Биласизми?

Шаварш Карапетяннинг беш жасорати

Шаварш Карапетянни собиқ Совет Иттифоқида яшаганлар спортчидан ҳам кўра кўплаб инсонларни қутқарган қаҳрамон сифатида танишади.

У 1953 йилда Арманистонда туғилган. Сув остида сузиш бўйича 11 карра жаҳон рекордчиси, 17 марта жаҳон чемпиони, шунингдек, 13 марта Европанинг, 7 марта ССРИнинг чемпиони бўлган. ССРИда хизмат кўрсатган спорт устаси. Аммо бугунги мавзумиз унинг спортдаги фаолияти тўғрисида эмас.

Сув остидаги троллейбус ичидан...

1976 йилнинг 16 сентябрида тонг чоғи Ереванда троллейбус кўтармадан оғиб кетиб, кўлга қулай бошлади. Йўловчилар бахтига сув остида сузиш бўйича чемпион Шаварш Карапетян атрофда эрталабки югуриш машқини бажараётган эди.

Шаварш йўловчиларни қутқариш учун дарҳол лойқа ва совуқ сувга шўнғиди. Ҳарорат 15 градусдан пастроқ. Кўлда саноат чиқиндилари оқиб юрарди. У троллейбусдаги 92 йўловчидан 37тасини сувдан олиб чиқишга муваффақ бўлди. Энг охири сув остида кўзи илғамай тортиб чиққан нарсаси чарм ўриндиқ бўлди. Бунинг учун анчагача ўзини койиб юрган.

Шаваршга бу қаҳрамонлиги қимматга тушди: икки тарафлама зотилжам билан оғриб касалхонага тушди. Бундан ташқари, сув остидаги троллейбус ойнаси танасини тилиб юборгани учун қонига микроб тушган эди.

Шунга қарамасдан Шаварш спортга қайтишга куч топди. 1977 йилда ўн биринчи - охирги жаҳон рекордини ўрнатди. Шу билан спортдаги карьераси якун топди.

Айтишларига кўра, сузувчи чўкаётган троллейбусга дуч келиб қолиши мутлақо тасодиф бўлган – бу вақтда Ганновердаги жаҳон чемпионатида қатнашиши керак эди, аммо қатнашувига тақиқ қўйишгач, акаси Камо ва мураббийси билан эрта тонгда югургани чиққан.

Ҳалокатнинг сабабини тирик қолган йўловчилардан бири айтиб берган. Кўринишидан яқинда қамоқдан чиққан бир шахс ҳайдовчидан кўтарма устида тўхташни талаб қилган. Кескин жавоби учун безори ҳайдовчининг бошига каттакон темир ключ билан туширган. Троллейбус бошқарувини йўқотиб кўлга ағанаган. Расмий версияда эса ҳайдовчи бошқарувни йўқотгач, ғилдирак тўсиққа илиниб троллейбус сувга ағанагани ёзилган.

Жар ёқасидан

Кўлдаги фожеадан икки ярим йил аввал ҳам Шаварш Карапетян Еревандан қайтаётиб автобусдаги йўловчилар жонини сақлаб қолганди. Тепаликка ўрлаётган автобус қандайдир носозлик сабаб тўхтади ва ҳайдовчи моторни ўчирмай тушиб кавлаштиришга тутинди. Автобус ичидаги 30 йўловчи билан пастликка жилиб кетди, йўл охирида тик тоғ дараси бор! Шаварш ҳайдовчи кабинасини ажратиб турган ойнани синдирди ва қўл чўзиб рулни буришга муваффақ бўлди. Суҳбатлардан бирида у, шунчаки ҳайдовчига ҳаммадан яқинроқ ўтириб қолганини, машина ҳайдашни эса ёшлигиданоқ ўрганганини айтиб берди.

Аланга ичида

Бу гал ҳам автобусдаги каби Шаварш ёнаётган даргоҳга барчадан яқинроқ эди.

1985 йилнинг 19 февралида Еревандаги спорт-концерт мажмуасига ўт кетди. Шаварш Карапетян бу пайтда спорт карьерасини тугатиб, заводда инженер бўлиб ишларди. Айни ўша куни башанг костюм ва оқ кўйлакда уйдан чиққан, чунки партия МҚда учрашув ўтказилар эди. У иккиланиб ўтирмасдан ўт ўчирувчиларга ёрдамга шошилди. Ёнаётган иншоот ичкарисига фақат битта ўт ўчирувчи ва Шаварш кира олди. Икковлон ёнғин манбасини ичкаридан ўчиришга муваффақ бўлди. Аланга билан кураш ярим соат давом этди, собиқ сузувчининг эса махсус ҳимоя кийими йўқ эди. У яна шифохонага тушди, бадани куйган, ўпкаси қурумга тўлганди. Кейинчалик, соғайишига сузиш ёрдам берганини сўзлаб берган.

…Яна иккита инсонни ўлимдан сақлаб қолган

Шаварш, аслида, ўсмирлигиданоқ бу “ҳунар”ни бошлаган. 1969 йилда сузиш машғулотидан сўнг 10 метрли сакраш минорасида тобланиб ётарди. Бирдан сув юзида қимирламай юзтубан ётган одамга кўзи тушди. У дарҳол минорадан сакраб кишини сувдан олиб чиқди. Шифокор ўз вақтида етиб келди.

Карапетян шифокор ролини ҳам бажаришига тўғри келган. Квартирадаги қўшнисининг бир фарзанди тутқаноқ туфайли дунёдан ўтган, иккинчисига ҳам шу дард ёпишган эди. Фарзанди тутқаноқ тутган маҳали юраги чидаёлмаган ота беҳуш йиқилган. Саросимадаги она бўлса қўшнисига чопган. “Эшикни даст очганим заҳоти эркак беҳуш ётганига кўзим тушди. Боланинг тили орқага кетиб қолган, нафас ололмасди”, дейди спортчи. Ёғоч қошиқ билан боланинг оғзини йириб очиб тилини олдинга, болани эса ҳаётга қайтара олган.

Не всякий пожарный

Ҳозир Шаварш Карапетяннинг уч фарзанди бор. Оиласи билан Москвада яшайди

urfo.org сайти мақоласи асосида тайёрланди