Мутолаа - янги маълумот, қизиқарли ғоялар ва ҳаётий қимматли маслаҳатлар олишнинг ажойиб усулидир. Шундай экан, дунёнинг етакчи ишбилармонлари китобсевар кишилар эканлигига ажабланмаса ҳам бўлади. Fortune 500 рўйхатидан жой олган йирик корпорациялар ёки муваффақиятли фаолият юритувчи стартаплар раҳбарлари китоб ўқишга вақт топганда қолганларнинг баҳонаси ўтмайди. Баъзи магнатлар классик асарларни мутолаа қилишни ёқтиришади, бошқалари эса - карьера қуриш мавзусидаги қўлланмаларни афзал кўришади, кимлар учундир детектив асарлардан яхшиси йўқ. Kun.uz Билл Гейтс, Жефф Безос, Илон Маск ва бошқа раҳбарларнинг севимли китобларига оид маълумотлар билан бўлишди.
Жефф Безос: «Куннинг қолган қисми»
Amazon раҳбарининг сўзларига кўра, бадиий китоблар уни ҳужжатли адабиётлардан кўра кўпроқ нарсаларга ўргатган. Безоснинг шахсий адабиётлар рўйхатида урушдан кейинги Англияда рўй берган воқеаларга асосланган бош хизматкор ва унинг хотиралари ҳақидаги роман биринчи ўринни эгаллайди.
Билл Гейтс: «Жавдарзордаги жарлик»
Microsoft ҳаммуассиси ўсмирлик давридаёқ Сэлинжернинг асарига меҳр қўйган: "Мен «Жавдарзордаги жарлик» китобини 13 ёшимда мутолаа қилганман, ўшандан бери у - менинг энг севимли китобларимдан бири. Унда ҳикмат жуда кўп!".
Стив Жобс: «Ҳаёт стратегияси»
"Ҳаёт стратегияси" буюк ишбилармон Стив Жобснинг ҳаётига ўз таъсирини ўтказган, шундай экан, сиз ҳам бу китобни ўқисангиз, фойдадан ҳоли бўлмаслиги аниқ. Китобда муваффақият ва уни қабул қилишдаги фарқлар ҳақида сўз боради. Асар инсонни ҳаётда ўз йўлини топишга ундайди.
Тим Кук: «Вақт билан беллашув»
Айтишларича, Apple бош директори ўз ҳамкасблари ва ходимларига "Вақт билан беллашув: Вақт омилига асосланган рақобат глобал бозорлар ландшафтини қандай ўзгартириши мумкин" китоби нусхаларини тарқатар экан. Умуман олганда, бу китобни мутолаа қилиш учун Apple'га ишга кириш шарт эмас: унда сиз самарадорликни қандай ошириш мумкинлиги, кун тартибингизни ташкиллаштириш ва карьера қуришга доир тавсияларни олишингиз мумкин.
Марк Цукерберг: «Қашшоқлар портфолиоси: Ночорлар қандай қилиб 2 доллар эвазига кун кечиради?»
Facebook раҳбари ўзининг яқинда чоп этилган мутолаа учун 23 китоб рўйхатида "Қашшоқлар портфолиоси"ни қайд этади. Унинг муаллифлари Дэрил Коллинз, Жонатан Мордач, Стюарт Резерфорд ва Орланда Рутвен 10 йил мобайнида аҳолининг энг камбағал қатламларининг молиявий ҳаётини ўрганишган.
Илон Маск: «Бенжамин Франклин. Таржимаи ҳол»
Илон Маск — SpaceX ва Tesla асосчиси. У бошқа бир омадли инсон - бир вақтнинг ўзида ўн вазифани бажаришнинг уддасидан чиққан Бенжамин Франклин ҳақидаги китоблардан илҳомланади. Бу китоб буюк арбобнинг ҳаётий солномаси десак янглишмаймиз, унда Франклиннинг ёзувчи, ихтирочи, олим ва дипломат сифатида шаклланиши тўғрисида ҳикоя қилинади.
Ричард Брэнсон: «Қафасдаги қуш нима учун сайраётгани менга аён»
Брэнсон ўз компанияси сайтида ўзининг адабий тавсиялари жамланган узун рўйхатни чоп этди. Унда қизиқ асарлар кўп: "Маҳлуқларнинг яшаш жойи", "Ҳоббит" билан бир қаторда Майя Энжелоунинг «Қафасдаги қуш нима учун сайраётгани менга аён» асари ўрин олган. Бу китоб Билл Гейтснинг китоблар жавонидан ҳам жой олган.