Ўзбекистон ИИВ қарори билан республикадаги барча объектлар қўриқлаш тизимимиз қўриқловига олинади, деди чоршанба куни ўтказилган брифинг давомида Ўзбекистон ИИВ раҳбари ўринбосари полковник Акрамхон Бобохонов.
"Куни кеча президентимиз қарори билан "Хавфсиз хонадон" концепцияси қабул қилинди. Бу концепциянинг асосий ғояси республикадаги якка тартибдаги уй-жойлар, савдо объектлари ва бошқа объектларни максимал даражада қўриқлов тизимига қамровга олиш", - деди Спутник мухбирига Бобохонов.
ИИВ вакилининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда турли мулкий жиноятларнинг олдини олиш мақсадида 229 мингдан зиёд видеокузатув мосламалари ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси бўйича 25 мингдан зиёд хонадонлар ва 13 мингдан ортиқ тадбиркорлик объектлари қўриқлаш тизимига уланиб, қўриқланмоқда.
2022 йилгача эса "Хавфсиз хонадон" концепцияси асосида Тошкент шаҳрида ўрнатилган инновацион қўриқлаш тизими республика бўйича жорий этилади.
Қўриқлаш хизмати хонадонларга қўриқлаш учун ўрнатиладиган воситаларни текинга ажратиш ва текинга ўрнатиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида жойлашган Халқаро Пресс Клуб ташаббуси билан илк маротаба Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари бир вақтда, битта сафда қўшма матбуот-анжуманида иштирок этишди.