Тошкент ҳокимияти, прокуратура,ФВВ, ИИББ, Ёшлар иттифоқи вакиллари, коммунал ва йўл хизматлар ходимлари шанба куни пойтахтнинг Миробод туманидаги Салар канали қирғоқлари ҳолатини ўрганиш бўйича текширув ўтказди, деб ёзади Gazeta.uz.
ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, канал қирғоғини текшириш жараёнида масъул шахслар тонналаб чиқиндилар нафақат қирғоқлар, балки Салар сувини ҳам ифлослантираётганига гувоҳ бўлди.
«Бу ерлар одамлар кўзидан пана бўлгани учунгина кимлардир қурилиш ва маиший чиқиндиларни тўкиб кетмаган. Буларнинг каттагина қисмини уйлари канал бўйлаб жойлашган маҳаллий аҳолининг ўзи қилган. Кўпчилик қирғоқнинг ўзига хўжалик иншоотлари, ҳожатхона, товуқ катаклари ва бошқаларни қуриб олган. Ваҳоланки улар сув ювиб кетиши мумкинлигини жуда яхши билишади», — дейилади хабарда.
Маҳаллий аҳоли сувга қурилиш чиқиндиларини ташлаган, қирғоқ темир листлар, шифер ва бошқа материаллар билан мустаҳкамланган. «Йиллар давомида экологияга қандай зиён етказилганини тасаввур қилиш қийин эмас», — дея қайд этади ИИББ.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари Тошкентнинг бошқа дарё ва каналлар қирғоқларида ҳам олиб борилмоқда.