2015 йилнинг 23 мартида Сингапурнинг биринчи бош вазири Ли Куан Ю 91 ёшида дунёдан ўтган эди.
Ли Куан Ю 1959 йилдан 1990 йилгача Сингапур давлатининг бош вазири лавозимида ишлади. У Сингапур “иқтисодий мўъжизаси”нинг муаллифи саналади.
“Иқтисодий мўъжиза” феномени XX асрда дунёнинг қатор давлатларида кузатилган. Бу феноменни ЯИМ суръатининг тезлик билан ўсиши белгилайди. Мазкур феноменнинг ўзига хос хусусияти давлат томонидан қатор соҳаларнинг изчил қўллаб-қувватланишидир. Сингапур мисолида олсак, бу кичик давлатда етакчи соҳалар - кемасозлик, электроника саноати ва нефть қазиб олиш айнан шу даврда ривожлантирилди. Ли Куан Юнинг бошқаруви остида Сингапур бутун дунёда юксак мавқега сазовор бўлди.
Қуйидаги ўгитларни Ли Куан Юнинг фуқарони 31 йиллик бошқариш тажрибасидан деб қабул қилинг.
Менга бир неча марталаб тухумлар отишган.
Мен ютуқ ва инқирозларни бошдан кечирдим. 35 ёшимдан бошлаб фақат бу мамлакатни ишлашга қандай қилиб ундаш ҳақида фикр юритдим.
Мен зўр ҳуқуқшунос бўлмоқчи эдим. Британияликлар бошқараётган мамлакатда ҳуқуқшунос бўлиб етишиш учун британ бўлишимга, Британия инглизчасини ўрганишимга тўғри келди; университетларда ва энг яхши ҳуқуқшунослик мактабларида таҳсил олдим.
Агар сингапурликларни инглизча ўрганишга мажбурласам, қаршилик кўрсатишган бўларди. Агар хитой тилини ўрганишга мажбурласам ҳам иш пачаваси чиқарди. Аммо мен инглизча ёки ўз она тилини танлаш ихтиёрини ҳар бир ота-онага қолдирдим. Орадан ўттиз йил ўтди ва инглиз тили Сингапурда етакчи тилга айланди.
Ҳамма инглиз тилини ўрганиши керак, она тили эса иккинчи ўринда.
Гуллаб-яшнашни истасак, фақат ўзимизгагина ишонишимиз лозим.
Очиғини айтадиган бўлсак, кўз ўнгимиздаги Ғарбдан ўрнак олмаганимизда ҳеч қачон олға интилмасдик. Қолоқ иқтисод ва жамиятлигимизча қолар эдик. Аммо Ғарб андазасидан тўла нусха олмоқчи ҳам эмасмиз.
Биз социал давлатга хос бўлган услублардан фойдаланмадик, чунки социалистик бараварлаштириш натижасида улуғ Британия халқи қандай қилиб ўртамиёналикка юз тутганининг гувоҳи бўлдик.
“Бир кишининг бир овозга эга” тизимини ягона тўғри йўл деб ҳисобламайман. Шахсан мен қирқдан ошган ҳар бир оилали эркак икки овозга эга бўлса, ҳаммага фойда, дейман. Чунки у анча ақл-идрок билан болаларини ўйлаб овоз беради. У ўттиз яшар йигитчага қараганда жиддийроқ сайловчи бўлади.
Биз аҳоли жуда зич жойлашган мамлакатдаги осмонўпар биноларда истиқомат қиламиз. Шунинг учун қўшниларимизни ҳурматлашга ўрганишимиз лозим.
Бизнинг бирорта табиий бойлигимиз йўқ, заминнинг стратегик аҳамиятли кичик бўлагида яшовчи одамларимиз бор холос.
Жазонинг муқаррарлиги коррупцияни жиловлаб турувчи биринчи омилдир. Иккинчи омил – бозор даражасига мос келувчи маошдир. Биз энг кўп маош тўланадиган ўн фоиз кишиларнинг даромадига диққатимизни йўналтирганмиз. Модомики, мансабдорларимиз энг кўп ҳақ олмас экан, уларнинг ҳукуматга нима кераги бор?
Ўз дўстларингиздан учтасини панжара ортига ўтқазишдан ишни бошланг. Нима учунлигини сиз ҳам улар ҳам яхши биласизлар.
Биз Playboyни 1960 йиллардаёқ тақиқлаганмиз, у вақтларда бу бошқа дунё ва бошқа мезонлар эди. Тақиқ ҳозир ҳам амалда. Интернет турганда Playboyни ким ҳам сотиб оларди?
Сингапурликлар ўз юртини Дания ёки Янги Зеландия каби рисоладагидек давлат ҳисоблаши менга тинчлик бермайди. Ахир, биз ўта нотинч минтақада яшаймиз. Дания ёки Швецияга ўртамиёна ҳукумат бўлаверади, Сингапурга эса йўқ.
Биргаликда ишлаш учун ўзаро бир-бирини ёқтириш шарт эмас.
Мен ҳеч қачон қоғозда ёзилгани бўйича ўқимайман, ҳамиша тингловчининг кўзига разм соламан. Агар бирорта фикрни идрок этмаганини пайқасам, бошқача усулда такрорлайман. Ленин ҳам бошқа улуғ нотиқлар ҳам шундай қилган бўлиши керак. Улуғ нотиқ эмасман, аммо ўрганмоқдаман.
Яна юз йилдан сўнг Сингапур мавжудлигича қоладими-йўқми айтолмайман. Ҳаммаси давомчиларимнинг фаолиятига боғлиқ.
Сингапурликлар нолиш бўйича чемпионлардир.