Саломатлик

Умрингизни ёқиб юборманг! (2 қисм)

Сигарета чекиш Европа мамлакатлари орасида айниқса, Буюк Британияда кенг тарқалган. Оғзидаги трубкани бармоқлари орасида қисиб, жиноий ишлар изига тушган, ақлу заковати билан Англияда машҳур бўлган бадиий қаҳрамон – Шерлок Холмс ҳам тамаки ихлосманди сифатида тасвирланади. Тамаки ёки сигаретанинг халқ севган қаҳрамонларнинг рамзига айланиши маълум маънода оғунинг мамлакат бўйлаб тарқалишига хизмат қилди. Бугунги кунда бу бало ўртача ҳар кун 300, йилига 100 минг нафар британияликнинг бошига етмоқда. Уларнинг деярли 42,800 нафари саратон касаллиги, 30,600 нафари юрак қон-томир хасталиклари, 29,100 нафари тўқималарнинг кенгайиши ва унда ҳаво тўпланиши оқибатида ҳаётдан кўз юмади.

Айни кунга келиб тамаки маҳсулотлари истеъмоли боис юзага келувчи саратон касаллигининг турли хилдаги кўринишлари билан оғриган беморларга тўлиб-тошган Ғарб мамлакатлари “кўринмас ажал”га қарши беаёв курашмоқда. Хусусан, жамоат жойида, ёш болали машинада ёки таъқиқланган бошқа жойларда чеккани учун фуқаролар 500 АҚШ долларигача жарима тўламоқдалар. Уларнинг айби – чеккани эмас. Аслида улар ҳар бир сигарета эвазига 12 дақиқалик умрларидан воз кечаётганликлари боис жазоланмоқдалар.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан ўтказилаётган тадбирлар жаҳон бўйлаб ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Хусусан, тамаки назорати бўйича имзоланган битимдан сўнг ташкилотга аъзо аксарият давлатларда жамоат жойларида чекишни таъқиқлаш ва тамаки ва сигарета чекишни рекламалар орқали тарғибот қилишни чеклашга эришилди. Дўконларда тамаки маҳсулотларини пештахталарда намойишкорона реклама қилинишига чек қўйилди. Бу каби тадбирлар ўзининг самарали натижаларини бермоқда. Агар ўтган асрнинг 80-йилларида Ғарб аҳолисининг 60%и сигарета чеккан бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич кўпчилик мамлакатларда 21 %ни ташкил этмоқда. Айни кунда Европа давлатлари орасида Россия Федерацияси Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан ашаддий “чекувчи” давлатлар қаторига киритилган. Ташкилотнинг маълумотларига кўра, сигарета чекувчилар мамлакат аҳолисининг 50%ини ташкил этади. Аҳолини соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш, кашандалар миқдорини қисқартириш билан боғлиқ муаммолар Россия Федерацияси ҳукуматини жиддий ташвишга солмоқда.

Сигарета чекиш – бу шахсий танлов. Инсонлар кашандалик “касали”га асосан тақлид қилиш, нохуш ҳиссиётлардан фориғ бўлиш, асабларини тинчлантириш ва дам олиш, бирор гуруҳдан ажралиб қолмаслик ёки аксинча бошқалардан ажралиб туриш мақсадида йўлиқадилар. Аммо муаммоларни ҳал қилиш ёки диққатни жамлашда сигарета ҳеч қайси муҳим вазифани бажармайди. Аксинча, руҳшуносларнинг олиб борган илмий изланишлари тамаки маҳсулотларини истеъмол қилувчи кишиларнинг бошқаларга нисбатан тезроқ тушкунликка тушишларини, бошқаларга нисбатан асабий эканликларини исботлаган.

Бир неча дақиқалик чекиш бир умрлик азобнинг ибтидосидир. Сигарета таркибида 4000 дан зиёд кимёвий бирикмалар, энг камида 400 турдаги заҳарли унсурлар мавжуд. Бедаво дардлардан бири ҳисобланган саратон касаллиги айнан кашандаларда кўп учраётгани унинг саломатлигимиз учун нақадар хавфли эканини кўрсатади. Бугун юрак хасталиги сабабли ҳаётдан кўз юмаётган ҳар 4 нафар ўсмирнинг учтаси сигарета чекиш оқибатида бу касалликка мубтало бўлган.

Ҳар куни ўртача 10-15 дона сигарета тутатаётган инсонларнинг аксарияти 50 ёшдан сўнг саратон касаллигига чалинмоқдалар. Сигарета ўпканинг чириши, оғиз ва томоқ бўшлиғидаги ҳужайра тўқималарининг ишдан чиқиши, жинсий заифлик, тишларнинг тўкилиши, кўриш қобилиятининг пасайиб кетиши, юрак қон-томир тизимидаги шикастланишлар, туғруқ жараёнидаги қийинчиликлар, ошқозон-ичак касалликлари, қандли диабет хасталигига чалиниш хавфининг ортиши ва бошқа хасталикларнинг “муаллифи”дир.

Ҳаёт муқаддас бўлгани боис, эътиқодимизга кўра инсоннинг ўз жонига суиқасд қилиши оғир гуноҳ ҳисобланади. Бугун кайфиятимизни кўтаргандек, асабимизни тинчлантиргандек туюлган сигарета эвазига ўз жонимизга қасд қиламиз, бир муддат ўтиб даҳшатли дардлар гирдобига тушиб қоламиз.