Теба камзули (Teba jacket) ҳақида кўпчилик билмаса керак. Испан эркакларининг Теба камзули— одатий спорт камзули, кардиган (этаги узунроқ камзул тури) ва енгил куртка ўртасидаги либос. Кўйлакларникидек енг, йирмоч (камзул ёни ёки орқасидаги тикилмаган қисм)нинг мавжуд эмаслиги ва ёқасидаги битталик қирра унинг асосий ўзига хослигини таъминлайди. Биламизки, одатий камзулларда ёқанинг кўриниши тишсимон бўлади.
Маълумотларга кўра, бу турдаги камзулнинг келиб чиқиши испан қироли Альфонсо XIII (1886 — 1941) билан боғлиқ. Унга граф Теба ўзгача кўринишдаги камзулни тортиқ қилади. Қирол ов қилишни ёқтиргани боис махсус камзулга буюртма беради. Илк камзул юмшоқ ва чўзилувчан жерси (жун ёки ипакдан тайёрланган мато тури) трикотаж матосидан тайёрланган эди. Матонинг ушбу хусусияти Тебани камзул тайёрлашда кўйлак ва кардиган билан уйғунлаштиришга ундаган бўлса ажаб эмас.
Камзул қиролга маъқул келганидан сўнг 1946 йилда граф испан манифактурасига ўз дўстлари учун яна бир қанча худди шундай камзулларни буюртма қилади. Натижада модел мунтазам равишда тикила бошланади. Унинг оммалашувида граф Тебанинг ҳиссаси беқиёслиги боис камзулга айнан унинг номи қўйилади.
Айтиш жоизки, бугунга келиб камзулнинг шакли бир оз ўзгарган. Жумладан, пастки тугма тепароққа жойлаштирилган. Бугунги кунда Теба камзуллари асосан твид (жун) матосидан тикилади. Астарнинг йўқлиги, юмшоқ елка қисми, кенг енг ва ҳалпиллаганлиги уни кундалик ҳаётда кийиб юришга қулай эканидан далолат беради. Бугунги кунда урфга кирган unstructured jackets – ҳеч қандай қатъий қоидаларга риоя этилмайдиган, услуб бўйича эркин камзулларнинг ёрқин намуналаридан бири. Тўртта тугма, қопқоқли катта чўнтаклар — эркинликка бўлган интилишни янада кучайтиради.
Теба — жуфтсиз камзул. Шу боис уни бошқа рангдаги шим билан бойитиш керак. Бунда контраст — ранглар қарама-қаршилигини тўғри топа билишингиз кийиниш услубингизнинг ўзига хослигини таъминлайди. Шунга яраша кўйлак ва галстукнинг ҳам мосини топиш лозим.
Бундай ҳамоҳангликда шаҳар айланиш ёки ишга қатнаш ҳам мумкин. Бироқ масаланинг яна бир муҳим томони бор. Бундай турдаги камзулни юртимиз дўконларидан топиш мушкул. Яхшиси уни бирор хорижий интернет дўконидан (масалан: lastofengland.co.uk, belycia.com, artumesandco.com ва thearmoury.com) харид қилишингиз ёки моҳир тикувчига аниқ андозасини тушунтириб бера олсангиз, унинг асосида тиктириб олишингиз мумкин.