"Мен бизнес дунёсида муваффақиятнинг чўққисини забт этдим...
Бошқалар наздида менинг ҳаётим гўёки муносиб умрнинг ёрқин намунасидек. Бахтга қарши, ишдан ташқари мен ўтказган бахтли дақиқалар у қадар ҳам кўп эмас. Охир-оқибат эса, бойлик мен одатланган турмуш тарзининг шунчаки далили ёки натижаси бўлиб чиқди.
Ҳозир, шу ҳолда – касалманд бўлиб шифохона каравотида чўзилганча ўтган умримни ўйлаб, ўзим босиб ўтган йўлга назар ташлаяпман. Ва шуни тушундимки, мен тўплаган мол-дунё, бойлик ҳамда шон-шуҳрат қаршимда савлат тўкиб турган ўлимим олдида ўз қадр-қимматини йўқотди.
Зулматга қараб туриб инсонни яшашга ундайдиган яшил нурларга термуламан, кўча-кўйдан таралаётган техникага тўла шаҳарнинг ғўнғиллаган овозини тинглайман. Шу лаҳзаларда, умрим поёнида Яратганнинг нафаси ва менга тобора яқинлашаётган ўлим исини ҳис қиламан.
Мен бугун шу ҳақиқатни англадимки, умрининг охирига қадар етгулик мол-давлатга эга инсон ўз ҳаётини бойликдан ташқарида бўлган мақсадлар изидан бориб, уларга сарфламоғи лозим экан.
Қолаверса, яна бир муҳим жиҳат шундаки, ёшлик чоғларида эҳтимол ўзаро алоқалар, санъатга ошуфатлик, орзулар ортидан чопиш ўз йўлигадир. Аммо ҳадеб бойлик ортидан бетўхтов қувиш кун келиб инсоннинг қаддини худди меники каби букчайтириб қўяр экан.
Яратган кўнглимиздаги ҳислар, туйғуларни бойлик бизга инъом этиши мумкин бўлган пуч хаёлларни тасаввур қилиш учун эмас, у бизнинг қалбимизга ҳислар уруғини муҳаббатнинг жозибасини ҳис қилишимиз учун қадайди.
Мен умрим бўйи тўплаган давлатимни ўзим билан олиб кета олмайман.
Мен ўзим билан олиб кетишим мумкин бўлган ягона нарса, бу – муҳаббат менга ҳадя қилган гўзал хотиралардир.
Муҳаббат – бу сенга эргашиши, ҳамроҳ ва дўст бўлиши, сенга чинакам куч-қудрат бериши ҳамда йўлларингни ёритиши мумкин бўлган ҳақиқий бойлик экан.
Муҳаббат минглаб чақирим йўл босиб келиши мумкин. Унинг чек-чегараси йўқ. У билан бирга самоларда кез, ерда кез. У сарҳадсиз. Боиси унинг бош манзили юрак ва унинг тақдири сенинг қўлингда.
Дунёдаги энг қиммат каравот кимники? Бойникими? Йўқ. Бу – касалманднинг каравоти ...
Сен кимнидир ҳайдовчиликка ёллашинг, ўзинг учун кимнидир ишлатишинг, унинг орқасидан давлат топишинг мумкин. Бироқ кимнингдир сенинг ўрнинга шифохонага ётишига, сенинг ўрнинга касаллик билан курашишига эриша олмайсан.
Моддий бойликларни топса бўлади, яратса ёки тикласа бўлади. Аммо, бу дунёда йўқолса топилмайдиган моддийлик ҳам бор. Бу – инсон ва унинг ҳаёти.
Касалманд инсон жарроҳлик столида ётар маҳалида у ҳали ўқиб тугатмаган бир китоб борлигини англаб етади. Бу - "Соғлом ҳаёт китоби".
Ҳаётнинг қайси палласида бўлмайлик, биз ҳали ҳаётга тегишли бўламиз ва кунимиз ҳақидаги хулоса дераза пардаси тушгач чиқарилади.
Оилангизга муҳаббат инъом қилинг, турмуш ўртоғингизни асранг, дўстларингизга садоқатли бўлинг.
Ўз соғлигингизга эътиборли бўлинг ва ўзингизга ҳам ғамхўрлик қилинг. Бошқаларни меҳр-муҳаббат билан ҳимоя қилинг.”
Ўлим тўғрисида ...
“Гарчи, бизга ўлимидан сўнг инсон руҳи самога кўтарилади, деб ўргатилган бўлса ҳам, ҳатто осмонда бўлиб қолишни истаган одам ҳам ўлишни хоҳламайди.
Бир йилча авал менга саратон касаллиги ташхиси қўйилган эди.
Ўша куни эрталабки 7:30 да яққол кўриниб турган ошқозон ости ўсимтасининг суратини қабул қилиб олдим. Мен ўша фурсатга қадар ошқозон ўсимтаси ҳақида эшитмаган эканман. Шифокорлар бу деярли даволаб бўлмас касаллик эканини, менинг эса нари борса 3 ойдан 6 ойгача умрим қолганини айтишди.
Шифокорим менга уйга бориб, қолган умримни чала қолган ишларни тартибга келтиришга сарфлашим кераклигини айтди. Бу уларнинг тилида ўлимга тайёрланишим кераклигини англатар экан.
Бу яна шуни билдирар эдики, мен бу хабарни оила аъзоларимга, яқинларимга айтишим учун камида кейинги 10 йил давомида тайёрланишим керак бўларди. Қолаверса, бу янгиликни уларга шундай етказишим лозим эдики, иложи борича бу хабар оила аъзоларимга ёмон таъсир қилмаслиги мақсадга мувофиқ эди.
Мен бу ташхис билан бир кун яшадим. Кечга томон менда муолажа ишлари бошланди – ошқозонимдан бир нечта саратон тўқималарини олиб текширишди. Мен бу пайтда беҳуш ётар эдим.
Ўша ерда бўлган рафиқамнинг айтишича, докторлар ошқозонимдан олинган тўқималарни текширгач, бунақаси уларнинг тажрибасида жуда кам учраши ва бу каби ҳолатда жарроҳлик операцияси зарурлигини таъкидлашган.
Менда жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Мен бир оз ўзимга келдим. Мен ҳеч қачон ўлим билан бунчалик юзма-юз бўлмаган эдим. Умид қиламанки, кейинги 10 йилликда ҳам бундай бўлмайди.
Бу воқеаларни бошидан ўтказган инсон сифатида шуни аниқ айтишим мумкинки, ҳеч ким ўлишни истамайди. Ҳатто осмонда бўлишни истаганлар ҳам!
Лекин ўлим ҳақ – ҳеч ким ундан қочиб қутула олмаган ва шундай ҳам бўлиши ҳам керак. Чунки ўлим ҳаётнинг мунтазам ҳаракатланишининг бош омили. Янгилари пайдо бўлиши учун ҳам, у эскиларини олади. Сиз ҳозир ёшсиз, лекин қачондир қисқа муддатда сиз ҳам қарийсиз.
Бундай сўзларим учун кечирим сўрайман, лекин бу – ҳақиқат.
Сизнинг ҳам Ердаги вақтингиз чегараланган, шу боис уни бировнинг ҳаётида яшашга сарфламанг. Бировларнинг фикрлари билан умр кечирманг. Уларнинг фикрларидан таралаётган шовқинга сизнинг ичингиздаги овозни тўсиб қўйишига йўл қўйманг.
Энг муҳими, юрагингиз ва ички туйғуларингизга эргашишдан қўрқманг. Улар сиз аслида ким бўлишга уринаётганингизни, нимани исташингизни аниқ билишади. Ҳаётда қолган барчаси иккинчи даражалидир!”