Биласизми?

Uzbek Tigers Бутунжаҳон бокс серияси кейинги босқичига чиқди

Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг VII мавсум «C» гуруҳида иштирок этиб келаётган Ўзбекистоннинг Uzbek Tigers жамоаси гуруҳдаги 6-тур ўйинлари натижаси қандай бўлишидан қатъиназар кейинги босқич масаласини ҳал этди. Kun.uz шу ҳақда ёзмоқда.

Маълумки, Uzbek Tigers жамоаси «C» гуруҳида Astana Arlans, Patriot Boxing Team ва China Dragons жамоалари билан куч синашиб келмоқда. Шу пайтга қадар, ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари Astana Arlans ва China Dragons жамоалари билан меҳмон-мезбон услубида куч синашиб улгурди. Бу баҳслар натижасига кўра, Ўзбекистон боксчилари меҳмонда мағлубиятга учраган бўлса, мезбонда икки жамоадан ҳам реванш ола билди.

Эндиликда, Россиянинг Patriot Boxing Team жамоасини қабул қилган Uzbek Tigers 22 апрелда ушбу жамоа меҳмони бўлади. Айни шу ўйин гуруҳда иккинчи ўринни қайси жамоа эгаллашига ойдинлик киритади. Ўзбекистонликлар мезбонда кўрсатган натижани Россияда ҳам кўрсатиб, ғалаба қозонишнинг уддасидаан чиқишса, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллайди. Агар россияликлар қўли баланд келса, уларнинг ҳисобидаги очколар сони 10тага етади ва Uzbek Tigers 9 очко билан энг яхши натижа билан учинчи ўринни эгаллаган иккита жамоанинг бири сифатида кейинги босқичга чиқади.

Умуман, WSB биринчилигида 12та жамоа ҳар бири 4 жамоадан 3та гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб бормоқда. Ҳозирда, гуруҳ босқичи деярли поёнига етай деб қолди. Фақатгина B гуруҳи А ва С гуруҳидагиларга нисбатан биттадан ўйин кам ўтказган.

Қуйида жамоаларнинг гуруҳлардаги жойлашуви билан танишиб олишингиз мумкин.