Ўтган ҳафта Маъмурий жавобгарлик Кодексининг 201-моддаси амалда қўлланилгани гувоҳи бўлдик. 201-модда йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш учун жавобгарлик белгилайди. 17 яшар коллеж ўқувчиси Жасур Иброҳимов вафотига сабаб бўлган кишилар иши бўйича адолатли терговни талаб қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали одамларни шикоят аризасига имзо чекишга чақирган Ирина Шаҳназарова ва Мария Головколар, асосан, айнан шу модда асосида маъмурий жавобгарликка тортилди.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун Тошкент ИИББ Тергов бўлими бошлиғи Дониёр Тошхўжаев Газета.уз саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлигини эслатиб, фаолларга қарши чоралар қонунларга қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилганлигини таъкидлади. Ҳўш, юқорида тилга олинган ҳолат бўйича қонунийлик таъминландими?
Йиғилиш ва намойиш ўтказиш ҳуқуқи нима?
Митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиш ҳуқуқи ҳар бир фуқаролик жамияти ва демократик давлатнинг ажралмас бўлагидир. Мазкур ҳуқуқ кишиларнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий қарашларини ифода этиш учун бир жойга тўпланиб, биргаликда ҳаракат қилиши учун замин яратади. Оммавий тадбирларни ўтказиш ҳуқуқисиз ҳеч қайси демократик жамият соғлом фаолият кўрсата олмайди. Шу сабабли, йиғилиш ва намойиш қилиш эркинлиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган бўлиб, фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини, Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган (33-моддага қаранг).
Йиғилиш ва намойиш ўтказиш ҳуқуқини қандай асосларга кўра чеклаш мумкин?
Конституция йиғилиш ва намойиш ўтказиш ҳуқуқини фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина тўхтатилиши ёки тақиқланиши мумкинлигини белгилайди (33-моддага қаранг). Аммо, амалдаги қонунчиликда қандай ҳаракатлар хавфсизликка раҳна солиши мумкинлиги ҳақида ва буни ким қай тартибда белгилаши тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Бу муаммони Маъмурий жавобгарлик Кодексининг 201-моддасида ҳам кўриш мумкин. Мазкур моддага кўра, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Аммо Маъмурий жавобгарлик Кодекси бундай тадбирларни ўтказиш тартиби нимадан иборат эканини баён этмайди. 201-модда ишора қилаётган «тартибни» Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан ҳам топиб бўлмади. Демак, йиғилиш ёки намойиш ўтказиш тартиби аниқ белгилаб берилмаган экан, 201-модда асосида кишиларни жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
Қонун устуворлигини таъминлашда судяларнинг аҳамияти
Қонун талабларига қатъий риоя этишда Ички Ишлар ходимлари хато-камчиликларга йўл қўйиши мумкин. Аммо иш судга оширилганда қонун моддаларининг қўлланилишидаги хатолар суд назаридан қочмаслиги керак. Афсуски, икки фаол ишида йиғилиш ва намойиш ўтказиш тартиби очиқ-ойдин белгилаб берилмаганлигига қарамасдан, улар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Мазкур ҳолатда 201-модданинг қўлланилиши қонунийлик, одиллик ва айб учун жавобгарлик каби қонунчилигимизнинг устувор принципларини ҳам қўпол равишда бузади. Масалан, қонунийлик принципига кўра, содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфи ва жазога сазоворлиги фақат амалдаги қонунчилик билан белгиланади. Бу дегани, агар Маъмурий жавобгарлик Кодексининг 201-моддаси «тартиб» бузилиши учун жавобгарлик белгиласаю, мазкур тартибнинг ўзи мавжуд бўлмаса, шахс мазкур модда асосида жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Ёки бўлмаса, айб учун жавобгарлик принципига кўра, шахс айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши мумкин. Йиғилиш ва намойиш қилиш тартиби амалдаги қонунчиликда белгиланмагани боис, шахсни мавжуд бўлмаган тартибни бузганликда айблаш ноқонуний ҳисобланади.
Суд ва судялар фаолиятини ислоҳот қилмасдан қонун устуворлигини таъминлаш борасида жиддий муваффақиятга эришиш мумкин эмас. Шу сабабли бир неча ой аввал Президент судлар фаолиятидаги камчилик ва муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилишиўтказди. Олий Мажлис депутатлари эса Ғарб давлатларига озод қиляпти. Бундай муҳим ташаббуслар доирасида Ирина Шаҳназарова ва Мария Головколар ишида кузатилган қўпол қонунбузарликлар ватандошларимизнинг адолатга нисбатан тикланиб келаётган ишончини синдиради. Амалга оширилаётган ислоҳотлар самара бериши учун барча давлат масабдор шахслари амалдаги қонунчиликка қатъий риоя этиши керак. Судлар эса қонунчилик талаблари бирма-бир бажарилаётганлигини синчковлик билан текширишлари шарт.
Миракмал Ниёзматов, ҳуқуқшунос