Оила

Турмуш қуришни нега кечиктирмаслик керак? Турмуш қуриш ёшини биласизми?

Erkak.uz'нинг ўқувчиларидан бири кеч уйланишнинг салбий оқибатлари ҳақида маълумот беришимизни сўраб, таҳририятга мурожаат қилган эди. Биз мазкур мурожаат юзасидан қуйидаги материални тайёрладик. Мақолада келтирилган барча маълумот ва тавсиялар илмий исботланган ва хорижнинг етакчи нашрларида эълон қилинган.

Донишманд Суқрот атрофидаги ёш-яланг йигитларга эркаклар ҳаётига хос билимлардан сўзлар экан, уларга уйланишни 30 ёшдан оширмаслик кераклигини айтади. Ҳар нарсанинг меъёри яхши. Эрта турмуш қанчалар зарарли бўлса, кеч турмуш ҳам шу даражада хавфли.

Бугунга келиб илм ҳам оилавий ришталарни боғлашга кечиккан ёшлар ҳаётда қатор ижтимоий, ҳиссий ва жинсий муаммоларга дуч келишлари мумкинлигини айтмоқда.

Кеч уйланишнинг таъсирларига оид тадқиқот Виржиния университетининг махсус лойиҳаси давомида ўрганиб борилди. Хулоса шундай бўлдики, эркаклар учун турмуш қуриш учун энг маъқул ёш 28 ва аёллар учун турмушга чиқишнинг энг маъқул ёш 26 экан.

Уйланмаган аёл ва эркакларнинг турмуш тарзи ўрганилганида, уларнинг аксарияти ичкиликбозлик иллати ва тушкунлик гирдобига тушиб қолгани, улар ўзларини турмуш қурган жуфтларга қараганда бахтсизроқ ҳис қилиши маълум бўлган.

Уйланмаган, ёши ўтиб бораётган йигитлар ўртасида сўров ўтказилганида, уларнинг 90 фоизи уйланмаслик сабабини иқтисодий мустақил бўлиш режаси билан боғлашган. Яъни, улар уйлангунларига қадар уй-жойли, мустаҳкам иш ва машинали бўлишни исташар экан.

Турмуш қуришни кечиктирган ёлларни оиладан тўсиб қўядиган бош сабаб – карьера ёки касбий юксалиш бўлиб, улар оиладан кўра ишни афзал кўришар экан. Бу каби аёлларнинг оила қурган эркакларга қараганда кўпроқ даромад топиши маълум бўлган.

АҚШда коллежни тамомлаган, иш билан мушғул бўлиб, сўнг 30 ёшда турмушга чиққан аёл 20 ёшида турмушга чиққан аёлга қараганда 15 минг АҚШ доллари кўпроқ маблағ топар экан. Кеч турмуш қурган жуфтликлар даромади ҳам эрта қурилган оиланикига нисбатан 20 минг АҚШ доллари кўп экан. Аммо мустаҳкамлилик ва фаровонлик даражаси, саломатлик ва соғлом турмуш масаласида ўз вақтида қурилган турмушнинг афзал эканлиги маълум бўлади.

IHS Global Insight иқтисодий башоратларни таҳлил қилувчи компанияси 2012 йилда тадқиқот ўтказиб, коллеж ва таълим муассасаларида ўқиш нархининг қимматлашиб бораётгани ҳам ёшларни уйланишга бўлган қарорини кечиктиришларига асосий сабабларидан эканини аниқлаган. Бу каби бўйдоқ ёшларнинг аксари масъулиятдан қочиши, турмуши яхши кечмаслигидан қўрқиши, ажрашиб кетишдан чўчиши маълум бўлган.

Шунингдек, бугун ривожланган давлатларда турмуш қуриб, фарзанд кўришни истамаётган ёш оилалар сони ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, АҚШда ўтказилган сўровда иштирокчилар орасидан 35-44 ёшдаги аёлларнинг 13 фоизида фарзанд ўзларининг хоҳишларига кўра йўқлиги, 30 ёшдаги аёлларнинг эса 40 фоизи бу ёшда фарзанд кўришни истамаслиги маълум бўлган.

Уйланишни кечиктириш оиланинг фарзанд кўриш имкониятини қисқартириб юборади. Яъни, тадқиқотлар 35 ёшдан ўтган аёлларнинг 4 нафаридан бири ҳомиладор бўлиш имкониятидан маҳрум бўлишини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, турмуш тарзи ва эркакнинг ўз саломатлигига бўлган эътиборидан келиб чиқиб, кеч уйланиш эркакда соғлом уруғ ишлаб чиқариш имконининг қисқариши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Оилали инсонларнинг турмуш тарзи ёлғиз, ажрашган одамларникига қараганда тартибли ва чиройли бўлиши бор гап. Оила хуржунининг бўйинга тушишидан қочиш асосан бўйдоқларнинг руҳий ҳолатидаги жараён билан боғлиқ.

Тиббий хулоса ва илмий изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, бўйдоқларда юрак уришининг секинлиги билан боғлиқ касалликлар учраши, уларнинг саратон, инсульт, зотилжам, сил ва жинсий касалликлар билан оғриши кўп кузатилади.

Оилали эркаклар эса бардам-бақувват, руҳан соғлом бўлиб, улардаги руҳий зарбалардан ҳимояланганлик ҳам юқори даражада бўлади.

Бунинг асосий сабаби эса, оилада ҳиссий ва ижтимоий муносабатлар, жуфтларнинг бир-бирларини жисмоний ва маънавий қўллаб-қувватлашлари, соғликларидан кўз-қулоқ бўлиб туришлари экан.

АҚШда ўтказилган “Knot Yet” тадқиқот лойиҳаси натижаларига кўра, 24-26 ёшларида турмуш қурган аёл ва эркаклар ўз турмушларини "жуда бахтиёр" деб ҳисоблашар экан. Бу даврда инсонда руҳий соғломлик ва туйғуларида барқарорлик кузатилади.

Ота-боболаримиз ҳам руҳий соғлом бўлиш, зино йўлига кирмаслик, ҳаётни рисоладагидек тартибга солиш учун ўз вақтида уйланишни тавсия қилишган.