Сафар учун чамадонни тайёрлар экансиз, кўп ҳолатлар — ҳеч нарсани унутмаслик, ҳамма буюмларни сиғдириш, кийимларни ғижим қилмасликка эътибор беришингиз зарур. Барча керакли нарсаларни олиш билан бирга, ортиқча ҳеч нарса олмаслик ҳам керак. Шу ва бошқа муҳим масалаларни мақолада таҳлил қиламиз.
Буюмларингизни чамадонга жойлашдан аввал, барча зарур нарсалар рўйхатини тузиб чиқинг. Ҳатто керакли нарсаларнинг барчасини кўринадиган жойга — диван ёки каравот устига тахлаб чиқинг. Бу сизга ортиқча ёки етишмаётган нарсаларни аниқлаш имконини беради.
Катта ҳажмли кийимларни (пиджак ёки свитер) чамадоннинг таг қисмидан жойлаштирган маъқул. Сочиқ ҳам уларнинг ёнидан жой эгаллайди. Шундан сўнг кўйлак, шим ва юбкаларни жойлаймиз.
Кийимлар ғижим бўлмаслиги учун уларни айлантириб ўраб қўйинг. Муҳими, тўқ рангдаги либосларни оч ранглиларига яқин жойлаштирмаслик. Бунинг учун пакетлардан ёки махсус органайзерлардан фойдаланиш мумкин.
Чамадоннинг энг юқори қисмига энг актуал, манзилга етишингиз билан керак бўладиган буюмларни жойланг.
Оёқ кийимлар учун энг яхши жой — чамадон қопқоғига яқинроқ жойдир. Уларнинг ҳар бирини алоҳида пакетга солинг.
Бўш жойларга пайпоқ, ички кийимлар ёки телефон зарядчиги каби кичик буюмларни қўйиш мумкин, зинҳор косметика воситаларини эмас!
Тасодифан очилиб кетган шампун чамадондаги барча нарсаларни, қолаверса, кайфиятингизни расво қилиши мумкин. Косметика воситаларини пластик пакет ёки махсус қопчага жойлашни тавсия этамиз.
Сафар ёки саёҳатдан қайта туриб, яқинларингизга турли совға ва эсдаликлар олиб келишингиз ҳақида ҳам унутманг. Улар учун ичига кўпроқ нарса сиғдириш мумкин бўлган мато сумка олинг. Уни кичик қилиб тахлаб, чамадонга солиб қўйиш мумкин.
Яхши ҳордиқ ҳамроҳингиз бўлсин!
Манба: Daryo.uz