Кеча таксига ўтирдим, радио ёқилган экан. Радиодан бир бошловчи пул ҳақида гапириб роса ақллилик қилди. Нима эмиш, пул бахтсизлик олиб келар экан, пул кўпайса одам хасис бўлиб борармиш, пули кам одам пули кўп одамдан бахтли эмиш. Ие сани ўша деворгим келдию, яна ақллилик қилаётган ушбу бошловчини сўкмасдан қўя қолдим. Ҳар ҳолда маданиятли одамман, олдимда отам қатори, балки унданда қарироқ таксист амаки ўтирибди.
Ақллиликни қилиб бўлиб, бошловчи савол бериб қолди: «100 АҚШ долларида АҚШнинг қайси давлат арбобинг сурати акс этган?»
Кейин ҳозир пулни ёмонлаб турган ўртоқ АҚШ долларида дақиқасига 20 сент тўлаб телефон қилиб саволга жавоб беришни сўраб қолса бўладими. Телефон рақамларини доналаб, урғу бериб санаб ўтди.
Аламларим қўзғаганидан телефонни олиб, телефон қиворганимни билмай қолимман. У ҳам гудок кетиши биланоқ кўтарди телефонни. Телефонни кўтардида, исмимни, қаерданлигимни сўраб, вақтни атайлаб чўзгандай бўлди. Минутига 20 сент олгандан кейин чўзадиямда. Урғу бериб саволни такрорлади: «100 АҚШ долларида АҚШнинг қайси давлат арбобининг сурати акс этган?»
- Бенжамин Франклиннинг
- Жавооообингиз тўғри. Табриклаймиз. Сиз бизнинг радио орқали яқинларингизга салом йўллашингиз ва қўшиқ буюртма беришингиз мумкин.
Унга рахмат айтдим, яқинларимни радио эшитмаслиги, бунга вақти ҳам йўқлигини чиройли қилиб тушинтирдим. Қўшиққа келсак, Шахриёрнинг "Пул керак” қўшиғини буюртма бердим.
Аммо, бошловчи ҳам мард экан, шу қўшиқни қўйворди реклама паузасидан сўнг, албатта реклама учун ҳам пул олишган.
Афсуски қўшиқ тугамасидан уйга етиб келдим. Таксист амаки ҳам «бопладинг ука» деб қўйди.
Фируз Аллаев