Президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ аҳолисини ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлаш сифатини яхшилашга кўрсатама берди.
Президентга кўра, қишлоқларда электр энергияси таъминотини яхшилаш чораларини кўриш учун “Ўзсаноатқурилишбанк” бир ҳафта муддатда “Ўзбекэнерго”га имтиёзли шартларда ва узоқ муддатга 100 миллиард сўм қарз бериш масаласини ҳал этиши лозим.
Бундан ташқари бош вазир ўринбосарлари Холмуродов ва Қўчқоровга икки ҳафта ичида қишлоқ аҳолисини ичимлик сув билан таъминлашни яхшилаш учун қанча маблағ талаб этилишини аниқлаш топширилди. Шунингдек, ҳукуматга бу иш учун халқаро молиявий институтлар маблағларини жалб қилиш масаласини ўрганишга ҳам кўрсатма берилди.