровонлиги йўлида қилган қаттиқ меҳнатига гувоҳ ва онасининг ғамхўрлиги ва меҳри билан ўсган фарзанднинг кун келиб юқори ижтимоий-иқтисодий мавқега эга бўлиши ўз исботини топди. "Гарчи кабағал бўлсак ҳам, ота-онамизнинг жокуярлиги туфайли бола бўлиб, буни ҳис қилган эмасмиз," дейишади кўпчилик шундай фарзандлар.

Ҳатто болалик чоғларида ота-онасидан эрта етим қолиш ҳолатида, гарчи бола қаттиқ тушкунликка тушса ҳам, бу унинг руҳий ва жисмоний саломатлигига, ёрқин келажагига дахл қила олмайди.

Фарзанд ҳаётига онанинг таъсири

Ота ва она фарзанд келажагига таъсир ўтказувчи икки муҳим омиллар. Маълум бўлишича, боланинг онаси билан яхши алоқаларда бўлиши унинг:

- самарали ишлаши;

- ҳаётининг сўнгги йилларигача яхши яшаши;

- мард ва доно бўлиб улғайиши;

- оқ-қорани эрта таниши;

- коллежда яхши ўқиши;

- ўқишда яхши натижалар кўрсатиши;

- 80 ёшда ҳам руҳий саломат бўлишини таъминлар экан.

Онаси билан муносабатлари илиқ бўлмаган фарзандлар кексаликда ўзларини бошқаларга қараганда 3 карра бахтсизроқ ҳис қилар эканлар.

Хулосалар шундай бўлдики, онанинг фарзанди ташаббуси ва ютуқларидан ҳузурланиши, буни эътироф этиши ҳам боланинг истиқболига беқиёс ҳисса қўшар экан. Муносиб ҳаёт ўнкурашида юқори баллни олган омадли эркакларнинг онаси билан бўлиб ўтган суҳбатларда уларнинг "ўғлим жуда жасур", "болажоним мард ва танти" каби мақтовларни кўп ишлатишларига гувоҳ бўлинган. Яъни, ўғлининг қўрқмас-жасур экани билан фахрланган оналар болаларига яхши ҳаётга эришишларига катта ёрдам берган бўладилар.

Фарзанд ҳаётига отанинг таъсири

Тадқиқот хулосаларига кўра, фарзанд учун меҳрибон ва ғамхўр отанинг борлиги унинг:

- соғлом бўлиб вояга етиши;

- саёҳатларда тобланиши;

- ҳазил-мутойиба ва ижобий феъл-атворга эга бўлиши;

- нафақа ёшида ҳам руҳий баланси сақлаши учун хизмат қилар экан.

Она эмас, айнан ота тарбиясида камчиликлар кузатилган умр эгалари турмуш масаласида хатоликлар қилиб, ўзларини бахтсиз ҳис қилар эканлар. Отаси билан яхши алоқада бўлмаган инсонлар ўзларининг пессимист эканликлари, одамлар билан яқин муносабат қуришдан чўчишларини тан олганлар.

Эркак ҳаётида оиланинг ўрни

Эркакнинг ҳаётига нафақат болалик хотиралари, шу билан бирга ўрта ёшлардаги муҳим ўзгариш – турмушнинг ҳам аҳамияти юқори.

Тадқиқотнинг 268 нафар иштирокчилари орасидан касбда юксалиш, ўз ишида ном қозониш, руҳий ва жисмоний саломатлик, чиройли турмуш, садоқатли дўстлик, ўз фарзандларига эътиборли бўлиш, ишдан завқ олиш, муҳаббатни туйиш, бахтиёрликнинг нисбий даражасини ҳис қилиш каби «умр моҳиятининг ўнкураши»га мувофиқ, "энг яхши" деб саралаб олинган 55 нафар киши 30 ёшга кирмасдан уйланган ва улар 85 ёшга кирганларида қайта ўрганилганида фақат 1 нафарининг турмуши ажрим билан якун топгани аниқланган. Ҳаёт ўнкурашида охирги ўринларни банд этган 78 нафар эркакнинг ҳаёти таҳлил қилинганида улардан 37 нафари (45 фоиз)нинг турмушида ажрим ҳолати қайд этилгани аниқланди.

Шунингдек, Бостонга қўшни шаҳарлардан келган 456 нафар шаҳарлик талабалар ҳаёти ўрганилган Glueck Study тадқиқотида шу далил маълум бўлдики, уларнинг ҳар учтасидан 2 нафари ҳеч қачон уйланмаган. Сабаб – ижтимоий муносабатларда нўноқлик, топиш-тутишининг камлиги. Ўнкураш омиллари асосида тузилган рейтингда паст ўринни олган 50 нафар талабанинг 71 фоизи руҳий касал, деб топилган.

Ажрашиб иккинчи турмуш қурган 85 ёшдаги 27 нафар эркаклардан 23 нафари оилавий ҳаётда омадга эришганини қайд этган. Илк никоҳнинг ажрим билан тугаши эркакни оила юкини торта олмасликда айблаш учун асос бўла олмайди.

Аксарият ҳолда, яъни  бу ажримларнинг 57 фоизида бош омил ичкиликбозлик бўлгани аниқланди.

20-70 ёшларида иштирокчиларнинг 18 фоизи оилавий турмушда гоҳ бахтли, гоҳ бахтсиз эканликларини айтишган. Аммо йиллар ўтиб, улар 85 ёшларида қайта сўроқ қилинганларида уларнинг 76 фоизи оилавий турмушларидан розиликларини билдиришган. Кексаликда эр-хотинлар бир-бирларига суяниб, қадрига етиб, ҳаётларининг яхши хотираларини эсга олиб, ёмонликларни унутар эканлар.

Оилавий бахтиёрликнинг сири ҳаммани қизиқтириши табиий. Бахтли жуфтликлар ҳаётлари давомида кўп саёҳат қилишлари, ҳар куни яёв сайр қилиб ўзаро суҳбат қуришлари, ҳазил-мутойиба билан яшашлари, бирор масала юзасидан бир-бирлари билан очиқча фикр алмашишлари маълум бўлди.

Ёшликдаги муҳаббат – оилавий бахт сири

Инсон ҳаёти ва болалиги, турмушининг узвий боғлиқлиги ўрганилганида 30 ёшгача муҳаббатини топган, унга эришган инсонларнинг деярли ҳаммаси бу борада чинакам омадга эришган. Уларнинг оилавий турмуши маънавий-руҳий туйғуларга, романтика ва садоқатга бой бўлган.

Бунинг сабаби – эркак руҳиятининг соғломлиги, туйғулар барқарорлиги, унинг самимийлигига путур кетмагани экан. Натижада бу омиллар эркакнинг аёлга ҳирс билан эмас, хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишини, мустақил қарорлар қабул қилишини, ўзига ишончининг пайдо бўлишини, ижтимоий ва ҳиссий салоҳиятининг ошишини таъминлар экан. Бу борада ошиғи олчи эркаклар касбий ҳаётда ҳам юксак натижаларни қайд этишлари тасдиғини топди.

Болалиги ёмон хотираларга тўла кишилар эса яқин муносабатларни ўрнатишга қийналадилар. Уларда пессимизм ва шубҳа кучли бўлади. Бу каби одамлар ташаббускорликда суст бўлганлари учун муваффақиятли навқиронлик даврини ўтказиб юборадилар. Аммо бир ҳақиқат маълум бўлди – маъюс болалик эгалари ҳам ўз тақдирлари ва ҳаёт йўлларини яхши томонга ўзгартиришга қодир эканлар. Бунинг пойдевори эса муносиб турмуш ўртоқ, мустаҳкам оила, руҳий ҳимоя экан.