Биласизми?

Содиқ дўст топиш учун 10 маслаҳат

Дўстона алоқаларнинг ҳаётимизда аҳамияти каттадир. Дўстларимиз даврасини иккинчи оиламизга қиёслашимиз мумкин. Шунинг учун дўст топиш ва ҳамиша муносабатни узмаслик катта аҳамиятга эга.

Дўстона муносабатларда ҳурмат икки томонлама бўлиши керак. Содиқ ва ажралмас дўст топишнинг 10 асосий тамойилини келтирамиз.

Янги таниш билан самимий мулоқотда бўлинг

Эсда тутинг: йўлингизда учраган ҳар бир одам алоҳида оламдир. Унинг  ўзига хослиги сизнинг ўзингизга хослигингиздан ҳеч кам эмас. Шунинг учун янги таниш билан сира юзаки муомалага киришмаслик керак.

Тинглашни ўрганинг

Дўстингиз кўп ҳолларда сизга дардини ёрса, муаммоларини достон қилса, унга сизнинг маслаҳатингиз керак бўлмаслиги мумкин. Дарҳол унга насиҳат қилишга, ҳукм чиқаришга ва уни танқид қилишга тутинманг, балки унга қулоқ солинг. Ким билади дейсиз, балки у тинглашингизни истаётгандир.

Берганингизни оласиз

Ўзингиз дўстингизга бера олмаган нарсани ундан кутманг. Ҳар қандай муносабатлар тенглик асосида қурилади. Ундан эътибор кутяпсизми? Унга эътиборли бўлинг. Ёрдам кутяпсизми? Вазият тақозо этиши билан ёрдамга шошилинг.

Яқинларингизни қўллаб-қувватланг

Зарур пайтда дўстингизга мадад учун айтилган арзимас мақтов ҳам дунёга татигулик натижа беради. Унга сўз орқали мадад бериб қадр-қийматини кўтарасиз.

Перфекционист бўлманг

Хом сут эмган инсонда фазилат ва камчиликлар жамланган. Фақат ўз камчиликларингизни эмас, бошқаларникини ҳам тўғри қабул қилишни ўрганинг. Ахир, бу унинг хулқ-атворининг бир бўлаги, усиз бошқа кишига айланиб қолади.

Ўз ҳолига қўйинг

Қанчалик нохуш туюлмасин, ким биландир чиқиша олмаслигингиз, дунёқарашлар мутаносиб келмаслиги мумкин. Буни тўғри қабул қилмоқ ва муносабатларга нуқта қўймоқ даркор. Усиз ҳаётингиз поёнига етиб қолмайди, балки умр саҳифангизда унинг иштироки тугайди.

Кечириб, йўлда давом этинг

Юракда аламзадалик туйғуси билан яшаш оғир. Улар сизни заҳарламасдан четга улоқтириш лозим. 90 фоиз касалликлар ва касалликни чуқурлаштирувчи сабаблар руҳиятдандир. Бу ҳақда мулоҳаза юритинг, сизга озор етказганларни кечиринг. Энг аввало, ўз саломатлигингиз учун.

Сонига эмас сифатга қаранг

Жуда оддий саволни ўзингизга беринг: энг қадрдон дўстингиз ким? Мингта дўстнинг ҳар бири билан қадрдон бўлишингиз мумкин эмас, аммо бармоқ билан санарли содиқ дўстлар топса бўлади. Улар кимлигини аниқлашингиз қолди.

Унга гапни айлантирманг

Дўстингиз билан мулоқотда самимий бўлинг. Ўз фикрингизни аниқ-равшан баён қилинг. Агар тўпори ва қўполлашаётган бўлсангиз, гап оҳангини бир оз юмшатиш керак, аммо сира алдаманг.

Ўзингизни эсдан чиқарманг

Дўстона алоқанинг энг чигал ва муҳим жиҳатларидан бири ҳам ўзига муносабатдир. Дўст ва яқинларингизни қанчалик ҳурматламанг, ўзингизни ҳурмат қилганчалик ҳурматлай олмайсиз. Шунинг учун, аввало, ўз қадрингизни билинг, шундагина ўзгаларни қадрлай оласиз.

Қуйида эса дўстлик ҳақида латифани ўқинг. Албатта, мақоламизда ундай дўстлар назарда тутилмаган ;)

Икки дўст улфатчилик қилмоқда.

- Қадрдон дўстим! Менинг иккита машинам бўлганда биттасини сенга совға қилардим!

Улфатчилик ярмида.

- О-о, азиз дўстим! Агар иккита уйим бўлганда биттасини сенга тортиқ қилмасам, одам эмасман!

Яна олишибди.

- Менинг қимматли оғайним. Агар иккита...

Шунда шериги:

- Агар иккита телевизоринг бўлганда биттасини менга берармидинг?

- Эҳ, дўстим, биласанку, атиги иккитагина телевизорим бор..

fit4brain.com сайти асосида тайёрланди