Мулоҳаза учун мавзу

Шакар емай қўйсангиз нима бўлади?

Ширинтомоқликни никотинга қарамликка қиёслаш мумкин. Ширинликлардан тийилиш осон иш эмас. Шундай қилиб, шакардан воз кечсак нима рўй беради?

Табиат инъомини суиистеъмол қилиб

 

Нейробиологияда егуликларни “табиат инъоми” дейилади. Биз тур сифатида ҳаёт кечиришимиз учун овқатланганимизда, жинсий алоқада, бошқаларга кўмаклашганимизда ҳузур-ҳаловат ҳис этамиз ва бу хатти-ҳаракатни такрорлашни истаймиз.

Мазали торт бўлагидан татиб кўргач, миямизда таассурот қолади ва “Бу торт жуда ширин. Эслаб қол ва яна егин” деб ундайди.

Албатта, ҳамма егуликларни ҳам севиб тановул қилмаймиз. Кўпчилик нордон ва аччиқ егуликдан кўра ширинликни хуш кўради. Бунинг асл сабаби ширин маҳсулотлар организмимизга углевод етказиб беришидир. Тери кийимларга ўралиб юрган аждодларимиз  мева-чева тераётиб содда мулоҳаза юритишган: “нордонми – ҳали пишиб етилмаган”, “аччиқми – эҳтиёт бўл, заҳарли”.

Мева-чевалар ўз йўлига, замон ўтган сари таом, ноз-неъматларимиз ўзгара борди. Бир-икки аср илгари бизнинг ота-боболаримиз обаки, гулқанд, хўрозқанд, роҳатижон, совунак ҳолва, нишолда сингари ширинликларни еб маза қилишган бўлса, ҳозир магазин пештахталаридаги ранг-баранг ширинликларнинг сони бору саноғи йўқ.

Ўн йил олдин олимлар ўртача америкалик кунига 22 чой қошиқ шакар истеъмол қилишини ҳисоблашди. Бу қўшимча 350 калория деганидир. Буюк Британиялик аёллар эса ҳафтасига 238 чой қошиқ шакар еркан. Ҳозирча, бизга тегишли маълумотлар йўқ, аммо кунига 22 чой қошиқ бўлмаса-да, 5-10 чой қошиқни ташкил этиб қолар.

Қанча кўп бўлса...

Юқорида шакарни никотинга қиёсладик. Ҳақиқатан, у истеъмол қиладиган маҳсулотларимизнинг катта қисми таркибида мавжуд бўлиб, сездирмаган ҳолда бизни ўзига “боғлаб” олаётир. Шакар ёпишқоғига ёпишиб бормоқдамиз.

Шакарни мунтазам истеъмол қилиш дофамин гормони давомли ажралиб чиқишига олиб келади ва миянинг лаззат олувчи участкалари қўзғалишни бошлайди. Вақт ўтган сари худди шу таъсир такрорланиши учун организм кўпроқ ширинлик талаб қила бошлайди, чунки ози кифоя қилмайди.

Шакарга қарамликдан тез қутулса бўладими?

Шакардан дарҳол воз кечманг. Яхшиси буни аста-секинлик билан амалга оширинг. Масалан, бугун чойга икки қошиқ шакар солсангиз, эртага биттага туширинг. Бунга организмингиз мослаша боради.

Ширин ичимликлардан нари юринг. Газли сув ва пакетдаги шарбатлар, одатда, чанқовни қолдирмайди, таркибида эса шакар кўп.

Емайман, дея сўз берган шоколадингизни еб қўйсангиз, ўзингизни “жазо”ланг, яъни жисмоний машқ қилинг. Бу ҳам мия фаолиятини яхшилайди.

Умуман, кам ейишга ўтинг. Юқорида айтиб ўтганимиздек, узоқ муддат сақланиши учун умуман ширин бўлмаган маҳсулотларга ҳам шакар қўшилаверади.

Шакарни фруктозага алмаштиринг. Фруктоза – шакарнинг табиий ўринбосари бўлиб, барча мевалар ва сабзавотлар, асал таркибида учрайди. Шунинг учун ёзда ширинликни хоҳласангиз, баҳузур мева-чевалардан тўйгунча енг, қишда эса қуритилган мева ёки асал ҳамроҳингиз бўлсин.

lifehacker.ru мақоласи асосида тайёрланди