Олий таълим ҳамда касбга йўналтириш соҳасида дунёнинг йирик компанияларидан бири QS Quacquarelli Symonds томонидан таълим олиш учун қулай ҳисобланган дунёнинг 10 та энг оммабоп шаҳарлари рўйхати шакллантирилди. Олий таълим муассасаларининг топ 10 талигини тузишда компания шаҳарларда талабалар учун мавжуд имконият, эҳтиёж юқори кадрлар тайёрлаш тизими, битирувчиларга талабнинг юқорилиги ва касбий истиқбол каби мезонларга асосланди.
- Сеул, Жанубий Корея
[caption id="attachment_3001" align="alignnone" width="721"] Seul[/caption]
Сеулни билмайдиганлар, ҳеч бўлмаса ундаги ҳашаматли турар-жойлар, хонадонлар жойлашган Кангнам ҳудудини эшитган бўлсалар керак. Боиси ижтимоий видеотармоқларда илк маротаба миллиард маротабадан зиёдроқ кўрилган Корея поп ҳити “Кангнам Стайл” (Кангнамча услуб) айнан шу жой ҳақида. Сеул ўзининг кучли мутахассислари ва университетлари билан ҳам таниқли. Бу ерда малакали кадрларга ҳам талаб юқори. Шунигдек, McDonald’s ресторанининг Сеулдаги бўлинмасининг 24 соат мобайнида ишлаши ҳам кечгача дарс тайёрлаб, оч қолган талабалар учун айни муддао.
- Торонто, Канада
[caption id="attachment_3002" align="alignnone" width="720"] Toronto[/caption]
“Мих қоқсанг ҳам, дипломинг бўлсин” дейдиган канадаликлар ер юзидаги энг пешқадам илм соҳиблари ҳисобланишади. Торонто шаҳри эса ўзига ишонган битирувчиларни бажонидил бағрига олади. Бу шаҳарда Торонто университети, Йорк университети, Торонтодаги Раерсон университетлари жаҳоннинг энг пешқадам 10 та олий таълим даргоҳлари қаторига киради. Шунингдек, Торонто шаҳри халқаро талабаларга мезбонлик қилишда ҳам энг “меҳмоннавоз” шаҳар.
- Монреал, Канада
[caption id="attachment_3003" align="alignnone" width="720"] Monreal[/caption]
Монреалга нисбатан кўпинча унинг остидаги 30 чақиримли ерости тунелини ҳисобга , иккита шаҳардан иборат ҳудуд, деб ҳам таъриф берилади. Шаҳарнинг меъморий тузилиши тамомила талабалар дидига мос. Бу ҳудудда жойлашган театрлар, кинотеатр ва савдо уйлари, барлар ва дам олиш масканлари доимо ёшлар билан тирбанд. Халқаро талабаларга мезбонлик қилишда бу шаҳар ҳам ҳамюрти Торонтодан қолишмайди.
- Токио, Япония
[caption id="attachment_3004" align="alignnone" width="720"] Tokyo[/caption]
13 миллиондан ошиқ аҳолига эга Токио дунёнинг энг аҳоли гавжум шаҳарларидан бири. Гарчи, бу ерда халқаро талабалар сони у қадар юқори бўлмаса-да, шаҳар мутахассисларга энг кўп эҳтиёж сезадиган, касбий истиқболга эришиш имкони юқори жойдир. Шаҳардаги йирик – Токио университети бу маскан ўқиш истагида ҳужжат топширган абитуриентларнинг 70 %ини қабул қилади.
- Бостон, АҚШ
[caption id="attachment_3005" align="alignnone" width="720"] Boston[/caption]
“Мен ҳозиргина Бостондан қайтдим. Агар сен у ерда ўзингни йўқотиб қўймасанг, шу сенинг бу шаҳардаги энг катта ютуғинг бўлади,” деган эди америкалик радиоменлардан бири Фред Аллен дўстига ёзган мактубида. Лекин шаҳарнинг гавжумлигига ишора бу қочирим 1953 йил айтилган. Массачусетс пойтахти бўлмиш Бостон “иш берувчиларга бойлиги” бўйича энг пешқадам шаҳардир ва шу штатда жойлашган Ҳарвард университети, Массачусетс Технология институти жаҳонда энг нуфузли бўлиб, улар битирувчиларига биринчилардан бўлиб қучоқ очадиган имкониятлар марказидир.
- Ҳонг Конг
[caption id="attachment_3006" align="alignnone" width="720"] Hong Kong[/caption]
Ҳонг Конг – дунёнинг аҳолига бой, энг баланд, осмонўпар бинолари жойлашган, шу билан бирга 24 та томошабоғ ва хиёбонлар, ҳаттоки ўз Диснейлендига эга шаҳар. Шунингдек, бу шаҳар талабаларни ўзига чорлаши ва чўнтакбоплиги билан қолган шаҳарлар орасида пешқадамдир. Шу сабабли ҳам, унга “Осиёнинг жаҳоншумул шаҳри” деган ном берилган. Ҳонг Конг университети Осиёнинг энг яхши олий таълим муассасалари учлигидан жой олган.
- Сидней, Австралия
[caption id="attachment_3007" align="alignnone" width="720"] Sidney[/caption]
“Модомики, Париж чироқларга бой равшанлик шаҳри экан, Сидней эса ёрқин мушакбозлик шаҳридир!” деган эди актёр Баз Лурман. Эҳтимол, бу унчалик ҳам тўғри фикр эмасдир. Боиси – Сиднейда фейерверк сотиб олишингиз учун махсус рухсатнома керак. Лекин Сидней абитуриентлар оқимини энг кўп қабул қиладиган, билим олиш, иш топиш имкониятлари юқори бўлган шаҳар.
- Лондон, Англия
[caption id="attachment_3008" align="alignnone" width="720"] London[/caption]
“Лондондан тўйиб кетган одам – ҳаётдан тўйган одам,” деган эди адабиётшунос Самуэл Жонсон XVIII асрда. Лондонда зериккан талаба эса, ҳеч бўлмаса илмий-малакавий битирув ишини ёзишга киришади. Лондон ҳам халқаро талабаларга мезбонлик қилувчи, меҳмондўст шаҳарлар сирасига киради. Билимли битирувчиларга талаб юқори, ўқиш учун қулай Лондонда истиқомат қилиш қиммат бўлгани боис, у мазкур рўйхат биринчилигига даъвогарлик қила олмаяпти.
- Мелбурн, Австралия
[caption id="attachment_3009" align="alignnone" width="720"] Melbourne[/caption]
Олдинги йили рўйхатда “энг яхши бешлик”дан ўрин олган Мелбурн шаҳри жорий йилги рўйхатда 3 поғонага кўтарилди. Бу муваффақиятни шаҳарга илм излаб келган халқаро талабалар оқимининг ошганлиги билан боғлаш мумкин. Австралиянинг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланган Мелбурн иқтидорли талабаларга улкан имкониятларни ваъда қилмоқда.
- Париж, Франция
[caption id="attachment_3010" align="alignnone" width="720"] Paris[/caption]
“Парижда таълим олмоқлик – Парижда туғилмоқлик демакдир,” деган эди адиб Виктор Ҳюго. Париж пешқадам университетлари билан, халқаро талабаларни жалб қилиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш, қулай таълим муҳити ва истиқболли касбий юксалиш мезонлари бўйича бу йилги рўйхатда 1 ўринга муносиб кўрилди.