Биласизми?

Профессор минбари: Ўзбекистонда ўқув дастурлари ишлаб чиқиш муаммолари ҳақида

Ўзбекистонда ўқув дастурлари ишлаб чиқиш жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммоларга бюрократларнинг ишга халақит бериши, мактаб ва университет ўқитувчилари/домлаларининг бу ишга жалб қилинмаганлиги ва ҳоказолар киради. Ўқув дастурларини ишлаб чиқиш идораларида ишлайдиган экспертлар мактаб дарсликларининг замондан эскириб қолган қисмларини қайта кўриб чиқишда академик ресурслардан рисоладагидай фойдалана олмаяптилар. Аслида улар профессионал маслаҳат сўрашлари ва аминманки, экспертлар Ўзбекистонда ўқув дастурлари эҳтиёжларини қондирувчи инновацион ечимлар бера олишлари мумкин.

Ўқув дастури нима эканилиги ҳақида савол пайдо бўлиши мумкин. Айтиш жоизки, таълим ҳақида сўз юритилганда, ақлга келадиган энг муҳим фикр ўқув дастури ҳақида бўлади. Ўқув дастури мактаб/университет маъмуриятларининг талабаларга берадиган таълим ва ҳаёт кўникмаларига йўлдир.

Шунга қарамай, бизнинг ҳолатимизда, бу фикр ўта нотўғри тушунилади ва шу сабабдан мактаблар/университетларда талабалар чуқур таълим олиш имкониятидан маҳрум. 2003 йил мен Швеция университетида Сиёсий фанлар бўйича магистрлик бўлимини тугатдим. Ҳатто ўша даврлардаёқ мен таҳсил олган университетда Болонья жараёни ва кредитлар тизими жорий қилинаётган эди. Бироқ, аминманки, Ўзбекистондаги университетларда ҳали ҳануз, мен 1999 йилда тугатган бакалавр дастурига ўхшаш эски ўқув дастуридан фойдаланиб келинмоқда. Баъзан талабалар бир семестрда 8-11 фанни ўрганишга мажбур қилинишади. Бизга қомусий билимларни яхши биладиган, аммо амалий кўникмалари бўлмаган талабалар керакми ёки олган барча билимларини воқеликда қўллашга ўргатилган ва жамиятимиздаги барча муаммоларга ечим топа оладиган талабалар керакми? Нега энди талабаларимиз миясини миллионлаб қўллаб бўлмайдиган ва назарий фактлар билан тўлдиришимиз шарт экан? Университетларимизда йиллар давомида ўқув дастури ўзгартирилмаган. Анъанавий таълим даврига нуқта қўйишимиз ва янги тадқиқот ва ривожланиш даврига ўтишимиз лозим. 5 июнда қабул қилинган “Таълим ҳақида” қонун мамлакатимиз президенти Ўзбекистонга кўпроқ чет эллик эксперт-олимларни жалб қилиш ва халқаро университетларнинг бўлимларини очишга эътибор бераётганини яққол кўрсатиб турибди. Ва ушбу қонунда президентимиз етакчи университетларга ўқув дастурларини ўзлари тузишга йўл очиб берди, бироқ, фикримча, бу “ички доирадаги” одамлар ғояларининг монополиясига олиб келиши мумкин, яъни бир гуруҳ одамлар жамиятимизнинг бир неча табақаларидан ташкил топган экспертлар кенгаши билан маслаҳат қилмай дастур тузишлари мумкин. Шу сабабдан бизда университетлар ва саноат орасида катта бўшлиқ, жар мавжуд ва университетларда олган билимлари билан олий ўқув юртини янги битирганлар меҳнат бозорига мослаша олмайдилар. Ўқув дастури бир жойда қотиб қолган жараён эмас, балки динамик машғулот бўлиб, унга жамиятимизнинг янги талабларига кўра ўзгаришлар киритилиши мумкин деб айтсак бўлади. Ўзбекистонда ўқув дастурини ишлаб чиқиш статик жараёндир. Рисоладагидай ўқув дастурларини ишлаб чиқишда самарасиз бўлишининг сабаблари кўп. Улардан баъзиларини кўриб чиқишимиз мумкин:

Ўқув дастурлари замондан орқада қолган

Биринчидан, ўқув дастури замондан орқада қолган ва у замонавий Ўзбекистон жамиятининг маҳаллий эҳтиёжларига жавоб бера олмайди. Ўқув дастурининг муаммолари асосан бугунги авлод, мен 1990 йиллар охирида ва ундан олдинги икки/ёки балки 3 авлод ўрганган билимларни ўрганишда давом этмоқда. Дунёнинг кўп мамлакатларида талабалар қийин математик ва илмий билимларни фаолиятга асосланган таълим орқали ўзлаштиришади, бизнинг талабалар эса илмий тушунчаларни ёдлаш усули билан билиша мажбур қилинишади. Ҳали-ҳануз талабаларнинг асосий ихтисосига умуман алоқаси бўлмаган мажбурий дарслар мавжуд. Бир мисол, жаҳоннинг нуфузли университетларида спорт соҳасида таълим олаётган бўлмасалар, талабалар жисмоний тарбия каби дарс ўтиши кузатилмайди.

Мутахассис бўлмаган шахсларнинг ишлаши

Иккинчидан, ўқув дастурлари тузишда мутахассис бўлмаган шахсларнинг қатнашуви таълим тизимига зарар келтиришини аниқ биламиз. Жорий ўқув дастурлари тузиш жараёни муайян мақсад ва вазифаларга мўлжалланган бутун мамлакат учун ягона сиёсатга асосланган деган фикр илгари сурилиши мумкин. Бироқ, мамлакатнинг турли минтақаларига ягона таълим сиёсатни баробар жорий қилиш мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Шунинг учун, экспертлар томонидан талабаларнинг ҳозирги кундаги мақсадлари ва дунёдаги янги йўналишларга асосланиб таълим соҳасидаги муаммолар ечимини ҳисобга олган ҳолда янги таълим сиёсати ишлаб чиқиш лозим. Назария ва амалиёт орасидаги бўшлиқни имкони борича қисқартириш мақсадида амалиётчи мутахассисларни ҳам жалб қилишимиз лозим.

Академик тадқиқотларнинг йўқлиги

Учинчидан, дарсликлар тузиш учун ўтказиладиган академик тадқиқотларнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ўқув дастурлари тузишдаги муаммодир. Ўқув дастурлари идораларида ўтирган экспертлар мактабларда дарс ўтиш учун материалларни ўзлари хоҳлаганча танлашини таъкидлаб ўтишимиз мумкин. Аксар ҳолларда танланган мазмун талаб даражасига жавоб бермаслигини айтиб ўтишим лозим. Мамлакатда ўқув дастурлари идораси тизими томонидан тасдиқланган дарслик китоблари ўрганиб чиқилганда, ўқув дастурларини қайта кўриб чиқадиган тегишли тадқиқот/баҳолаш тизими яратилмаганлиги аниқ бўлади.

Мактаб ўқитувчиларининг ўқув дастурлари тузишга жалб қилинмаслиги

Тўртинчидан, мактаб ўқув дастурларини тузиш ва қайта кўриб чиқишда турли мактаб/университетлар ўқитувчиларининг академик тажрибаси ҳам ҳисобга олинмаслиги ҳам кузатилади. Ўзларининг “Ўқув дастури: назария ва амалиёт” китобларида Даниел Таннер ва Лорел Н. Таннерлар мактаб ўқитувчиларининг онгли қатнашувисиз маъноли ўқув дастури тузишнинг иложи йўқ деб айтишади. Таълимда ўзгаришлар жорий қиладиган ўқитувчилар ўзгаришларни жорий қилмайдиган ўқитувчиларга қараганда янги ғояларни тезроқ қабул ва тадбиқ қилишади. Фойдали кузатувлар натижаларига кўра, ўқув дастурлари тузиш жараёнида билимли ўқитувчилар қатнашмаган мамлакатларда мактаб дарсликларида ўзгаришларни қабул қилишмаган.

Тадқиқотчиларнинг паст академик кўникмаларининг оқибатлари

Мактаб/университетлар учун ўқув дастурлари ишлаб чиқувчи тадқиқотчиларда академик кўникмалар суст бўлса, ўқув дастурининг энг муҳим жиҳати – мазмун жиддий талафот кўради. Талабалар тўғри ёдлаб олиш жараёнида таълим оладилар, чунки дарслик китоблари уларнинг таълим кўникмаларига мос келмайди. Талабаларни муаммоларни ечувчи мутахассис қилиб тайёрлаш учун мен китобларда кундалик ҳаётимизда дуч келадиган муаммолар билан боғлиқ саволлар бўлиши лозим, деб ўйлайман. Бундай саволларга жавоб бериш йўли билан талабалар қийин ҳолатлардаги вазиятларни ечишни ўрганадилар. Масалан, фанда тезлик тушунчасини ўрганаётганда, талабаларга автомашина тезлиги ва ҳоказо каби воқе ҳаётда мавжуд мисолларга оид саволлар берилиши лозимки, улар тушунчанинг қўлланилиш ўрнини ҳам билишсин.

Мамлакатимизда ўқув дастури муаммоларини ечиш ишида масъулиятни ҳис қилувчи шахслар ва бўлимлар жалб қилиниши ва улар талабаларга фаолиятга асосланган ўрганишни таъминловчи ва уларга муаммоларни еча билиш кўникмаларини ривожлантиришни таъминловчи ўқув дастурлари тузиш лозим

Маҳаллий давлат раҳбарлари ўз миллий манфаатларимизни англаб етсаларгина Ўзбекистонда тараққиёт ва таълим равнақи имкониятдан ташқари тушунчалар бўлмайди!

Азамат Акбаров,

Қозоқ Миллий Университети профессори, Олмаота

(расмда мақола муаллифи)