Биласизми?

Уоррен Баффет: “Бадавлат бўлишимга ҳеч қачон шубҳа қилмаганман”

Машҳур фикрлари:

"Ҳеч қачон бадавлат бўлишимга шубҳа қилмаганман".

“Тўғрисўзлик – жуда қимматли хусусият. Уни ўзини арзон баҳолайдиган одамлардан кутиш фойдасиз”.

"Мен доим кун келиб бадавлат бўлишимга ишонар ва бунга ҳеч қачон шубҳа қилмас эдим".

“Кимдир узоқ йиллар аввал дарахт эккани учун ҳозир кимдир соя-салқинда дам оляпти”.

“Модомики бугун ўзингизга кераксиз нарсани сотиб олган экансиз, кўп ўтмасдан ўзингизга зарур нарсани сотишга мажбур бўласиз”.

“Ҳар қайси тақводорнинг ўз ўтмиши бўлгани каби, ҳар бир гуноҳкорнинг ҳам ўз келажаги бор”.

“Гарчи, энг қиммат костюм-шимларни сотиб олсам ҳам, улар менинг эгнимда арзон бўлиб кўринади”.

“Ўзлари севган ишни қилганлар – жаҳондаги энг муваффақиятли кишиларидир”.

“Ҳар доим ўзингиздан кучли кишилар суҳбатида бўлишга интилинг”.

“Чуқурга тушиб кетган бўлсангиз, қазишдан бошқа иложингиз йўқ”.

Камтарликнинг бетакрор тимсоли

Уоррен Баффет 1930 йилнинг 30 август куни Американинг Небраска штатида туғилган. У 2008 йилда “жаҳонинг энг бой кишиси” номини қўлга киритган. Инвестиция билан шуғулланувчи Berkshire Hathaway компанияси раҳбарининг ҳисобидаги маблағи 70 млрд АҚШ долларидан зиёд.

Баффетни "Омаҳа сеҳргари”, “афсонавий инвестор” ёки "Омаҳа донишманди” деб ҳам атайдилар (Омаҳа-ўзи туғилган жой номи). Уоррен ўзининг фалсафий инвестиция қийматига ишқибозлиги ва ўзининг улкан бойлигига қарамасдан, туғма иқтисодий башорат қила олиш, эртани кўра олиш қобилияти билан ҳам машҳур. Шунингдек, жаноб Баффет кўзга кўринган саховатпешалардан. Унинг фикрича, инсоннинг бахтиёрлигининг 99 %и унинг хайрли ишлари туфайлидир.

Баффет илк таълимни Омаҳадаги Росе Ҳилл бошланғич мактабида олади. 1942 йили унинг отаси АҚШ Конгрессига сайланади ва оила Вашингтонга кўчиб ўтади.

Баффет кичкиналигидаёқ пул жамғаришни бошлаган. У эшикма-эшик юриб сақич, Cоcа-Cоlа ёки ҳафталик журналларни сотиш билан шуғулланган. Бир қанча вақт давомида бобосининг баққоллик дўконида ҳам ишлаган. Юқори синфларда ўқиб юрган кезларида газеталар тарқатиш, гольф коптоклари, маркалар сотиш ва машиналарни тузатиш орқали анча-мунча пул йиғади.

Уоррен 11 ёшидан бошлаб биржа савдоларида иштирок эта бошлаган. Ўшанда у ўзи ва синглиси учун Cities Service акцияларидан 3 дона, ҳар донасини $38,25 доллардан сотиб олади. Кўп ўтмасдан бу акциялар нархи 27 долларга тушиб кетади. Аммо Уорреннинг бахтига нарх яна кўтарилиб, ёш тадбиркор акцияларни 5 доллар қимматроққа сотган. Тўсатдан бу акциялар баҳоси 200 АҚШ долларидан ошиб кетади ва Уоррен шунда инвестор ҳар қандай шароитда ҳам сабрли бўлиши, ваҳимага тушмаслиги, муваффақиятга ишониши кераклиги тўғрисида хулоса ясайди ҳамда бунга бир умр амал қилади.

Универститетда ўқиш давомида бизнесга пул тикади ва отасига қарашли фермани сотиб олиб, ижарачи фермер сифатида фаолият юритади. Коллежни битириш арафасида Баффет $90,000 дан кўп пул тўплаган.

Уоррен Омаҳага қайтгач Дейл Карнеги Жамиятининг нотиқлик курсига олингунга қадар биржа маклери сифатида фаолият юритади. Иш давомида у Омаҳа универститетининг кечки гуруҳида "Инвестиция Асослари” фанидан дарс беришга қарор қилади ва дарс ўтишни бошлайди. Талабаларнинг ўртача ёши унинг ўзининг ёшидан 2 марта катта эди ўшанда. 1954 йили Баффет Бенжамин Граҳам билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади. Унинг бошланғич маоши йилига $12,000 эди.

Уоррен Баффет ҳар доим ўзининг нутқларида бир авлоддан иккинчи авлодга катта миқдордаги маблағнинг мерос бўлиб ўтишини қоралайди. Унинг айтишича, 3та фарзанди унинг бойлигининг фақат жуда кичик қисминигина мерос қилиб оладилар. Баффет "Мен болаларимга ҳеч нима қилмасдан, бекорчи бўлиб ва бемалол яшашларига етадиган эмас, балки ўзлари орзу қилган ишларини амалга оширишларига етадиган даражада мерос қолдираман”, деган.

Уоррен Баффет – камтарликнинг аъло намунасидир. У ҳали ҳам 1958 йилда 31500 долларга сотиб олган Омаха шаҳридаги уйида яшайди. Ҳисобида миллиардлаб доллари бўлишига қарамасдан, Баффет ҳашаматли қасрда яшашда маъно кўрмайди. У ўзининг беш хонали камтарона уйида истиқомат қилаётганидан бахтли.