Биласизми?

Серияли тадбиркорларнинг беш хусусияти

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш осон юмуш эмас. Муваффақиятли тадбиркор бўлиш эса икки баробар қийиндир, эҳтимол. Қуйида моҳир ва омадли тадбиркор бўлиш учун инсон ўзида қайси хусусиятларни тарбиялаши лозимлиги ҳақида ҳикоя қиламиз.

Марк Престон (Marc Preston)

Моҳир серияли тадбиркор, тўрт компаниянинг эгаси. Сўнгги 20 йил ичида у ўнлаб сердаромад режаларни амалга оширди. Бундан ташқари, дизайндан тортиб дастурлаш соҳасигача бўлган етти хил компания юзага келишига ҳисса қўшди. У муваффақиятли тадбиркорларга хос бўлган беш хусусиятни тизиб чиқди.

Серияли тадбиркор – бу бир турдаги бизнесга асос солиб, ундан фойда кўриб, сўнг бизнесдан чиқиб, сотиб юборадиган ишбилармондир. Бундай тадбиркорлар бир ғоя атрофида уймаланиб қолишмайди, бутунлай янги бизнес-тамойиллар асосида фаолият юритишни афзал кўришади.

Чинакам тадбиркорлар кам учрайди. Чунки улар ҳаётда кўп тўсиқларга учрашади. Тадбиркорликнинг оғир томони ҳам шунда.

Мичиган ва Стенфорд университети ўтказган тадқиқотга кўра, 70 фоиздан ортиқ тадбиркорлар иши ўнгидан келмаганидан сўнг қўлини ювиб қўлтиққа урган. Фақат 30 фоиз тадбиркор тўсиқларга қарамасдан олға интилган ва ўз режаларини амалга оширган. Қуйида серияли тадбиркорларга хос жиҳатларни кўриб чиқамиз.

  1. Вақтни тасарруф этиш

Вақт – олтин. Чунки унинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди, ортга қайтмайди. Бизнесмен бўламан деган киши шу оддий хулосага эргашмасдан иложи йўқ.

 “Вақтингизни қатъий режалаштириб олинг. Хат-хабарларни кўздан кечиришга қанча вақт сарфлайсиз, лойиҳаларда иштирок этишга-чи? Хатни аутсорсга топшириб, лойиҳага бирор ходимингизни юборсангиз бўладими? Доимо ёдда тутинг, серияли тадбиркор муваффақиятли карера қилиши учун вақтни режалаштириш маҳорати бўлиши керак.”

Марк Престон

  1. Ғоялар кўламини ошириш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш.

Серияли тадбиркорнинг муҳим хусусиятларидан бири замонавий бозор шароитида муайян бизнес лойиҳасини йўлга қўйиш ва кенгайтиришдир. Таваккални бўйнига олмаган тадбиркор – тадбиркор эмас. Бизнесда “синса” ўзини тиклашга куч топиб, навбатдаги ғояларини амалга оширишга киришиш хусусияти бўлиши лозим. Серияли тадбиркор ва оддий бизнесменнинг асосий фарқи шунда.

  1. Стратегик муносабатлар ўрнатиш

“Ёлғиз отнинг чанги чиқмас” мақоли айнан бизнесменлар учун деса бўлади. Шу сабабдан серияли тадбиркор атрофига ҳамфикрлар, шериклар ва ёрдамчилар йиғади. Айни вақтда улар орасидаги ўзаро муносабат менторлик ёки уста-шогирдлик мақомида бўлади.

 “Омади чопган тадбиркорлар кичик лойиҳаларга бепул кўмаклашишлари шарт, деб ҳисоблайман. Тўплаган билимингизни баҳам кўриб, кичикларга тўғри йўл кўрсатиб, улар наздида доно ва тажрибали устоз мақомига эришишингиз мумкин. Кимдир катта тадбиркорга айланишида, аввало,  ўз ҳиссанг борлигини ҳис этиш ёқимли туюлади. Серияли тадбиркорнинг ажралмас хусусиятларидан бири - устозлик қилиш.”

Марк Престон

  1. Билимга интилиш

Туғма қизиқувчанлик ва доимо ўқиш-ўрганиш иштиёқи серияли тадбиркорни ўртамиёна раҳбардан ажратиб туради. Серияли тадбиркорда қандайдир ички двигател бўлиб ҳамиша ҳаракатга ундаб туради, олдига саволлар қўйиб, ечишга мажбурлайди, турли ғоялар чиқариб туради.

“Мен нафақат газета ва техник маълумотномалар, балки, бутунлай бошқача адабиётларни ҳам ўқийман ва айнан шу туфайли аввал эътибор бермаган боғлиқликларни пайқашни бошлайман. Қанчалик ғалати эшитилмасин, кўплаб ғояларим тушимда аён бўлган. Ўрнимдан янги режа ва дунёга янгича назар билан уйғонганман. Муҳими – шу руҳий лаҳзани ўтказиб юбормасликдир.”

Марк Престон

  1. Ўз вақтида тўхтата билиш қобилияти.

Қатъиятлилик ва тиришқоқлик серияли тадбиркорларга сут билан кирган. Шунга қарамасдан, ўз мағлубиятини тан олиш ва келажаги йўқ режалардан воз кечиш керак, дейди Престон.

“Масаланинг моҳияти хатоликни тез пайқашдадир... Кўплаб тадбиркорлар ўзини оқламайдиган режа ва лойиҳаларга қаттиқ ёпишиб олишади, натижада куч ва маблағларини совуришади. Ўз вақтида тўхташ муҳим. Иш кўнгилдагидек юришмаяптими –қатъият билан тез ундан воз кечиш керак.”

Марк Престон

Престоннинг серияли тадбиркорлик фалсафасига назар солсак, унинг қизиқарли жиҳатларига гувоҳ бўламиз: у бизнес-лойиҳалар тузишга тамомила қарши. Унинг фикрича, лойиҳа ноқулайликка сабаб бўлади ва ҳақиқий бизнесда кам наф келтиради. “Қўлингиздаги каттакон Талмуд ажойиб китоблиги шубҳасиз, аммо дастлабки қийинчиликлар билан тўқнашганингизда ёрдамлашиши қийин”, дейди у.

lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди