Бугун бутун дунёда бўлгани каби одамлар орасида қувватбахш (энергетик) ичимликлар ичиш одат тусига кирди. Тетиклантирувчи бундай ичимликлар авваллари ёшлар орасида урф бўлган бўлса, ҳозир қарийб барча одамларнинг қўлида уларни учратиш мумкин. Ҳатто бунга муккасидан кетган, кунига бир неча банка ичадиган одамлар ҳам кам эмас. Шу ўринда савол туғилади: уни ҳаддан ортиқ миқдорда ичишнинг фойдаси кўпми ёки зарари?
Албатта, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларининг хавфсиз экани ҳақида гапиришлари табиий хол. Аслида ҳам шундайми? Буни текшириб кўриш учун ичимликнинг таркибига назар солинса, кифоя.
Айтиш керакки, икки турдаги ичимликлар мавжуд. Биринчисининг таркиби кофеиндан иборат бўлиб, у ишга кўмилган одамлар, доим кеч қолувчи талабалар учун бўлса, иккинчиси углевод ва витаминларга бой ичимлик. У спорт залларига қатновчилар учун мўлжалланган.
Кофеин мия фаолиятини кучайтиради ва юракнинг чидамлилигини оширади. Бироқ чарчоқ нималигини сезмаслик учун организм камида 3 та идишдаги қувватбахш ичимлик ичишни талаб қилади. Кучли стимуляторли бу турдаги ичимликларни кўп миқдорда ичиш эса, ўз навбатида, зарар саналади.
Ичимлик таркибида, шунингдек, гуаран ҳам мавжуд бўлиб, кучли жисмоний зўриқиш чоғида оғриқларни камайтиради, жигарни тозалайди, атеросклерознинг олдини олади. Қолаверса, бу турдаги ичимликларда женьшень мавжуд ва у чарчоқ ва тушкунликни камайтиради, бутун организмнинг ишлашга бўлган иштиёқини оширади.
Бундан ташқари ичимликлар таркибида таурин, карнитин, матеин ва мелатонин каби компонентлар ҳам бор. Биринчиси юракнинг ишчанлигини оширади, холестеринни озайтиради, қувват беради. Иккинчиси инсон организми тўқималаридаги ёғли кислоталар парчаланиши ва моддалар алмашинувини яхшилайди. Матеин очликка қарши курашади. Бошқача айтганда, тўқ тутади. Мелатонин инсоннинг кунлик ритмини мўътадиллаштиради.
Хўш, қувватбахш ичимликларнинг қандай плюс ва минус томонлари бор.
Плюс жиҳати 1. Кайфиятни кўтаради.
2. Ақлий фаолиятни кучайтиради
Манфий жиҳати 1. Ичишни назорат қилиш. Кунига 2 банкадан ортиқ ичиш мумкин эмас. Акс ҳолда, артериаль босим ва қондаги қанд миқдорини оширади, депрессия ва асабийликни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори.
2.Гипертоник ва гипотоник касалига чалинганлар қувватбахш ичимлик ичиши тавсия қилинмайди.
3. Кофеин, яъни қувватбахш модда асаб тизимининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.
4. Глюкоза ва кофеин аралашмасининг, айниқса, ёш организм учун зарари кўпроқ.
5. Шундай турдаги ичимликларнинг доимий равишда ичилиши юрак урушининг меъёрини бузади.
6. Спорт ишқибозлари учун ҳам машғулотлардан сўнг қувватбахш ичимликларни ичмаганлари маъқул. Улар организмдаги суюқликни чиқариб юборади.
Хулоса
Кўпинча қувватбахш ичимликлар инсон организмига қувват беради, дейишади. Аслида эса у организмнинг ички қувват манбасини очиб юборади. Тана ичимликнинг эмас, балки ўзининг энергия захирасидан фойдаланади. Шуни унутмаслик керакки, бугунги кучли ишчанлик иштиёқи организмга эртанги уйқусизлик, чарчоқ ва депрессияни чақириши мумкин. Шундай экан, қувватбахш ичимликларга кўп ҳам ружу қўйманг. Ҳамма нарсанинг ҳам меъёри бор. Халқимиз бу борада топиб айтган: “Асалнинг ҳам ози ширин”.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.