Рио-2016 Олимпиадаси қаҳрамонларидан бири 30 ёшли Усейн Болт нафақат сўнгги 100 йилликнинг энг чопағон одами, балки Рио-2016 XXXI Ёзги Олимпиада ўйинларининг "табассум қироли" ҳамдир. Усейн 15 август оқшомида ўтган 100 метрга югуриш мусобақалари жараёнида югуриб туриб австралиялик фотосуратчи -- Камерон Спенсерга туҳфа этган табассуми у финишга ғолиб сифатида, 9.81 секунд ичида етиб келиб улгурмасиданоқ оммалашиб кетди. Унинг табассум ҳолати акс этган сурат шу куни 3-маротаба олган Олимпиада медали билан тушган суратидан ҳам машҳур бўлиб кетди.
Қисқа масофада югуриш бўйича 7 карра Олимпиада, 11 карра жаҳон чемпиони, фаолияти давомида бу йўналишда 8 карра жаҳон рекордини янгилаган спортчининг сирли табассуми ортида хотиржамлик, кайфият ёки рақибларига руҳий зарба бериш мақсади ётибдими, буни ҳеч ким билмайди. У чопаётганда жаҳоннинг бошқа энг кучли чопағонлари ҳам унинг олдида юраётгандек, гўё.
Пешқадам енгил атлетикачининг мусобақалар жараёнидаги ижобий кайфияти бошқа рақибларини ҳам табассумга бошламоқда. 17 август куни ўтган 200 метрга югуриш бўйича мусобақаларнинг ярим финалида Усейн Болт ўзининг рақиби, канадалик Андре Де Грассни ҳам мухлисларга шундай табассум ҳадя этишга мажбур қилди. Финиш сари чопаётган жаҳоннинг энг тез кишиси унинг ўнг томонида югураётган Де Грассга ўзининг оламшумул жилмайиши билан мурожаат қилган ва рақиб ҳам унга худди шу услубда жавоб қайтарган.
Ямайкалик Ҳусейн Болт финишга 19.78 секундда етиб келган бўлса, канадалик спортчи финиш чизиғини ундан 0.02 секунд фарқ билан иккинчи бўлиб босиб ўтди.
Бугун бўлиб ўтиши кутилаётган 200 метрга югуриш бўйича мусобақанинг финалида ҳам Ҳусейн Болтнинг тилларда достон табассумини тарихга муҳрлаш учун юзлаб фотосуратчилар шай туришган бўлса ажаб эмас.