Иш

People 2 People услубидаги бизнес

Бу инсоннинг миясига гўё ҳисоблагич ўрнатилган. Кучли математик қобилияти тижоратдаги истеъдоди ва маҳоратининг қирраларидан биридир. Бундан ташқари, ўта хушмуомала, диққат-эътиборли, самимий кишидир. Асл инсон. Зафар Ҳошимовни тинглаш имконияти пайдо бўлди дегунча, тажрибага асосланган қимматли билимидан баҳраманд бўлишга, ундан илҳомланишга ва воқеа-ҳодисаларга янгича нуқтаи-назардан назар солишга ҳаракат қиламан. Бугун ҳам шундай бўлди.

“Корзинка” магазинлари асосчиси, ижтимоий тармоқларда ҳозиржавоб бўлган Зафар Ҳошимов ИНХА университетида ўтказиладиган Старт-ап Микснинг 20 йиллик тўйида ҳозир бўлди. Тақдимот даракчиси “Ижтимоий тармоқлар бизнес таркибий қисми” деб номланди. Сўзга чиққанлар кўп, аммо Зафар акани ҳамма тинглади десак хато бўлмайди. Кўп гапирмасдан у киши нутқида тўхталган энг илҳомбахш, кутилмаган ғоялари билан ўртоқлашмоқчиман.

  • Илгари қабиладошлар мулоқот қилиш учун гулхан атрофида тўпланишган бўлса, ҳозирда ижтимоий тармоқ гулхан вазифасини ўтамоқда. Ижтимоий тармоқлар исталган вақтда фикр алмашиш учун қулай платформадир.
  • Ижтимоий тармоқлар бутун сайёрани қоплаган “сарафан радиодир”
  • “Олтита қўл сиқиш” назарияси ўзгарди. Бугунга келиб сайёрадаги исталган икки инсон Фейсбукда 3,5 қўл сиқиш орқали боғлангандир.
  • Агар сиз кун бўйи ижтимоий тармоқда вақтичоғлик қилиб ўтирадиган SMMчи ёлласангиз бунинг нафи йўқ. Сўзлашиш қобилиятини ишга солиш керак. Ишониш, англаш, тинглаш, жавоб бериш, суҳбат қуриш, ўз муштарийлари жамоасини тузиш зарур.
  • B2B, B2C муносабатлар долзарблигини йўқотди. P2P - “people to people” – янги феномени пайдо бўлди. Буни тушунган компаниялар яккама-якка тарзда муносабат ўрнатишяпти. Бу ижтимоий тармоқларга ҳам тегишли бўлиб, стратегик манфаатли нуқтага эришувда қўл келади.
  • Илгари бизнес мижоз билан шахсан, юзма-юз алоқа ўрнатиш, ўзаро қўл сиқиш ҳисобига мавжуд эди. Юзма-юз танишиш, исмини билиш роль ўйнарди. Ижтимоий тармоқлар бу муносабатларни қайта жонлантирди.
  • Гап ижтимоий тармоқлар хусусида кетганида “Бўладими, бўлмайдими?”га ўрин йўқ. “Қаерда ва қандай бўлади”, деган савол бор холос.
  • Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган бизнеснинг тузилиш дастури ўз-ўзидан юзага келадиган ҳодиса эмас, бу нозик юмушдир. Ҳар бир сўз муҳим, ким, қандай, қачон ва нимани сўзлаганлиги.
  • Лайк ва репостларни кўпайтириш мақсад бўла олмайди. Компания мақсадини ижтимоий тармоқлардаги стратегиявий мақсадларга боғлаш муҳим.
  • SMMчини репутацияни бошқаришга ўргатгандан CRMчига фейсбукни ўргатиш осонроқдир.
  • Ижтимоий тармоқ орқасидангина бизнес йўлга қўйиш ярамайди. Аммо ижтимоий тармоқларни амалдаги ҳаққоний бизнеснинг бир унсури деб ҳисоблаш мумкин.
  • Қачонки, мижозлар ўзларини маркетинг режаларингизнинг статистик бирлиги сифатида ҳис этмай қолганларида чинакам бизнес амалга ошади. Мижоз ўзини шахс сифатида қадрлашларини ҳис этиши муҳим. Унга “харидорларнинг бири” деб эмас, инсон сифатида ҳурматлашлари муҳим.

Динора Дўлтаева блогидан олиб ўзбекчалаштирилди