Биласизми?

Султон Сулаймоннинг ҳарами

1494 йилда Усмонийлар салтанатининг ўнинчи подшоҳи султон Сулаймон I Қонуний таваллуд топган. Туркларнинг машҳур “Муҳташам юз йил” сериали султон Сулаймон ҳаёти асосида суратга олингани сизга маълум. Сериал катта қизиқиш билан кутиб олинди. Аксар томошабинлар фильм лавҳаларини ҳаяжон билан томоша қилган бўлса, фактлардан чекинган жойларига тарихчилар эътироз  билдирди. Сулаймон Қонуний асли қандай шахс бўлганди?

[caption id="attachment_6406" align="aligncenter" width="700"]Франциск I ва султон Сулаймон Франциск I ва султон Сулаймон[/caption]

Сериални аёллар, хусусан, уйда ўтирадиган аёллар иштиёқ билан томоша қилиши кўпчилигимизга аён. “Муҳташам юз йил” сериали ҳам бундан мустасно эмас, у, асосан, хотин-қизлар томоша қилишига мўлжаллаб ишланган. Шунинг учун сюжет чизиғида султон ва ҳарам аҳли орасидаги муносабатлар жойлашади. Усмонийлар сулоласидан Мурод V авлоди Усмон Салоҳиддин фильм воқеаларига эътироз билдиради. “У 46 йил ҳукмронлик қилган. Ҳарбий юришлар чоғи жами 50 минг кмга яқин йўл босган. Бу йўлни “Мерседес”да эмас, от устида босиб ўтган. Бунга узоқ вақт кетади. Шу туфайли султон ҳамиша ҳарамида бўлишининг имкони йўқ”

Аввалбошданоқ, бу сериал тарихий-ҳужжатли фильм эмаслиги маълум эди. Шу сабабли бадиийлаштирилган жойлари кўп учрайди. Сериал маслаҳатчиси бўлмиш тарих фанлари доктори Эрхон Афёнчу “Биз талай манбаларни титкилаб чиқдик. Усмонийлар салтанатига ташриф буюрган Венеция, немис, француз элчиларининг хотираларини ўгирдик. “Муҳташам юз йил”даги воқеалар ва шахслар тарихий манбалардан олинган. Аммо султоннинг шахсий ҳаёти тўғрисида маълумот етишмаганлиги туфайли ўзимиздан қўшишимизга тўғри келди”, деб изоҳлади.

Султон Сулаймонни бежизга Қонуний аташмаган. Россия тарихида Пётр Биринчининг аҳамияти қанчалик бўлса, Туркия тарихида Сулаймон Қонуний шундай роль ўйнайди. Сулаймон кўплаб замонавий ислоҳотлар ўтказган. Унинг бошқарувида салтанат сарҳадлари кенгайган.

[caption id="attachment_6407" align="aligncenter" width="700"]Султон Трансилвания ҳукмдорини қабул қилмоқда. Қадимги миниатюра Султон Трансилвания ҳукмдорини қабул қилмоқда. Қадимги миниатюра[/caption]

Сериалда ўрта аср одатлари юмшатиб акс эттирилган, жамият дунёвийроқ ва мулойимроқ тасвирланган. Тарихий манбаларга кўра Сулаймон қаттиққўл ва шафқатсиз ҳукмдор бўлган. Унинг ғазабидан на қариндошлари ва на аъёнлари қочиб қутулган. Шу билан бирга порахўр ва мансабини суиистеъмол қилган амалдорларни султон аёвсиз жазолаган.

Киноқаҳрамонлар тарихий қиёфаларидан кўра жозибалироқ намоён бўлган. Султон Сулаймоннинг мерос қолган суратларини томоша қилсак, узунчоқ юзли европача қиёфани кўрамиз. Уни Холид Эрганч гавдалантирганидек кўркам юзли деб бўлмайди. Европада Роксолана номи билан машҳур бўлган малика Хуррам Султон ҳақида ҳам шу фикрни келтириш мумкин. Фильмдаги шоҳона либослар Усмонийлар эмас, кўпроқ Европача услубда тикилган. Бундай ёқаси чуқур ўйилган кўйлаклар Сулаймон Қонуний даврига ёт.

Хуррам ва султоннинг яна бир рафиқаси Моҳидаврон орасидаги фитналар фильмда батафсил тасвирлаган. Агар Моҳидавроннинг ўғли Мустафо тахтга ўтирганда Хуррамнинг фарзандларини йўқ қилган бўлар эди. Хуррам бу вазиятда тезкорлик қилади ва Мустафони ўлдириш режасини амалга оширади.

Тарихчилардан яна бири султон ҳарами тарихийликдан йироқлигига эътибор қаратади: “Сериалда Сулаймоннинг канизаклари ва рафиқалари эмин-эркин юриши ҳайратга солади. Ҳарам боғида фақат бичилган қуллар хизмат қилиши мумкин бўлган. Бунинг устига, сериалда султон ҳарами фақатгина ҳукмдорнинг рафиқалари, фарзандлари, канизаклари ва хизматкорлар яшаган даргоҳ эмас, аслзода қизлар тарбия маскани эканлигига урғу берилмаган. Унда тарбиячилар ҳарам аҳлига мусиқа, рақс ва шеъриятдан сабоқ берган. Шунинг учун ҳам кўплаб қизлар султон ҳарамига тушишни орзу қилганига ажабланмаса бўлади.”

kulturologia.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди