Биласизми?

Сизни "бу қўлимдан келади!" дейишга чоғлайдиган 10 та маслаҳат

Ютуқни орзу қилувчи ва ютуқни қўлга киритаётганлар ўртасидаги ягона фарқ – феъл-атвордир. Ҳаётда муваффақиятли инсонлар феълида "бунга муносибман", "буни қила оламан" деган кайфият юқори бўлади. Мана шу хислат муваффақият учун тўловдир.

Инсон эса ҳаракат қилса, номуносиб феъл-атворини ўзгартириши мумкин. Айтишганидек, ҳар қандай шароитда одамга берилган сўнгги эркинлик – бу хулқ-атвор танлашдир.

Қуйида муносиб феъл-атворга эга бўлиш учун зарур 10 та маслаҳатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

  1. Кучсиз нуқтангизни аниқланг

Қила олишига ишонган одам аввал ўз имкониятини, кучли ва кучсиз жиҳатини аниқлаб олади. Кўпчилик ҳаракат ҳам қилмасдан воз кечиб қўя қолади ва орзусини тушларида кўриб юради. Лидерлар олдиларида турган тўсиқни йўқ қилиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиладилар.

Маҳатма Ганди айтгани каби, ҳаракат доим ҳам бахтиёрлик олиб келмаслиги мумкин. Аммо ҳаракат қилмай туриб бахтли бўла олмаймиз.

  1. Буқани шохидан тутинг

Ишни уддалашига ишонган одам қўрқмас, журъатли бўлади. Улар ечим турган манзилга тиккасига боришади. Улар ақл-заковатлари ва диққатларини жамлаб, қаршиларида турган муаммони ер тишлатадилар. Улар кутиб турмайдилар. Улар ташаббус кўрсатадилар

Унутманг, Ўйларимиз ҳаракатимизда ифода топади. Феъл-атворимиз дунёқарашимизнинг кўзгусидир. Нимани ўйлаганимиз унда намоён бўлади.

  1. Ҳасрат тўла давраларга қўшилманг

Ишнинг киндигини суғуриб олади, деган иборага монанд бўлинг. Бунинг учун танингизда ғайратнинг кони бўлмиш ижобийлик ҳукмрон бўлсин. Ижобий бўлиш учун эса доимо ҳасрат қиладиган, салбий қувватга эга, бекорчи одамлар суҳбатидан йироқ бўлинг.

Унутманг, дард ва шодлик барча ерда ёнма-ён яшайди. Ҳаётнинг 10 фоизи ниманидир содир бўлиши бўлса, 90 фоизи унга нисбатан муносабатимиздан иборат.

  1. Бошқаларни ҳам тушунишга ҳаракат қилинг

“Бировнинг ташвишини унинг оёқ кийимини кийсанг биласан” деган нақл бор. Инсонларга яхшилик қилмасдан туриб, ҳаётда омадли бўлишнинг имкони йўқ. Кимгадир тааллуқли қарор чиқарганда саъй-ҳаракатингизнинг унга таъсирини ҳам инобатга олинг.

Унутманг, буюк адиб Толстой айтгани каби, яхшилик қилганларгина бу ҳаётда бахтиёр яшай оладилар.

  1. Ҳис-туйғуларингизни тарбияланг

Инсон туйғулари нималарни хоҳламайди дейсиз? Ҳар ишни қойилмақом адо қиладиган инсонлар ҳеч қачон ўз ҳисларига кўр-кўрона бўйсунмайдилар. Улар ўз ишларини севадилар. Сабаби муваффақиятлилар ўзларини олға бошлайдиган, йўлларини ёритадиган машъалани қандай ёқишни, ундан куйиб қолмасликни яхши биладилар. Аслида ҳаётда мукофот ақлли, кучли одамга эмас, ўз ҳис-туйғулари билан ҳисоблашадиган, уларни бошқара оладиган инсонга берилади.

Унутманг, ҳислари, яъни ички дунёси бўлмаган одам атрофидагиларнинг қулидир.

  1. Тасаввур чегарасини ҳатлаб ўтинг

"Қила оламан" феълига эга инсонлар тасаввурлари чегарасини ҳатлаб ўта оладилар. Бошқалар уфққача кўриниб турган сарҳадни кўрсалар, улар қуёш уфқ ортини ҳам ёритиб турганини тасаввур қиладилар. Муваффақият эгалари фақатгина ён-атрофидаги одамларнинг фикр-мулоҳазаларига таяниб қолмайдилар.

Унутманг, сиз кашф этмоқчи бўлган барча нарса  аввало тасаввурингизда яралади.

  1. Ташвишни бас қилиб, ҳаракатга ўтинг

Муваффақиятли инсонлар ҳаракатда бўладилар. Улар жисмонан чарчаб, оёқлари ҳолдан тойганида қалблари, онг-шуурлари билан ҳаракатланишни одат қиладилар. Бошқалар иккиланиб, хафа бўлиб судралиб турганида улар табассум ва ишонч билан дадил қадам ташлайдилар.

  1. Оқим билан сузинг

Оқимга қарши сузганнинг тақдири сувда якун топади. Муваффақият қозониш учун кези келганда мослашиш ҳам керак бўлади. Муваффақиятли инсонлар қаршиларидан чиққан тоғларга тирмашсалар, дарёни кема бўлиб қарши оладилар. Улар ёмонига тайёр турадилар, яхшисидан умид қиладилар, бошга тушганини кўрадилар.

  1. Охиригача курашинг

Якунига етмаган ҳаракатдан кўра ҳали бошланмаган орзу яхши. Боиси, ишни якунига етказмаслик инсоннинг ожизлигининг белгиси. Ожизлик эса журъатсизликдан ҳам аянчлироқ. Мағлубиятга берилган муносиб баҳо чала қолган ишни муваффақиятли якунлашга ёрдам беради.

Унутманг, ҳаётдаги ютуқ эришилган муваффақият билан эмас, бой берилган имкониятлар билан ўлчанади.

  1. Шукуҳли онларни тез-тез тасаввур қилинг

Нима учундир астойдил курашар экансиз, унинг натижасини ўйлаб завқ олинг, юрагингиз орзиқиб кетсин.

Муваффақиятдан умидвор бўлиб ҳаракат қилинг, ҳар қандай вазиятга ижобий кайфиятда, ғолиб бўлиб назар солинг, муваффақиятни тез-тез ҳис қилинг. Шунда ижобий натижалардан ҳайратга тушасиз.

Доимо муваффақият сизни эшигингиз остонасида пойлаб турсин!