Юридик жиҳатдан буни қандай расмийлаштириш тўғри бўлади – бу саволга Ўзбекистон Ҳакамлик судлари уюшмаси судьяси Азамат Ҳатамов сўзлаб берди.
Пул бераркансиз, кимга ва қандай мақсадлар учун қарз бераётганингизни ўйлаб олишингиз керак. У ишончли одам бўлса ҳам, эҳтиёткорлик ортиқчалик қилмайди – қарз мажбуриятини юридик расмийлаштириш керак, бунинг учун қарз шартномаси тузилади.
“Яқин кишисидан тилхат олиш? Бу қандай гап!?”– қариндошингиз ёки дўстингиз шундай фикрга бориши табиий. Бироқ, агар у инсон ҳақиқатан қарзни қайтаришни истаётган бўлса, тилхат ёзиб бериш унга мутлақо оғир тушмайди. Бу ҳужжат қарздорга у зиммасига юридик мажбуриятлар олганлигини эслатиб туради.
Тилхатми ёки қарз шартномаси?
Агар қарз суммаси энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан кам бўлса, жисмоний шахслар ўртасидаги қарз шартномасини оддий ёзма шаклда (тилхат кўринишида) тузиш тавсия этилади. Бу ҳолатда нотариал тасдиқлаш ва гувоҳларнинг мавжуд бўлиши талаб этилмайди.
Бундан катта суммаларда юристлар қарз шартномасини тузишни тавсия этадилар, унда томонлар келишувининг барча жиҳатлари кўрсатиб ўтилиши керак. Шунингдек, ҳужжатни нотариал идорада расмийлаштириш лозим – бу иккала томон учун ҳам чиқимли бўлишини ёдда тутинг. Шу сабабли, аксарият ҳолларда, кредиторлар гувоҳлар иштирокида тилхат ёздириб олиш билан кифояланадилар. Мазкур ҳужжат нотариусда имзоланган шартнома билан баробар кучга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 737–743- моддаларида қисман қарз расмийлаштирилишидаги фуқаролик ҳуқуқлари тушунтирилади ва улардан ҳамма бохабар бўлиши лозим.
Пул маблағларини тақдим этиш тўғрисидаги шартнома ўз ичига қуйидагиларни олиши керак:
– тилхатнинг ҳуқуқий номланиши (пул маблағларини (ғаразли ёки беғараз асосда) қайтариш шарти билан олиш тилхати);
– қарздор ФИО ва паспорт маълумотлари;
– рақамли ва ёзма шаклда қарз суммаси;
– қайтариш шарт-шароитлари (фоиз миқдори ёки унинг мавжуд эмаслиги);
– қарзни қайтариш муддати ва пулларни қарз берувчига бериш усули;
– сана, икки томон имзоси ва гувоҳлар имзоси.
Шартнома икки нусхада тузилади – икки томонга биттадан.
80 фоиз ҳолатларда одамлар қарз мажбуриятлари тўғрисидаги ҳужжат тузишда хатога йўл қўядилар. Юқорида келтирилган бандлардан бирининг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар суд жараёнида қарз берувчи учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, яхшиси, барча маълумотларни яхшилаб текшириш лозим. Қарз олувчи пул олингани ҳақидаги тилхатни ўз қўли билан ёзиши лозим: келгусида бу қарздорнинг ўз имзосидан тонишининг олдини олади. Зарур ҳолларда ҳужжат экспертизага берилиши мумкин.
Агар сиз ҳужжат тузилишининг тўғрилигига шубҳалансангиз, юристга мурожаат қилинг ёки адвокат билан маслаҳатлашинг. Тўғри тузилган шартнома (ёки тилхат) суд муҳокамасида ютиб чиқиш учун етарли асос бўлади.
Пулни тайинли инсонга қарз бераётганингизга ишонч ҳосил қилиш учун кичик суриштирув ўтказинг ва қуйидаги жиҳатларга эътибор беринг:
– пул нима учун кераклиги;
– қарз олувчининг молиявий ва ижтимоий ҳолати;
– қарз олувчининг иш жойи;
– тилхат муддати тугагач, хатарни тахминий баҳолаш.
Муддат тугади, пулдан эса дарак йўқ
Агар қарздор пулни қайтаришдан бош тортаётган бўлса, биринчи навбатда участка нозири ва маҳалла қўмитасини хабардор қилиш керак. Агар бу икки инстанция қарздорни инсофга чақира олмаса, сиз ҳеч иккиланмай судга мурожаат қилишингиз мумкин. Қонунга кўра, сиз муддат тугаган сананинг эртасигаёқ, қардзорни огоҳлантириб ўтирмай, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Даъво аризаси намунаси:
ЎзР ЖК 327- моддасига кўра, бировнинг пул маблағларидан фойдаланганлиги учун қарздор ЎзР МБ қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб фоизлар тўлаши керак, у ҳозирда йиллик 14%ни ташкил қилмоқда. Масалан, агар қарз суммаси 10 млн сўм бўлса, йиллик 14% ҳисобидан бир кун учун фоиз 3835 сўмга тенг бўлади. Агар муддат тугаганидан, айтайлик, 180 кун ўтиб кетса, фоизлар суммаси 690 410 сўмни ташкил қилади.
Фоизлардан ташқари, тўлов чўзилгани учун жарима белгиланиши ҳам мумкин. Жарима суммасини тилхатда кўрсатиш лозим.
Юридик шахс бўлсачи?
Агар юридик шахс ноинсофлик қилаётган бўлса, албатта юрист билан маслаҳатлашинг. Ҳар бир шартномада баҳсли масалалар қандай ҳал этилиши ёзиб қўйилган банд (тушунчалар) бўлади. Юридик шахс билан шартнома тузишда, унда ҳакамлик ёки бошқа судларни кўрсатиб ўтиш лозим.
Тилхат бўлмасачи?
Бу ҳолда ҳам пулларни қайтариб олиш мумкин, бироқ бунда барча нозик жиҳатларни ҳисобга олиш керак. Биринчи навбатда адвокатга мурожаат қилиш керак. Бу ҳолатларда қандай нозик нуқталар бўлади? Қаллоблар – ҳар кимдан қарз олиб, ҳеч кимга бермай еб кетадиган одамлар ҳам учрайди. Шунингдек, ҳали бу борада пихини ёрмаган кишилар ҳам бор. Бундай ҳолатда қарз қайтарилмаса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишга мажбур бўлишингизни айтиб огоҳлантириб қўйинг.
Судда иш бериши мумкин бўлган яна бир факт – шоҳидларнинг мавжудлиги. Судда икки томонга можарони тинчлик йўли билан ҳал этиш таклиф этилади, лекин, агар қарздор гапга кўмаса, иш бўйича ЎзР ЖК 168–169- моддалари бўйича қаллоблик юзасидан жиноий жараён қўзғашлари ҳам мумкин.
Шуни ёдда тутиш керакки, қарз шартномасини нотўғри тузиш аксарият ҳолатларда фуқаролик-ҳуқуқий баҳсларга олиб келади. Қарз мажбуриятлари бўйича 90% вазиятда ҳакамлик, фуқаролик ва хўжалик ишлари судларида пулини қайтариш истагида бўлган томон қарз шартномасини тузишда юридик хатоликларга йўл қўйган ёки қарздор билан мутлақо ҳеч қандай ҳужжат имзоламаган бўлиб чиқади.
90% вазиятда даъвогар қарз шартномасини тузишда юридик хатоликларга йўл қўйган ёки қарздор билан мутлақо ҳеч қандай ҳужжат имзоламаган бўлиб чиқади.
Шундай ҳам бўладики, қарздор қарзидан тўлиқ қутилган бўлади, лекин қарз берувчи гўёки қарз қайтарилмаганлиги ҳақида судга даъво билан чиқади. Қарздор ҳам ҳазир бўлиши керак: қарзни бўлиб-бўлиб тўлаганда ҳар гал қайтарилган пул суммаси кўрсатилган тилхат олиш лозим. Акс ҳолда, қарзни тўлаб ҳам, виждонсиз кредитордан қутулиб бўлмай қолади.
Қарз тўлови билан гўзал. Тилхат эса, бу тўловни юридик жиҳатдан мустаҳкамлайди. Шу сабабли, кимга қарз беришингиздан қатъий назар, эҳтиёт-шарт ўзингизни ҳимояланг ва қарз битимини тасдиқловчи ҳужжатни расмийлаштириб қўйинг.
Манба: Kommersant.uz