"Росатом" давлат корпорациясининг "ТВЭЛ" ёнилғи компанияси Ўзбекистон Фанлар академияси ядро физикаси институтида томонидан фойдаланилаётган ВВР-СМ тадқиқот реактори учун ядровий ёнилғини етказиб берди, деб хабар қилди "Росатом" матбуот хизмати.
"Буюртмачига Новосибирск кимё концентратлари заводида ишлаб чиқарилган ИРТ-4М 56 та олтита қувурли иссиқлик ажратувчи йиғилмалар етказиб берилди", — дейилган хабарда.
Бу борада келишув ўтган йилнинг ноябр ойида эришилганди. Ўша вақтда бу реактор учун ёнилғи ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Фанлар академияси ядро физикаси институтида 1959 йилдан бери ВВР-СМ тадқиқот реактори ишламоқда. Реакторни экслуатация қилиш бошлангандан бери Россияда ишлаб чиқарилган ядровий ёнилғи билан таъминланган.
Шунингдек, ўтган йил ноябр ойида "Росатом" ва Ўзбекистон Фанлар академияси ўртасида англашув меморандуми имзоланган. Ҳужжатда мутахассисларни тайёрлаш, ядровий технологияларни амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ бўлган кўплаб йўналишларда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.
Шу май ойи якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Росатом" давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилганди. Учрашувда ўтган йили имзоланган Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганди.
Қўшма дастур ва лойиҳалар доирасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Компаниянинг Ўзбекистондаги бош лойиҳаси Навоий вилоятида иккита замонавий блокдан иборат бўлган ("3+" ВВЭР-1200) атом электростанциясини қурилиши белгилаб олинди. Қурилиш лойиҳаси тахминан 13 миллиард долларга баҳоланиб, улардан 11,3 миллиард доллар маблағ Россия давлат экспорт кредити сифатида тақдим этилди.