Саломатлик

Оёқ терлашидан қандай қутулиш мумкин?

Оёқнинг терлаши кўпгина ноқулайликларни келтириб чиқаради. Ноҳуш ҳид чиқариши фақатгина ўзингизни эмас, атрофдагиларнинг ҳам асабига салбий таъсир кўрсатади. Бу каби муаммолардан қутулиш учун қуйидаги тавсияларга риоя қилиб кўринг.

Оёғингизни антибактериал совун билан кунига икки маҳал — эрталаб ва кечқурун албатта ювинг. Сўнгра уларни сочиқ ёрдамида яхшилаб артинг. Гигиена қоидаларига риоя этиш оёқ терлашини йўқотишда энг асосий омилдир.

Оёқларни маргансовка билан ювиш ҳам мумкин. Ушбу восита ҳам оёқдаги ноҳуш ҳидни йўқотиша ёрдам беради.

Махсус бактерия ва замбуруғларга қарши дезодарантдан фойдаланинг. Шунингдек, антиперспирант, талк ёки болалар баданига сепиладиган махсус кукундан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Оёқ терлашига қарши махсус крем ёки ментол ва камфорали гелдан фойдаланиш ҳам ёрдам беради.

Ҳар куни пайпоқларни алмаштиринг. Улар албатта тоза бўлиши лозим. Сунъий (синтетик) махсулотлар мумкин эмас, фақатгина табиий хом ашёлардан тайёрланган пайпоқлар ва оёқ кийимларидан фойдаланинг.

Туфли (кроссовка)даги ноҳуш ҳидни кетказиш учун уни полиетилин пакетга жойлаб, зич қилиб ёпинг ва музлаткичнинг музхонасига солиб қўйинг. Эрталабгача ундаги ҳид йўқолиб, ўрнини муз мусаффолиги эгаллайди. ☺

Оёқ кийим танлашда ҳаво ўтказувчан эканлигига амин бўлинг. Шунингдек, оёқ кийимларини ташқи томондан ҳам, ички томондан ҳам тозалаб юришни канда қилманг. Патагини ҳар ойда бир марта алмаштириб туринг.

Оёқ кийимни ечгандан сўнг унинг ичига сеолит қадоғи ёки кедр, арча пайрахаси солинган халтачани солиб қўйинг.

Оёқ терлашидан халос бўлишга ёрдамлашувчи махсус ванна қабул қилинг. Бунин учун махсус доривор ўсимликларнинг икки ош қошиғини 3 литр сувга солинг ва унга оёғингизни 15-20 дақиқа ботириб туринг. Қуйида ана шундай доривор гиёҳлардан иборат бир қанча дамламаларни келтириб ўтамиз:

  1. икки стакан қайноқ сувга уч ош қошиқ қуруқ марвак (шалфей) солинг ва совугунга қадар қолдиринг.
  2. махсус идишга 3 ош қошиқ миқдоридаги қуритилган эман (дуб) дарахти пўстлоғини солинг ва устидан уч стакан қайноқ сув қуйинг. Аралашмани 2-3 дақиқа тиндиринг.
  3. 4 ош қошиқ туйилган қирқбўғин барги устига 4 стакан қайноқ сув қуйинг ва 5 дақиқа давомида тиндириб қўйинг.
  4. Оёқ учун ванна тайёрлашда зиғир уруғи, қора чой дамламаси, лимон пўстлоғи, денгиз тузи, асал, наматак барглари, қизилпойча (зверобой), ялпиз, қичитқи (газанда) ўти ва бошқа доривор гиёҳлардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Яна бир усулдан тунда фойдаланиш мумкин. Бунинг учун янчилган эман (дуб) дарахти пўстлоғи ёки бошқа бирор доривор гиёҳни пайпоқ учига солиб, уни кийиб ухлаш керак.

Шунингдек, оёқларга лаванда (ҳаворанг ёки бинафшаранг гулли, хушбўй, доим яшил ўсимлик) мойини суртиб, тоза пахтали пайпоқ кийиб ухлаш ёрдам беради.

Оёқнинг кучли терлаши бирор инфексия асорати бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, шифокор кўригидан ўтиш мақсадга мувофиқ.