Биласизми?

Сингапур “отаси” Ли Куан Ю тажрибаси ва ўгитлари (2-қисм)

Барча динларни сиёсатдан нари тутмоқ даркор.

Россияда ҳар йили туғилаётганлардан вафот этаётганлар сони кўпроқ, чунки одамларнинг келажакка ишончи йўқ. Америкаликларни қаранг, улар некбиндирлар, аммо турмушинг оғирлашса, нефт нархи ошиши билан бир муддат яхшиланса, келажакка бошқача кўз билан қарайсан.

Ким руслар буюк миллат сифатида эътиборини йўқотди, деб ҳисобласа, уларнинг космос ва атом соҳасида ишловчи олимлари, гроссмейстерлари, олимпиада чемпионларини эсласин. Коммунистик тизимдан фарқли равишда руслар тарих чиқиндихонасидан жой оладиган одамлар эмас.

Демократия масаласида америкаликлар билан ўртамизда баҳс кечган. Улар, “Қанақасига Сингапур ҳукумати ҳеч ўзгармаслиги мумкин?”-дея сўрашган. Мен уларга “Аммо барча сайловларда мен ютиб чиқаман”,-деб жавоб берганман. Улар, “сизлар ўзгаришингиз шарт, шундагина демократияга эришасиз”, дейишган. Мен уларга “Демократия Американгизда бўлақолсин. Бизни тинч қўйинг”,-дедим.

[caption id="attachment_4097" align="aligncenter" width="600"]Сингапур манзараси Сингапур манзараси[/caption]

Freedom House ва Amnesty International рейтингларида биз рўйхатнинг остидамиз. Бизда ўлим жазоси мавжуд. Агар олий жазони қўлламаганимизда биз дунё наркотик савдосининг маркази бўлардик ва жамиятимиз бўйлаб наркотика кенг тарқалган бўларди.

Хитойдаги режим бошқа эҳтимолий муқобил ҳукуматлардан кўра барқарорроқдир. Келинг, Тяньаньмэнь майдонидаги талабалар ўз ҳукуматларини ташкил этишганида нима бўлишини тасаввур қилайлик. Ўша талабалар Францияга ва Америкага бориб ҳам ҳануз ўзаро тортишишдан бўшамаётибди. Уларнинг бошқаруви остида ҳозирги Хитой қанақа бўларди? Совет Иттифоқидан ҳам баттарроқ бўларди. Хитой – улкан мамлакат, уни кучли марказий ҳокимият бошқариши керак.

Кичик мамлакатлар орасидаги уруш уларнинг ўзини вайрон қилади. Катта мамлакатлар тўқнашса, бутун дунё бир неча марталаб вайрон бўлади.

Мен кўплаб инқирозларни бошдан ўтказдим. Ўнгланишимга нимадир кўмак берган бўлиши керак.

87 ёшга етганингда ўзингни жуда бахтиёр сеза бошлайсан. Тобора қувватим кетаётганлигини ҳис қиляпман ва йилдан йилга ўзгариб бораётганимни кўряпман.

Деярли ҳар куни медитация қиламан. Медитация вақтида энг нозик иш фикрни маймун бананга интилгани сингари чалғитмасдан идрокни жамлаб туришдир.

Энди ресторанларга боролмайман, чунки шунчалик кўп одам мен билан кўришишни хоҳлагани туфайли овқатланолмайман. Агар борадиган бўлсам, хилват ресторанга дўстларим билан астагина сездирмай кираман.

Менинг рафиқам кўп марта оғир бетоб бўлди ва икки йилдан бери каравотга михланган. У тилдан қолган, аммо ҳуши жойида. Ҳар оқшом у билан гаплашаман, у мени тушунади. У ухламасдан мени кутиб ётади. Унга кунни қандай ўтказганимни сўзлаб бераман. У ёқтиришини айтган Шекспирнинг сонетларидан, “Анталогия ва поэзия”дан асарлар ўқиб бераман. Икки йилу тўрт ой ўтди, бу менинг умримнинг бир бўлагига айланди.

Ўзимни йўқотиб қўймаслигим керак. Ҳаёт давом этади. Биз 61 йил умргузаронлик қилдик. Эртами-кечми ҳаммаси поёнига етади. Қайсимиз биринчи кетамиз – билмайман. Унга узоқроқ муддат бирга бўлишимиз учун қўлимдан келганча ҳаракат қилишимни айтдим. У менинг гапимни тушунди.

Хитойларнинг яхши матали бор: “Тобутининг устидан мих қоқилгунича одамни муҳокама қилманг”. Ҳаётим сўнгига етгунча бемаъни хатти-ҳаракатлар қилишга улгураман.

Ҳаётим давомида даҳшатли ишлар қилишимга тўғри келган, одамларни терговсиз қамоққа жўнатганман.

Ҳамма қилган ишларим тўғри, деб айтолмайман, аммо барчаси эзгу мақсадда амалга оширилган.

Агар фаолиятимни сусайтирсам ва ҳордиқ чиқарсам, ўз ҳолатимни тезда йўқотиб қўяман. Менинг ҳаётим – кундалик чорловларга муносабатдир. Агар бирданига ундан воз кечиб, гольф ўйнасам, роман ўқисам ҳамда қуёшнинг ботишини кузатадиган бўлсам, дарров қартайиб қоламан.

Арши аълода рафиқамни учратаманми-йўқми гумон, аммо меҳр-муҳаббатимиз туфайли хокимиз бир жойда бўлишини истаймиз.

Ҳаммаси бўлиб ўтганидан кейин англайсан ва доно бўласан. Буни ҳаёт дейдилар.

Агар биринчи ўрин учун курашмасанг, ўнинчи ўринга ҳам эриша олмайсан.

esquire.ru сайти асосида тайёрланди