Биласизми?

“Ялқовман” деб койинманг

Сиз муҳлат тугамасданоқ электр-газ ва уй-жой солиғини, машинанинг суғуртасини тўлаб қўйиш учун ўзингизга тез-тез сўз берасизми? Зиммангизга юкланган юмушни бажариш ёки машина мойини алмаштиришни орқага сурасизми? Шифокорга “дори ичяпман” деб, асли аллақачон дори ичишни йиғиштириб қўйган пайтингиз бўлганми? Истак ва режаларингизни вақтида амалга оширмасдан ўзингизни дангасаликда айблаганмисиз? Шубҳасиз, айблагансиз. Бу сатрларни ёзаётган муаллиф ҳам мақолани чала ташлаб қўйиб, сўнг давом эттирганлиги учун ўзини ялқовликда айбламоқда.

Бу эринчоқликми ёки…

Инсон дангасаликка мойил жонзот. Ўз-ўзини енгиш, иродани тарбиялаш ҳақида минглаб жилд асарлар ёзилганлигига қарамай “орқагасурарлик” деган одатни енгган кам. “Орқагасурарлик” нима дейсизми? Русчада “прокрастинация”, инглизчада “procrastination” деб аталиб, шошилинч ва муҳим ишларни-да ортга суриб ўзига муаммо яратиш ҳолати руҳиятшуносликда шундай номланади. Прокрастинация дангасаликдан фарқланади, чунки дангаса ҳеч нарса қилишни истамайди, “орқагасурар” эса ишнинг муҳим ва шошилинчлигини тушуниб турса-да, ўз-ўзича баҳона топиб ишни орқага ташлайди.

Қизиғи шундаки, айрим ишларни бажаришга сира ялқовлик қилмаймиз. Лаззатли таомни ейишга, қорни оғриганда ҳожатхонага киришга ёки жинсий алоқага киришишга эринадиган кишини топиб кўринг-чи.

“Бу ишлар ҳисоб эмас”, дея кулиб енгишга уринманг. Нега айрим юмушлар ялқовлигимиздан мустасно бўлиши керак?

Ҳар куни ўнлаб ишларни бажарамиз, бироқ уларнинг кўпи ёдда қолмайди. Бу юмушлар ҳаётимизнинг бир қисмига, кундалик одатимизга айланганлиги туфайли беихтиёр ижро этамиз. Бажарган ишимиз бугун бўлмаса, эрта самара беришига ишонамиз.

Бошқа ишларга эса “орқагасурарлик” одатимиз тўсқинлик қилади.

Нега бир юмушни иштиёқ билан бажариб, иккинчисини орқага сурамиз?

Тасаввур қилинг: сиз авлодини давом эттириши, ўз оламни ривожлантириши учун бир жонзот яратдингиз. Унинг қайси бир хатти-ҳаракатининг оқибати яхши, қайси бириники эса нохуш бўлади. Табиийки, у ўзини яхши тутишини истайсиз ва бунга эришиш учун икки йўл бор.

Биринчидан, хатти-ҳаракати оқибатини башорат этадиган дастурни унинг миясига жойлайсиз. Шу йўл орқали у нима яхшию нима ёмонлигини англайди.

Иккинчи усулида эса яхши хатти-ҳаракат унга ҳузур бахш этишини миясига дастурлаб жойлайсиз.

Бизнинг миямиз ҳам иккинчи усул сингари дастурлаштирилган. Миямизнинг азалий қисмларидан бири лимбик тизим танамизни овқатга йўналтириш, хавфдан ҳимоялаш вазифасини бажаради. Яхши ва тўғри хатти-ҳаракатларимиз танамизга ҳузурбахш таъсир кўрсатиши олдиндан “дастурлаб” қўйилган.

Орқагасурарлик ва эволюция

Ёғли ва ширин маҳсулотларни тановул қилиш ёқади. Чунки бундай озиқбахш маҳсулотлар еган индивид узоқроқ яшаш ва насл қолдириш имкони кўпроқ.

Ялқовликка чек қўйишнинг иложи борми?

Нега ҳануз солиқларни ўз вақтида тўлаш, спорт билан мунтазам шуғулланиш каби ишларни бажаришга эринамиз? Бу юмушлар фойдали-ку.

Чунки бизни ўраб турган муҳит миямиздан тезроқ ўзгармоқда. Нафақа жамғармаси, ўтириб ишлаш тарзи, турли дори-дармонлар нисбатан яқинда пайдо бўлди. Эволюцияга нисбатан олсак, кечагина юзага келди.

Яшаш учун зарурий амални осонгина бажарадиган тоифадаги одамлар табиий танланиш натижасида шаклланиб улгурганича йўқ. Бу хусусиятлар геномга ўрнашиб, авлоддан авлодга узатилиб улгурмади.

Табиий одатларимиз техник тараққиётни қувиб ета олмади. Шундай қилиб, агар сиз муайян ишга эринчоқлик қилсангиз, уни ҳузурбахш машғулотга айлантиришингиз зарурдир. Унинг ёқимсиз жиҳатларини йўқотиш, ёқимли элементлар қўшиш керак. Масалан, спорт билан шуғулланишга эринсангиз, ўзингиз ёқтирган тури билан шуғулланинг. Эрталаб югуришни ҳар гал “душанбадан бошлашга” қарор қилсангиз, мусиқа тинглаганча югуринг.

Зерикарли, аммо муҳим юмушни ёқимли машғулот билан омихталаштириб мақсадга эришиш оқилликдир. Бунда ортиқча куч сарфлаб зўриқмайсиз.

lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди