Ричард Гир миллионлаб мухлислар нигоҳидаги актёр. Бу истеъдодли санъаткорни ер юзининг ҳар нуқтсида томоша қилишади ва у ортиқча рекламага ҳам муҳтож эмас.
Ричард Гир томонидан яқиндагина Фейсбук тармоғида эълон қилинган фикрлар жамоатчиликнинг кучли туйғуларини жунбишга келтирди. Унинг мазкур ёзувлари юз минглаб инсонлар томонидан қайта улашилган. Аҳамиятли жиҳати, уларнинг кўпчилиги ўзини актёрга мухлис ҳисобламаган фойдаланувчилардир.
Сизга Ричард Гирнинг бу қалб туғёнлари жамланган мактубни ўқишни тавсия қиламиз. Ундаги ҳар бир сўз, фикр самимият билан айтилган, уларда теран маъно зоҳир.
"Дўстларимдан бирининг онаси бутун умр соғлом турмуш тарзига амал қилган. У доимо табиий ва тўғри овқатланиш тарафдори бўлган, оғир ёки ҳазми қийин, нотаниш маҳсулотлардан ўзини тийган, тамаки чекмаган ва спиртли маҳсулотлар ичмаган. Онахон мунтазам равишда ҳаракатда бўлиб, жисмоний машғулотларни канда қилмаган, ҳатто саломатлигидан қайғуриб бирор маротаба ҳам кўчага қуёшдан ҳимоя қилувчи ёғ упа сурмасдан чиқмаган. У ҳар доимо диетолог ҳамда физиотерапевт кўригидан ўтиб, уларнинг кўрсатмасига қулоқ тутган. Айтиш мумкинки, бу аёл ўз саломатлигидан қаттиқ қайғуради.
Айни пайтда дўстимнинг волидаси 76 ёшда ва яқинда унга тери ҳамда илик саратони хасталиклари ташхиси қўйилди. Шунингдек, бу кекса аёлда суяк тўқималари хасталигининг оғир кўриниши аниқланган.
Дўстимнинг отаси, яъни бу хаста аёлнинг турмуш ўртоғи ҳеч қачон ўз саломатлиги ҳақида қайғурган одам эмас. У ҳеч қачон спорт билан ҳам шуғулланмаган, таом масаласида ҳам муайян қонун-қоидалари бўлмаган, кези келганда тузланган ёки дудланган ёғли гўштга ҳам мой суриб еб кетаверган. Ўрни келганда бу одам алкоголь ҳам ичган, кўчиб, ёрилиб кетган тери билан ҳам пляжда офтобда тобланишдан қайтмаган.
Айтиш мумкинки, дўстимнинг дадаси бир умр шифокорларнинг кўрсатмаларини уч пулга олмасдан, ўзи хоҳлаганча, ўзига ёққанича яшаган одам. Ҳозир бу амаки 81 ёшда ва дўхтирларнинг айтишича, унинг саломатлиги ҳатто ёшларнинг ҳасадини қўзғатадиган даражада беками-кўст.
Қанчалик уринманг, танангиздаги заҳардан омон қолиш имконсиз. Эртами, кечми у сизни ўз қурбонига айлантиради. Дўстимнинг ажал остонасида турган онаизори айтгани каби, ҳаёти вақт-соати келиб поёнига етишини англаб етган ҳар ким ҳадеб шифокор чизиб берган доирада юрмасдан, ўз ҳузур-ҳаловати учун ҳам яшашга ҳаракат қилар экан.
Бу – ҳаёт ва орамиздан ҳеч ким ундан омон чиқиб кетган эмас! Шундай экан, доим ҳам саломатликни деб ўзингга иккинчи даражали нарсадек муносабатда бўлма. Модомики ҳали вақт бор экан, ҳаётдан лаззатланиб яшаш мумкин. Акс ҳолда, эртага жуда кеч бўлиши мумкин.
Шунинг учун қалбингиз тусаганини қилинг: кўнглингиз тортса – тановул қилинг, қуёшда тобланинг, баъзида ялқовга айланинг. Ўрни келганида ташвишлардан нари бўлиб, ўзингизга эрк беринг. Қанчалар телба бўлсангиз ҳам, ўзингизда бўлинг. Ўзингизни чегаралаб қўйманг, ҳаммамизнинг ердаги вақтимиз шундоқ ҳам ўз чегарасига эга."
Актёрнинг таъсирланиб ёзган чуқур мулоҳазаси сизни ҳам ўйлантириб қўйган бўлса ажаб эмас. Ҳаёт неъматлари татиб кўриш учун инъом этилган. Нима бўлганда ҳам, ота-боболаримиз айтишганидек, ақл ва идрок доирасида қилинган иш хайрлик бўлади.
Доимо соғ-саломат бўлинг!