Гарчи, бақалоқ сумочилари билан машҳур бўлса ҳам, японлар жаҳон халқлари орасида семизликдан азият чекиш даражаси бўйича энг паст кўрсатгичга эга. Бу ерда 30 ёшдан ошган аҳолининг 3 фоизи ортиқча вазнга эга. Яқинда эълон қилинган, семизлик даражасини кўрсатувчи харитага мувофиқ, ўзбекларнинг 15 фоизи ортиқча вазнга эга экан. Ривожланган мамлакатларда бу рақам 35 фоизгача етмоқда. Хўш, бугун тобора семириб кетаёган дунёда японларнинг келишганлик сири нимада? Маълумотларга кўра, балиқ, сабзавот ва денгиз маҳсулотлари японларнинг севимли истеъмол маҳсулотлари экан. Қуйида бу халқнинг овқатланиш маданияти ҳақида маълумот берамиз.
Овқат миқдори
Японлар бошқа халқлардан фарқли равишда, овқат маҳали турли-туман овқатлардан бир бўлакдан татиб кўришни хуш кўришади. Бу халқнинг ҳар бир таоми бир тишламли шаклга эга. Мисол учун, суши, кичик сосиска, гуручли коптокчалар, ҳатто сабзавотлар ҳам шундай кўринишга эга. Бу эса истеъмол жараёнида овқатни секин ейиш, унинг таъмини ҳис қилиш имконини беради. Японларнинг таом идишлари ҳам кичкина бўлади. Бенто тарелкалари деган ихчамгина идишда катта-катта кўринган овқат бўлакларини ейиш чоғида одамда кўп таом истеъмол қилгандек тасаввур уйғонади.
Машқ қилиш
Японлар бошқа халқлар каби машқ залларига ошиқишмайди. Улар ведосипед ҳайдаб, оҳиста югуриб, саёҳат қилиб, зиналардан кўтарилиб ва бошқа юмушларни бажариб, чигал ёзадилар, ортиқча калорияни йўқотадилар. Тонгда уйғонгач, японлар керишиб, машқ қиладилар, нафас олиш машқларини бажарадилар, оҳиста машқлар билан танани уйғотадилар. Бу танадаги қон айланаши ва ҳазм жараёнини яхшилайди.
Овқатни пишириш техникаси
Японлар ҳам бошқа кўплаб осиёликлар каби қуюқ-қайлали, ёғли шўрвалар ўрнига енгил бульонларни афзал кўришади. Бу каби таомлар калорияга у қадар бой эмас, аммо соғликка фойда. Балиқ шўрва япон ошхонасининг муҳим таоми. Витаминга бой, шу билан бирга паст калорияли қўзиқорин, ламинария денгиз ўтидан ҳам мунтазам фойдаланилади. Буғда пишириш, паст оловда узоқ қайнатиш, баланд оловда тез қовуриб олиш усулида таом пишириш кенг тарқалган. Японлар соғликка фойдали ёғлардан фойдаланишади.
Бошқа таомлар
Япон халқининг кўпчилигида овқат ейиш тамойили бор. Улар танани аввал унга керак овқат билан тўйдириб, кейин бошқа маҳсулотларга навбат бериш керак деб ҳисоблашишади. Яъни, ўзларига ёққан ҳар нарсани ейишмайди. Мисол учун, сабзавот ва фойдали таомлар аввл истеъмол қилиниб, кейин бошқалари ҳақида ўйлаб кўрилади. Бу эса одамни кўп ейишдан ўзини тийишига хизмат қилади. Таомни таёқчаларда ейиш эса ортиқча вазн йиғмасликнинг яна бир муҳим омили. Улар таомни секин ва обдон чайналишига хизмат қилади. Японлар учун овқатланиш алоҳида маросим мисол: бу жараёнда телевизор кўриш, смартфондан фойдаланиш каби чалғитадиган бошқа ишларга ўрин йўқ.
Тановулни назорат қилиш
Овқатланишнинг японча услубида бу жараённи назорат қила олиш керак. Мисол учун, унга кўра, хўранданинг “энди нима есам экан” деб дастурхонга қараши аслида унинг тўйганлигининг нишонасидир. Шундай маҳалда японлар таом таёқчаларини дастурхонга қўйиб, бир фурсат кутадилар. Шундан сўнг оч ёки тўқ эканликлари тўғрисида бир қарорга келадилар. Японлар кун давомида оч қолсалар енгил тамадди маҳсулотларидан истеъмол қилишади.
Доимо соғ-саломат бўлинг ва бу маълумотни дўстингиз билан улашишни унутманг!