Биласизми?

Пойтахтда кўчаларни ёритиш тартибга солинади

Пойтахт ҳокимияти томонидан ташқи ёритиш электр тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш дастури ишлаб чиқилди. Ҳужжат лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда, дейилади Norma.uz хабарида.

Бирор-бир ташкилотнинг балансида ҳисобда турмаган кўчаларни ёритиш объектлари рўйхати тузилди. Шаҳар бўйича 7 147 та ёритиш ускунаси ва 289,5 км тармоқ* шундайлар сирасидан эканлиги маълум бўлди.

Эгасиз объектлар 2018−2019 йиллар мобайнида тикланиши ҳамда улардан лозим даражада фойдаланилишини ва сақланишини таъминлайдиган «Тошшаҳарнур» ДУК балансига ўтказилиши таклиф этилмоқда. Ишларнинг белгиланган қиймати — 16 766,3 млн сўм (мўлжалдаги буюртмачи — «Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Ягона буюртмачи хизмати», у яқин вақтда «Тошкентқурилишинвест» инжиниринг компанияси таркибига кириши керак).

Бундан ташқари, 2018−2022 йиллар мобайнида 1 693,1 км.лик ташқи ёритиш ҳаво электр линияларини ўзини тутиб турувчи изоляцияланган симларга алмаштириш таклиф этилмоқда. Мазкур лойиҳа қиймати 44 650,1 млн сўмни ташкил қилади (мўлжалдаги буюртмачи — «Тошшаҳарнур» ДУК).

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.