Ўзининг ичакузди ҳаногомалари билан халқимиз кўнглидан жой олган, ички ишлар вазирлиги ашула ва рақс ансамбли сўз устаси, майор Валижон Шамшиев пенсияга чиқди. Томга чиққанимда ҳаяжонланмаганман, саҳнага чиққанимда ҳаяжонланмаганман, каратэ бўйича беллашувга чиққанимда ҳаяжонланмаганман аммо пенсияга чиққанимда ҳаяжонландим дейди у. У билан бўлган суҳбатимиз одатдагидан бошқачароқ кечди. — Олтита фарзанди бор ота сифатидаги тарбия формулангиз. — Мен ҳар бир фарзандим билан алоҳида алоҳида гаплашишига вақт топаман. Уларга бола ҳеч нарсани тушунмайди деб эмас, балки алоҳида шахс сифатида қарайман. Катта одам билан гаплашгандек гаплашаман, фикрлашаман. Қарабсизки, бу вазиятда бола отасига янаям яқинлашади. Ҳамма фарзандимни сизлаб чақираман. — Қайси одат сизда, фарзандингизда бор ва бобосида ҳам бўлган? — Кутилмаган тезликда ҳаракат қилиш, яна юриш туришимиз ўхшайди. — Қора белбоғ соҳибининг фарзанди ҳам каратэ билан шуғулланадими? — Ўғлим Шамсиддин Азамат Карим каратэ спорт соғломлаштириш марказида устози Хўжамқул Хўжақуловдан спорт сирларини ўрганаяпти. У бундан бир неча йил олдин 9-10 ёшларида каратэ бўйича мусобақада қатнашганди. Унинг фамилияси меникидан бошқа. Ўша вақтда уни менинг ўғлим эканлигини ҳеч ким билмаган. Мен энди шунчаки шуғулланадида деб ундан кўп нарса кутмасдим. Лекин рақибини 40 сонияда мағлуб қилганидан сўнг ундага ҳавас шунчаки эмаслигига амин бўлдим. — Шамсиддинни катта саҳнада ҳам кўрдик. Ҳаракатлари яхши. Демак у келажакда сизнинг йўлингизни танлар экан-да? — У келажакда ҳуқуқшунос бўлмоқчи. Яна ҳаммасини вақт кўрсатади. — Фарзандларингизда фалончиннинг боласиман деган мақтаниш, ғурурланиш борми? — Болаларимга ҳеч қачон кибрли бўлмаларинг, одамлар орасидан ажраб қолмаларинг деб тайинлайман. Ҳамма қаторида бўлинглар деб кўп насиҳат қиламан. Мактабига болаларим ўзлари автобусга ўтириб бориб келишади. Уларни фақат вақтим бўлгандагина машинамда олиб бориб қўйишим мумкин. Зуҳра РЎЗИЕВА суҳбатлашди
Биласизми?