Биласизми?

Супержосуслардан ўрганмайсизми?

Саргузашт киноларда супержосуслар образи барчамизни экран қаршисига михлайди. Қаҳрамоннинг ҳамиша ғолиб чиқиши, ҳар соҳани мукаммал билиши, чапдаст ва бақувватлигига ҳавас қиламиз.

Ҳаётда ҳам ҳамиша ғолиб чиқиш учун нега улардан ўрганмаймиз? Биз қуйида супержосуслар маҳоратининг қайси қирраларини ўрганишингиз лозимлигига тўхталамиз.

Супержосус чет тилларини сувдай билади

Душманнинг ичига кириб зимдан фаолият юритиш, уни таниб қолмасликлари учун суперқаҳрамон чет тилини пухта билиши шарт. Чет тилини яхши билиш ҳали ҳеч кимга зиён келтирмаган. Нега киноқаҳрамондан ўрнак олмаслик керак? Энг муҳими иштиёқ ва бошлашдир.

Тамоман бегона тилни ўрганмоқчисиз, аммо нимадан бошлашни билмаяпсизми? Яхшиси, бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган қўлланмани олиб ўқинг. Унда ҳаммаси содда расмлар ва оддий сўзлар воситасида тушунтирилган. Шундай қилиб ўрганаётган тилингиздаги энг асосий сўзлар ва жўн қоидаларни билиб оласиз.

Смартфонингизга тил ўргатувчи иловаларни юклаб олинг. Расмлар ва интерактив дастурлар орқали чет тилини тезроқ ўрганасиз.

Машғулотлар бошиданоқ талаффузга астойдил эътибор беринг. Керак бўлса, мултимедиа воситаларидан ёки репетитор хизматидан фойдаланинг. Грамматика ва лексикани мустақил ўрганса бўлади, аммо талаффузни мустақил ўрганиш қийин.

Фақат дарсликлар билан чекланиб қолманг. Хорижликлар чапани муомаласини чет тили дарсларида ўргатишмайди. Агар сафарга бориш режангиз бўлмаса, ажнабий форумларга кириб туринг, ижтимоий тармоқларнинг хорижликлар тўпланадиган саҳифаларида улар билан мулоқот қилишга урининг. Чет тилида ўзингизни қизиқтирган маълумотни ўқишга ҳаракат қилинг. Тагматнли (субтитр) фильмлар ва компьютер ўйинлари ҳам бу борада кўмакчингиз бўла олади.

Ҳар куни камида 10 дақиқа вақтни тил ўрганишга ажратмоғингиз лозим. Энди супержосусни ўрнингизга қўйиб кўринг-чи, темир иродали қаҳрамон машғулотдан эриниши мумкинми? Албатта, йўқ. Машғулотни бошланг.

Супержосус қойиллатиб муштлашади

Супержосус қатнашган фильмлар муштлашиш саҳналарисиз ўтмайди. Унинг хатти-ҳаракатларини кўринг: чаққон, бақувват, чайир ва қўрқмас. Карате, қўл жанги, бокс, дзюдо ва таэквондо усулларини билан уруша олади. Аммо бу жанг услубларининг қайси бири сизга тўғри келади?

Иштиёқингизга қаранг. Балки, суперқаҳрамон каби енгил ҳаракатланишни истарсиз? Эҳтимол, мусобақада зафар қучиб совринни кўтариб туришни хоҳлайсиз. Балки, умуман жанговар спорт сизни қизиқтирмас, унинг ўрнига мушакларингизни шишириш билан шуғулланмоқчидирсиз? Ёки қоронғу кўчада дадил одимлаб, учраган йўлтўсарга муносиб жавоб бера оладиган суперменга айланмоқчимисиз?

Қадди-қоматингизни ҳисобга олинг. Нозик, енгил гавдангиз билан бокс ва курашга борманг. Сизга ушу, гимнастика ва карате мосроқдир. Йирик гавдали кишилар эса таэквондо каби зарбли курашиш усули билан шуғулланганлари маъқул.

Ҳамён билан ҳисоблашинг. Айрим спорт тўгараклари нархи баланд. Фақат мураббийга эмас, махсус кийим ва спорт анжомлари учун ҳам маблағ сарфлашга тўғри келади. Сиз шаҳарлараро мусобақа ғолиби бўлмоқчимисиз? Унда сафар, меҳмонхона харажатларини алоҳида ажратиб қўйинг.

Спорт машғулотларига қатнашишни бошлашдан олдин ҳар бирини томоша қилинг. Қайси бирига кўнглингиз чопса, машқни бошласангиз бўлади.

Агар бирор спорт турида омадингиз келмаса, йўналишни ўзгартириб кўринг. Бошқа спорт турида тез муваффақият қозонсангиз, ажаб эмас. Дарвоқе, яна бир гап. Суперқаҳрамон иштирокидаги жангари фильмлар қувиш саҳналарисиз кечмайди. Шундай экан югуриш билан жиддий шуғулланишингиз шарт. Югуриш танани чиниқтириш билан бирга, жанговар спорт турларида ҳам қўл келади. Чопишни бошланг.

Супержосус компьютер даҳоси

Энг хуфёна ташкилотга қарашли энг махфий компьютернинг энг мураккаб дастури паролини суперқаҳрамондан бошқа яна ким саноқли дақиқада бузиб кира оларди?

Албатта, ҳаётда бундай бўлиши қийин. Аммо сизнинг компьютер саводхонлигингиз бошқаларникидан бир поғона юқори бўлиши керак. Шундай қилиб, биринчи пунктда ўрганаётган тилларингиз рўйхатига иккитагина дастурлаш тилини ҳам қўшинг. Йўл-йўлакай компьютернинг икир-чикирларини ҳам ўрганиб боринг.

Компьютердаги муаммоларни ўзингиз ечишни ўрганинг. Аввало, тизимни юклашдан бошланг, тармоқни созланг, турли қурилмалар улашни ўрганинг. Ўзингизга ишончингиз ортгач, аппаратни кавлаштиришингиз мумкин. Устачиликка иштиёқингизни ошириш учун олдингизда бузуқ компьютерингиз эмас, қандайдир махфий тизим турганини тасаввур қилинг. Бу махфий тизимни ёриб кириш – вазифангиздир.

Дастур муаммосини ечишга киришганда ҳамиша бэкап тайёрланг ва муҳим маълумотлардан нусха олиб қўйинг.

Агар компьютер деган матаҳни мутлақо тушунмасангиз, тил ўрганишга қўллаган услубни ишга солинг. Яъни болалар китобчалари мутолаасидан бошланг. Дастурлашни ўрганиш учун ўйинлар бор. Аппаратнинг ичидаги ашқол-дашқолларга қизиқсангиз ишни Arduinoдан бошланг. Ўзбек тилида компьютер илми бўйича маълумот камлиги учун саросимага тушманг. Бунга ижодий ёндашиш учун маълумотни чет тилида қидиринг – йўл-йўлакай тилни ҳам ўрганиб борасиз.

Технологияларни ўрганишнинг ўзига хослиги шундаки, ҳеч қайси қўлланма ва дарслик ўз қўлингиз билан синаб кўрган тажрибачалик дарс бермайди. Компьютер усталарининг форумида тажриба ўтаб, маҳоратингизни оширсангиз бўлади.

Супержосус ҳамма билан тил топиша олади

Суперқаҳрамон оломон ичида кўз очиб юмгунча ғойиб бўлиши мумкин, шу билан бирга кишиларнинг эътиборини ўзига қаратишни ҳам пухта билади. Ахир, бусиз маълумот йиғиб бўлмайди, истарали, дилкаш ва кўркам киши одамлар билан тез тил топишади.

Суҳбатдошни эътироф этишни ўрганинг. Тўғридан тўғри хушомадгўйликка ўтиш керак эмас. Яхшиси, суҳбатни “фалон ашёнинг зўридан танлабсиз, зар қадрига заргар етади деб шуни айтсалар керак”, деб бошласангиз, суҳбатдошингиз бу мавзуда ўз тажрибаси билан ўртоқлашади.

Фақат ўзингизни қизиқтирган мавзуда эмас, уни қизиқтирган мавзуда ҳам сўраб туринг. “Ишлар қалай?” – деган саволнинг узун жавобига ҳам тайёр туринг. Унга дилидагини очиб-сочишга имкон берганингиз сари ишончини қозона борасиз.

Гўёки, у сиздан ақллироқ эканлигини намойиш этувчи вазиятларни яратинг (ким ақлли суперқаҳрамонлиги маълум, аммо бу сир). Атайлаб хатолар содир қилинг ва у сизни тўғрилаб қўйсин. Унинг ҳақлигини эътироф этишдан чарчаманг ва у тўрингизга тушади-қолади.

Ҳаттоки, тана ҳолатингиз кишиларни жалб этишда аҳамиятлидир. Юз қиёфангиз ва тана ҳаракатлари муҳим, албатта. Аммо биринчи ўринда тик қад-қомат ва осойишта чеҳра ўзига ишонганлик аломатидир

Супержосус ҳамиша соғлом

Супержосус ўтда ёнмайди сувда чўкмайди. Қаҳратонда сувдан сузиб ўтади, жазирама чўлдан соғ-саломат чиқади. Туяни учиргудек шамол унга таъсир қилмайди. Қор остида ухлайди, самолёт ғилдирагига илашиб бошқа шаҳарга учади. Жеймс Бонд тумовга чалиниб, жиноятчилар билан ҳисоб-китобни бир кунга кечиктиришини тасаввур қила оласизми? Шварцнеггер қўли оғриб урушмай қўйишини-чи? Сиз жангарилар тўдаси билан яккакураш олиб боришингиз шарт эмас, жазирамада Саҳрои Кабирдан ўтмайсиз, аммо кутилмаган нохушликларга, борингки, шамоллаб қолишга тайёр туришингиз керак.

Танангизни чиниқтиринг. Спортдан ташқари совуқ ҳавога кўникмани шакллантириш керак. Ҳар куни совуқ сувда чўмилиб, сув ҳароратини тобора камайтириб бориш танангизни совуққа қарши тоблайди. Бора-бора музни тешиб чўмилувчилар сафига қўшилишингиз мумкин.

Нега армияда аскар хоҳласа ҳам шамолламайди? Чунки у доим фаол ҳаракатда. Машқлардан ортиб касал бўлишга вақт тополмайди.

Шекспир фикрини бир оз ўзгартирсак, ҳаёт ҳам кинодай гап. Унда суперқаҳрамонга айланишингизда муваффақият тилаймиз

lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди