Стив Жобс тарихга атоқли ижодкор тадбиркор сифатида ўз номини муҳрлаган инсон. Персонал компьютер, ноутбук ва бошқа ақлли гаджетларга оид салмоқли ғоялар муаллифи. У замонамизнинг энг қимматли Apple корпорациясига асос солган.
Стив Жобс – ахборот технологиялари янгиликларининг қаҳрамони, том маънода технология саноати қиролларидан бири эди. 56 йиллик ҳаёти мобайнида Стив “уддабурон корчалон”, компьютер ва қўл телефонларининг “маҳоратли дизайнер”, “тенгсиз ихтирочи”, “келажак кишиси”, “рақамли инқилоб отаси” каби юксак сифатлар билан эътироф этилди.
Узоқ вақт давом этган ошқозон ости бези саратони касаллигига қарши кураш Стивдаги яратувчанлик ғояларига тўсқинлик қила олмади. “Ҳар тун уйқуга кетиш олдидан яшаган кунимни ўйлаб, қилган бирор фойдали ишимдан кайфиятим чоғ бўлса, менга шунинг ўзи кифоя,” дер эди у.
Бола бошдан
...Ўйинқароқ боладаги яратувчанлик қобилиятини сезган ўқитувчиси – Ҳилл хоним уни тўғри йўналтиришнинг янгича усулини топади. Стив яхши ўқиб, аъло баҳо олганда Ҳилл хоним уни ширинликлар билан сийлайди. Бу рағбат тез орада ўз самарасини бера бошлайди. Стив намунали ўқувчилардан бирига айланади.
1972 йил мактаб гувоҳномасини қўлига олган Стив коллежда ўқиш учун Калифорниядан Орегон штатига йўл олди. Рид коллежи штатдаги энг қиммат таълим даргоҳларидан бири бўлгани боис, ота-онасининг шароитини тўғри тушунган Стив ярим йилдан сўнг ўз хоҳиши билан ўқишдан кетди ва шу ерда бўш ичимлик идишларини йиғиб кун кечира бошлади.
Отаси Паул Жобс механик-қурувчи бўлган. Оилавий гаражда механика ва электроника бўйича отаси берган илк сабоқлар Стивда бу соҳага бўлган қизиқишни янада кучайтирди. Кейинчалик бу гараж Стив Жобс номини дунёга танитган ихтиролар «мезбон»ига айланди.
Жобсларнинг собиқ қўшниси муҳандис Ларри Лэнг билан бўлиб ўтган суҳбатлар Стивдаги техника ва ахборот технологияларига бўлган иқтидорнинг юзага чиқишига туртки бўлди. «Hewlett-Packard» (НР номи билан дунёга машҳур) илмий-тадқиқот клубига қилган ташрифи мобайнида Стив биринчи марта 9100A компьютерини кўрди. Айни шу дамларда у ўзининг собиқ синфдоши Билл Фернандес ва иқтидорли Стивен Возняк билан янги тадқиқотлар устида бош қотиришарди. Бу учовлоннинг компьютер технологиялари соҳасидаги изланишлари тез орада ўзининг самарасини кўрсата бошлади.
Муваффақият пиллапоялари
1974 йили у Калифорниядаги видео ўйин ва компьютер ишлаб чиқариш билан шу Қулланувчи «Atari Inc.» компаниясига техник ходим сифатида қабул қилинди. Компания асосчиси Стив ҳақида фикр билдирар экан “тушуниш қийин, аммо керакли инсон”, дея таърифлаганди. Шу йилнинг ўрталарида Ҳиндистонга уюштирилган саёҳат унинг дунёқарашининг бойишига хизмат қилди. Коллеждаги учрашувлар, қадимий гўшаларга ташриф Стивнинг қалбида янгича олам яратди. Бу унинг нафақат янгича ҳаёт тарзидан, балки янги режаларидан ҳам дарак бериб турарди.
«Atari Inc.» унинг лойиҳаларидан жуда катта даромад кўра бошлайди. Компания шартномада кўрсатилган маблағни тўламагач, Стив у ердан кетади ва эски таниши Возняк билан ҳамкорликда ахборот технологиялари оламида янги “магнатлик”ка асос солади. Телефон тармоғини ривожлантиришга хизмат қилувчи, ҳамкорликда яратилган “blue box” (кўк қути) ускунаси уларнинг илк муваффақияти бўлди.
1982 йили Apple томонидан жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган навбатдаги Macintosh “Time” журналининг “Йил компьютери” деган эътирофига сазовор бўлди. Ахборот алмашинув воситаларининг кундан-кунга қулай ва ихчам турларини яратаётгани, улкан компьютерларни кичкина, аммо кучли механизмларга айлантираётгани учун Стив “ихчамлилик устаси” дея ном қозонди.
1985 йили Президент Рональд Рейган Стив Жобсни Иновацион технологиялар соҳасидаги ишлари учун Миллий Орден билан тақдирлади. Бу рағбат кашфиётчининг кейинги фаолияти учун чинакам пойдевор бўлди. Кун келиб у одамлар учун шундай технологик қулайликларни кашф қилдики, уларсиз инсонлар ўзларини бугунгидек хотиржам ҳис қилмаган бўлар эдилар. Мана шундай кашфиётлардан бири, бунда 100 миллионлаб кишиларнинг яқин ҳамроҳига айланиб улгурган – «iPad» планшет компьютери ҳисобланади.
Стив Жобснинг “Мен ўзим бемалол кўтариб юра олмайдиган, 20 дақиқа ичида фойдаланувчисига ўзи тўғрисида барча нарсани ўргатолмайдиган компьютерга ишонмайман,” деган сўзи кўпчиликни ҳайратлантиргани табиий. Бироқ «Apple» томонидан 2010 йилнинг 3 апрелида қўл телефонига хос операцион тизимда ишлайдиган «iPad» – навбатдаги планшет компьютерининг эълон қилиниши, ҳаттоки, ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларининг ҳам ақлини шошириб қўйди. Унда тасвир ёзиш, суратга олиш, мусиқа тинглаш, интернетдан фойдаланиш каби ўнлаб имкониятлар мужассам эди.
Умр — эртак...
Стив Жобсга ходимлари томонидан “қаттиққўл” лақаби берилган. Офисда у билан бирга лифтга чиқишга ҳадди сиққан ёки бошқа маркадаги минерал сув олиб келган ходимни ишдан бўшатгани “Apple” компаниясидаги қонун-қоидаларнинг нақадар қатъий эканини кўрсатади. Компания ходимлари иш жараёнини нафақат журналистлар, балки ўз турмуш ўртоқларидан ҳам сир тутишган. Шу боис “Apple” уюштирган ҳар бир тақдимот оммавий ахборот воситаларининг қизиқарли ва бетакрор янгиликлари қаторидан ўрин олган. Стив Жобснинг яна бир хусусияти – унинг вегетериан (сабзавот ва меваларни хуш кўрувчи)лиги эди. Унинг меваларни, айниқса, олмани яхши кўриши компания номидан ҳам кўриниб турибди.
Уни қийнаган бедаво касалликнинг азобли хуружига қарамасдан, Стив ҳеч қачон тушкунликка тушмади. “Мен 23 ёшимда бир миллион, 24 ёшимда ўн, 25 ёшимда юз миллион соҳиби эдим. Бироқ бу мен учун аҳамиятсиз бўлган. Боиси ҳеч қачон пул учун ҳаракат қилмаганман. Ҳаётда энг муҳими – ўзингга, юрагинг ва сезгиларингга ишониш учун куч топа олиш. Ҳаётни хафа бўлиб тарк этиш ярамайди,” деб ёзади у.
2011 йил 5 октябр. Шу куни «Apple», «Microsoft», «Walt Disney World» ҳамда «Disneyland» каби йирик компанияларнинг бош идоралари олдида ҳилпираб турган байроқлар туширилди. Чунки шу куни мазкур компанияларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган инсон, “рақамли инқилоб отаси” – Стив Жобс вафот этди.
“Стив Жобснинг ўлими тўғрисида эълон қилар эканмиз, бу оғир жудоликдан биз ҳам чуқур қайғудамиз. Унинг ёрқин истеъдоди, кучли истаги ва ҳадсиз ғайрати турмуш тарзимизнинг юксалишига хизмат қилгувчи беҳисоб янгиликлар манбаи эди. Унинг иқтидори дунёни мисли кўрилмаган даражада яхши томонга ўзгартирди. Стив Жобс ўз муҳаббатини рафиқаси Лорен хоним ва оиласига бағишлади. Биз уларга ва унинг беқиёс истеъдодидан таъсирланган барчага чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.”
Ҳурмат билан, Apple компанияси ходимлари
Умр эртакка ўхшайди: узунлиги билан эмас, мазмуни билан ўлчанади. Бир қараганда у жуда қисқа, лекин қадрланса, ҳузур билан яшаш учун етарли фурсат. Мулоҳаза, билим, меҳнат, хоҳиш ва ирода – бу фазилатлар қўним топган ҳар бир кўнгил борки, ҳаётдаги бурчини, зиммасига юклатилган вазифани ва бу йўлда вақт энг қиммат сармоя эканини, шу билан бирга, дўстликни англаб етади. Мана шу англаш эса инсонлар турмуш тарзининг юксалишига хизмат қилувчи янгиликларнинг туғилишига туртки бўлади.