Бундан 2 ҳафта олдин сайтимиз ўқувчиларининг талабларига биноан смартфон танлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган деталлар ҳақида маълумот бериб боришни бошлаган эдик. Ўйлаймизки, бундай маълумотлар сизга ҳам ҳамёнбоп, ҳам яхши техник параметрларга эга смартфонни танлашда ёрдам беради. Рукннинг биринчи мақоласи смартфон процессорларига бағишланган эди. Бу галги мавзу эса барчани қизиқтирадиган дисплей матрицалари ҳақида бўлади.
Мавзуни бошлашдан олдин дисплей матрицаси билан экран аниқлик формати орасидаги фарқни яна бир такрорлаб ўтишни лозим билдик. Демак, экран аниқлик формати деганда, муайян экранда мавжуд пикселлар миқдори тушунилади. Бу борада яқин орада сайтимизга батафсил мақола жойлаган эдик. Дисплей матрицаси эса экран аппарат қисмининг айнан қандай технология асосида яратилганини билдиради. Соддароқ қилиб гапирадиган бўлсак, агар экран матрицаси яхши материал ва кучли технологиялардан тайёрланмаса, унда пикселлар кўп жойланган тақдирда ҳам дисплейнинг намойиш сифати кутилганидек юқори бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун смартфон харид қилаётганда унга қайси технологиядаги экран матрицаси ўрнатилганини билиш талаб этилади.
Кенг қўлланиладиган дисплей матрицалари:
LCD – бундай турдаги дисплейлар суюқ кристаллардан ташкил топган бўлиб, орқа тарафдан зарурий ёруғлик билан ёритилади. Натижада экрандаги контент намойиш этилади. LCD технологияси кўп миқдорда энергия сарфламаги боис айни пайтда смартфон ишлаб чиқариш саноатида кенг тарзда қўлланиб келинмоқда. Шу билан бирга, бундай матрицадаги экранларда орқа ёруғлик мавжуд бўлгани сабабли, улар қуёш нурлари остида ҳам яхши кўрсатиш қобилиятига эгадирлар. Бироқ шунга қарамай, LCD технологиясида конраст хусусияти яхши эмас (қора ранг кучли ташқи ёруғлик таъсирида кулранг бўлиб кўриниши мумкин).
LCD технологиясининг TFT ва IPS каби матрицалари жаҳондаги аксарият мобил қурилмаларга ўрнатилади.
TFT – ингичка қопламли транзисторли матрица бўлиб, LCD технологиясининг илғор версияларидан бири ҳисобланади. Бунда ҳар бир пиксель алоҳида тарзда транзисторга уланган бўлади ва мустақил ишлаши билан фарқланади (фаол матрицали технология).
LCD TFT матрица
IPS (In-Plane Switching) – TFT LCD технологиясининг такомиллашган версияси. Мазкур матрицада кристаллар турлича усулда электрлашшади ва кристал йўналиши айланиш хусусиятига эга бўлади. Шунинг учун IPS экранлардаги контент турли бурчаклар остида ҳам сифатли намойиш этилади. Кўриш бурчаги, контраст мутаносиблиги ва ранг кўлами ҳам ёмон эмас. Бундан ташқари, ёрқинлик даражаси бўйича IPS технологияси илғор кўрсаткичларни қайд қилган.
LG G5 экрани IPS LCD технологияси асосида тайёрланган
AMOLED (Active Matrix Organic Light-Emitting Diode) бундай турдаги экран матрицаси фаол органик нур чиқарувчи диодлардан таркиб топади. Бироз мураккаб туюлса-да, аслида ушбу матрица OLED ва TFT технологияларига анча яқин шаклга эга. Орқа томондан ёритиладиган LCD технологиясидан фарқли равишда, OLED дисплейнинг пикселлари алоҳида электрланмагунча доимо нофаол ҳолатда бўлади. Шу туфайли AMOLED дисплейлар LCD экранларга солиштирганда юқори контрастга эга (ранглари табиий палитрага яқин бўлади), бироқ нисбатан кўпроқ энергия сарфлайди. Бундан ташқари, AMOLED экранларни ишлаб чиқариш ҳам бир мунча кўпроқ маблағ талаб этади.
AMOLED экранли Huawei Mate 9 Porsche Design
AMOLED дисплейлар гарчи яхши контраст кўрсаткичи ва янгилаш частотасига эга бўлса-да, пикселлар органик бўлгани сабабли улар LCD экранларга қараганда тезроқ “ўлиши” мумкин. Аммо AMOLED экранлар орқа фон ёруғлигини талаб қилмагани учун (бу ҳам яна бир қатлам аслида) янада юпқа смартфонлар ишлаб чиқариш имкониятини беради.
AMOLED ва Super AMOLED орасида нима фарқ бор?
Super AMOLED технологияси Samsung компанияси томонидан яратилган. Ушбу технология AMOLED‘дан фарқли равишда сенсор қатламини матрицанинг ўзига интеграциялаш орқали унинг қалинлигини қисқартиришга имконият яратади. Шунингдек, унинг AMOLED матрицаларга қараганда қуёш нурлари остида намойиш сифати бир мунча юқори, энергия истеъмоли ҳам камроқ. Одатда, Super AMOLED технологиясида экранлар фақат Samsung томонидан тайёрланган қурилмаларга ўрнатилади.
Super AMOLED экранли Samsung Galaxy S7 edge ва Samsung Galaxy Note 5
Retina
Ушбу термин Apple томонидан яратилган маркетинг атамаси бўлиб, одам кўзининг муайян масофада экрандаги пикселларни пайқамаслиги учун зарурий пикселлар нисбатини билдиради. Аслида эса у ҳам IPS LCD технологиясида тайёрланади. Retina‘даги пикселлар сони экран диагонали ва аниқлик форматига қараб турлича бўлиши мумкин. Apple Retine тушунчасини 3,5 дюймли ва дюймдаги пиксель сиғими 330 бўлган iPhone 4 орқали оммалаштиришга эришди.
IPS LCD дисплейли Apple iPhone 6 ва 6 Plus
Хулоса: қайси экран матрицаси яхши?
Дисплей матрицаларини ўзаро солиштирганда рақамлар ва техник параметрлар, албатта, муҳим. Бироқ смартфондан фойдаланиш вақтида матрицаларнинг бир текисда ишлаши аҳамиятли. Дисплей матрицаларини муҳит ва смартфондан фойдаланиш одатига қараб танлаган маъқул. Ўзбекистон шароитида AMOLED ва Super AMOLED экранли смартфонлардан фойдаланиш катта самара бериши мумкин. Ахир, бизда йил бўйи қуёшли кунлар миқдори бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ, шундай экан кучли ёритилган шароитда ҳам экрандаги контентни сифатли намойиш этадиган экран матрицаларини танлаш мақсадга мувофиқ. Бироқ, бир томодан, уларнинг нархи ҳам юқори бўлишини унутмаслик лозим.
LCD дисплейларда ёрқинликни баланд ҳолатда узоқ вақт ушлаш батарея сарфини оширмайди. Бунга сабаб орқа фондаги нурларнинг фаол бўлишидир. Агар смартфондан ёпиқ бинода ва қоронғи пайтда кўп фойдаланилса, LCD дисплейли смартфонларни харид қилишингиз мумкин. Уларнинг нархи AMOLED экранли моделларга қараганда бир қадар арзонроқ бўлади.