Мана куз ҳам охирлаб, вилоятларнинг пахта режалари бажарилишига озгина қолди. Яқин ўтмишимизга қайтиб тасвирлайдиган бўлсак, дўппи кийган қориндор ва шопмўйлов раис боболар карнай-сурнайлар садоси остида қўр тўкиб тантанавор мукофотларни оладиган кунлар яқин. Қисқаси, пахта плани тезроқ тўлсин, бу барчанинг дилидаги гап.
Гапни пахтадан бошладик. Гарчи юксак минбарлардан “бизда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Фалон касб эгаларининг пахта териши жиноят. Ундоқ-бундоқ”, деб жарангдор ваъдалар берилишига қарамасдан, ихтиёрий-мажбурий тарзда юзлаб корхона-ташкилотлар хизматчилари пахтага жўнатилди. Шуларнинг қаторида “Ўзбекнефтгаз” холдингига бўйсунувчи геофизика ташкилотининг ишчи-хизматчи ходимлари, мутахассислари катта пахта хирмонига ҳисса қўшди.
Ноябрь тугашига саноқли кунлар қолганига қарамасдан “Ўзбекгеофизика” ишчи-ходимлари ҳар куни Учкўприк, Фурқат туманларининг далаларида кўсак қидириб сарсон. Аслини олганда, пахта терими геофизика раҳбарияти учун ҳам ғирт даҳмаза. Ҳокимият мажлисда “фалонча одам берасан”, деб талаб қўяди. “Фалонча одам” берганда эса бу нефть-газ қидирув ишларининг сифатига таъсир ўтказмай қолмайди. Ахир, мутахассис ва ишчи кучи бўлмаса, иш қаердан юрсин?
Аслида далада терадиган бирор нарса қолгани йўқ, ҳисоб. Буни муаллиф олган расмлардан ҳам кўришингиз мумкин. Давлат ташкилотидан келган теримчини кўрган фермернинг ҳам пешонаси тиришади, чунки тергани бир халта (этак ё қоп ҳам эмас) кўсак, аммо қозон осиб тушлик тайёрлаш шарт. Ўзига қолса, теримчиларни чақирмайди, аммо юқоридан талаб шундай.
Моддий бойлик яратмайдиган касб эгаларини заррача камситмаган ҳолда геофизикларнинг меҳнати маҳсулини баҳолашга ҳаракат қилиб кўрайлик. Бунинг учун геофизиклар томонидан очилган углеводород конларининг ҳажмини билиш етарлидир. Яқинда Андижон вилоятида очилган газ кони бир суткада 600 минг куб метр газ бериш салоҳиятига эга деб баҳоланди. Газнинг 1000 куб метрини давлатимиз 150 доллардан четга сотганда ҳам бир суткалик маҳсулотдан 90 минг доллар даромад олиш мумкин.
Мажбуран пахта даласига чиқарилиб бир кунда 20-30 кг пахта терган кадр давлатимизга қанча фойда келтириши мумкин? Ташкилотда ишлайдиганларнинг барини қўшганда ҳам кунига 90 минг доллар келтирмаслиги аниқ.
(Қайтариб айтаманки, гап фақат моддий бойлик келтирувчи касб эгалари ҳақида эмас. Нафақат, нефтчи, балки йўлсоз, шифокор, банк ходими, ўқитувчи сингари барча касб ходимларининг кузда пахта даласига ҳайдалишига чек қўйилиши зарур, деб биламан).
Ўзбекистонда кундан кун ўзгаришлар бораётган паллада давлат ташкилотлари ходимлари пахта теримига чиқарилишига чек қўйилишидан ва ҳар бир мутахассис ўз соҳасида хизмат қилишидан умид қилиб қоламан.
Ш. Исломов
Фарғона