Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар иттифоқи ёшлар билан бевосита ишлаши, муаммога жиддий қараш ва ечим топиши кераклигини таъкидлади.
Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табригидан қуйидагилар ўрин олди. - Афсуски, ёшларимиз ҳаётидаги катта-кичик ҳар бир муаммога жиддий қараб, аниқ амалий ечим топиш, ёшлар билан бевосита ишлаш, доимий мулоқот қилиш ўрнига дабдабали тадбирлар ўтказиш, кампаниябозликка берилишдек яроқсиз иш усулидан ҳали ҳам бутунлай қутулганимиз йўқ.
Шу нуқтаи назардан қараганда, биз барчамиз эндигина бир йиллик шаклланиш йўлини босиб ўтган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тезроқ улғайиши, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий тизимида, ёшларимиз ҳаётида ўзининг мустаҳкам ва муносиб ўрнини топишини истаймиз ва бунинг учун зарур амалий ёрдам беришга тайёрмиз.
Балки бугунги қувончли айёмда бундай нохуш ҳолатларни эслаш жоиз эмасдир. Лекин биз ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаб, муаммоларимизни ўзимиз бартараф этмасак, ҳеч ким четдан келиб уларни биз учун ҳал қилиб бермайди.
Ёшларимизнинг ҳаётий муаммоларига янада кўпроқ эътибор қаратиш, уларга мос бўлган замонавий иш ўринларини кўпайтириш, эзгу интилиш ва ташаббуслари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлодимизнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш бундан буён ҳам барча даражадаги давлат идораларининг энг асосий, ҳал қилувчи вазифаси бўлиб қолади.
Ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун Ёшлар тадбиркорлиги ҳудудлари, Тошкент шаҳрида Ёшлар инновацион технопаркини ташкил этиш, шунингдек, Фанлар академиясига қарашли илмий лабораториялар ва марказлар негизида ёш олимларнинг илмий тадқиқотларини йўлга қўйиш каби ишларни сизларнинг фаол иштирокингиз билан яқин келажакда амалга оширамиз.