20-21 апрель кунлари Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг навбатдаги ўйинлари ўтказилди. Ўзбекистоннинг 4 жамоаси—“Пахтакор”, “Локомотив”, “Насаф”, “Бунёдкор” клублари ҳам мазкур турда майдонга тушди ва нисбатан яхши натижа кўрсатишди. Бир ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият билан Ўзбекистон жамоалари умумий ҳисобда 5 очко тўплади. Миллий чемпионатни аллақачон бошлаб олган ва ўз спорт формасига кириб бораётган ўзбекистонлик футболчиларнинг мазкур турдаги иштироки ёмон бўлмади. Фақат “Бунёдкор”нинг натижаси барчанинг кўнгилини хира қилгани бор гап.
“Пахтакор”: Нимадир ўзгарган...
“С” гуруҳида қатнашаётган “шерлар” Абу Дабида "Ал Жазира"дан 3:1 ҳисобида устун келди ва нимчорак финалга чиқиш имкониятини сақлаб қолди.
Аста-секин ўз ўйинини топиб бораётган “Пахтакор” кейинги босқичга чиқиш учун фақат ғалаба қозониши талаб этиларди. Буни яхши билган жамоа дастлабки дақиқаларданоқ гуруҳ аутсайдерига қарши очиқ ва хужумкор ўйин таклиф қилди. Бу тезда самара берди ва 9-дақиқада ҳисоб очилди. Машариповга ишлатилган қўполликдан сўнг белгиланган жаримадан Шерзод Каримов унумли фойдаланди. Қарийб 25 метрлардан Ал-Жазира даврозасини ишғол қилди: 0:1. Бунга Али Мабҳут пенальтидан урган голи билан жавоб бериб, ҳисобни тенглаштирди - 1:1. Орадан икки дақиқа ўтиб, рақиб ҳимоячиларини хато қилишга мажбур қилган Сергеев жарима майдони ичига борди ва кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди - 1:2. 83-дақиқада эса Игорь ўзи ишлаган пенальтини аниқ амалга ошириб, дублини нишонлади. 3:1 ҳисобида зафар қучган “шерлар” сўнгги тур арафасида нимчорак финалга чиқиш имкониятини сақлаб қолди. Гуруҳ пешқадами "Тракторсози" охирги турда “Ал-Ҳилолга” мағлуб бўлмаса ва “Пахтакор” ўз уйида “Жазира” дан устун келса, навбатдаги босқичга йўл олади.
Айтиш керакки, жамоа устози оилавий сабаблар туфайли сафарга бормади. Жамоага Грегорий Колосовский мураббийлик қилди. “Шерлар”нинг шиддатли “ҳамлалари”, тўпга жамоа бўлиб, “ёпишиш”, эрта прессинг, тезкор ўйин—бу гал бошқача ўйин кўрсатишди (эҳтимол, рақиб гуруҳдаги энг кучсиз жамоа бўлгани учун). Ҳар ҳолда “Пахтакор” мухлисларга манзур бўладиган кучли ва барқарор ўйин кўрсата олди. Кейинги турдаги ўйинда “Жазира”ни хотиржамлик билан, ортиқча босимларсиз таслим қилса (“Тракторсози”га ҳам ишониб қоламиз), гуруҳдан чиқиши мумкин.
"АЛ ЖАЗИРА" - "ПАХТАКОР" - 1:3 (0:1)
19 апрель. Абу Даби. "Муҳаммад Бин Зайид" стадиони.
Голлар: Каримов, 9 - 0:1. Али Мабҳут, 61-пен - 1:1. Сергеев, 63 - 1:2. Сергеев, 83-пен - 1:3.
"Ал Жазира": Сенани, Халфан, Мабҳут, Парк Жонг Ву, Тиаго Невес, Геилани (Халфан Муборак, 75), Рашид, Муса, Юсуф, Ал Ҳашми (Кенвин Жонс, 65), Абдулазиз.
"Пахтакор": Рибкин, Болтабоев, Ораховац, Тожиев, Ҳошимов, Козак (Исматуллаев, 74), Аҳмедов, Соҳибов, Каримов (Бердиев, 90+2), Машарипов (Қиличев, 88), Сергеев.
Огоҳлантиришлар: Соҳибов, 20. Аҳмедов, 24. Саиф Халфан, 42. Али Мабҳут, 53. Рибкин, 62. Ораховац, 77.
“Локомотив”: Бизни уялтирмаётган жамоа
“Локомотив” таркиб жиҳатидан Ўзбекистондаги энг кучли жамоа, дейиш мумкин. Ўзаро тил топишиб, яхлит жамоага айланиб бораётган “Локомотив”да Жепаров, Кападзе, Нестеров сингари таниқли ва тажрибали футболчиларнинг фойдаси тегаяпти. Ўтган йилгидан фарқли равишда ҳам миллий чемпионат, ҳам ОЧЛда барқарор ўйин намойиш этаётгани бундан далолат бериб турибди. Ҳозирда жамоа Осиё чемпионлари лигасидаги мағлубиятсиз ўйинлар сериясини давом эттирмоқда. Микляев шогирдлари 5-тур доирасида БААда "Ан-Наср" меҳмони бўлди. Мураккаб кечган ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. 31-дақиқада Жирес Кембо Экоко олис масофадан урган голига Темурхўжа Абдухолиқов “жавоб” қайтарди.
Иккинчи бўлимда “Локомотив” кўпроқ устунликка эга бўлди, бироқ бу ҳисобга таъсир кўрсатмади. Ушбу дурангдан сўнг "темирйўлчилар"нинг очколари сони 9 тага етди ва гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолди. “Сепоҳон”ни 4:0 ҳисобида ер тишлатган “Ал-Иттиҳод” жамоаси эса“Локомотив”нинг плей-оффга чиқиш тақдирини кейинг ўйинга қолдирди.
Мазкур ўйинда Жепаров, Кападзе, Мирзаев, Шоаҳмедов, Абдухолиқовлар ишончли ўйин кўрсатишди. Шиддатли ўйинда ўзини аямаган Ислом Тўхтахўжаев бурнини синдириб олиб, майдонни эрта тарк этди. Унинг ўрнига майдонга тушган истеъдодли 19 ёшли ҳимоячи Сергей Прохоров Исломнинг йўқлигини билинтирмади.
ОЧЛ, "А" ГУРУҲИ, 5-ТУР "АН-НАСР" - "ЛОКОМОТИВ" - 1:1 (1:1) ГОЛЛАР: Жирес Кембо Экоко (31) — Темурхўжа Абдухолиқов (43) "Ан-Наср": 12.Шамбиҳ, 4.Жалол, 5.Аҳмад, 6.Хамис, 7.Нилмар, 8.Кембо Экоко, 10.Хименес (С), 11.Питройпа, 16.Муборак, 18.Ал-Яссий, 20.Сулаймон "Локомотив": 1.Игнатий Нестеров, 8.Сервер Жепаров, 10.Марат Бикмаев 11.Темурхўжа Абдухолиқов, 15.Сардор Мирзаев, 17.Салим Мустафоев, 18.Тимур Кападзе, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 22.Санжар Шоаҳмедов, 33.Олег Зотеев, 37.Шерзод Файзиев Бош ҳакам: Лью Квок Ман (Гонконг)
“Насаф”: Аҳвол чатоқ, “аждарлар”!
Хужумкор ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган "Насаф"да барқарорлик етишмаяпти. Рўзиқул Бердиевда мазкур турда бир нечта йўқотишлар бор эди: Шерзод Аъзамов, Илҳом Шомуродов каби асосий таркиб ўйинчилари жамоага ёрдам бера олмади. Бу ўз таъсирини ўтказмай қолмади. “Насаф” ўз уйида, ғалаба сув ва ҳаводек зарур учрашувда "Ал-Айн"билан дурангга имзо чекди.
Ўйиннинг дастлабки дақиқасида Мақсуд Каримовнинг голидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олган жамоа 32-дақиқада дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. Данило Асприлло ўзининг кучли ва аниқ зарба билан Суюновни доғда қолдирди.
Ўйиннинг биринчи бўлимида БАА клуби кучлироқ кўринди, хужумлари ҳам хавфли бўлди. Гоҳида Суюновнинг сейвлари, гоҳида рақиб футболчиларининг хужумдаги хатолари ҳисобнинг ўзгармай қолишига сабаб бўлди.
Иккинчи бўлимда эса Бердиев шогирдлари ўйин тизгинини ўз қўлига олишди. Геворкян, Раҳматуллаев, Абдураҳимов, Абдухолиқовлар жуда яхши ўйин кўрсатди. Айниқса, Абраҳимов ва Абдухоливнинг чаққон ҳаракатлари рақиб ҳимоячиларига анча “бошоғриқ” бўлди. Бироқ якуний зарбаларда аниқлик етишмади.
Шундай қилиб, ушбу натижадан кейин "Насаф"нинг очколари 5тага, "Ал-Айн"ники 7тага етди. Плей-офф масаласи сўнгги турда қолди. Қаршиликлар сафарда ушбу жамоани енгишнинг уддасидан чиқиши ва бошқларнинг натижаларига кўз тикиши талаб этилади. Бироқ “Насаф”га сафарда жуда-жуда қийин бўлади...
Осиё чемпионлар лигаси-2016, "D" гуруҳи, 5-тур. 19 апрель, сешанба. Қарши ш., “Марказий” стадион. Соат 19:30 “НАСАФ” – “АЛ-АЙН” 1:1 (0:0) ГОЛЛАР: Мақсуд Каримов (1) — Данило Асприлло (32) Огоҳлантиришлар: Иброҳим Диакий (1), Флипп Бастос (49), Исмоил Аҳмад (50) “Насаф”: 25.Элдорбек Суюнов, 4.Мақсуд Каримов, 5.Илдар Маматказин, 6.Азизжон Ғаниев, 7.Шуҳрат Муҳаммадиев, 10.Дилшод Раҳматуллаев, 17.Артур Геворкян (с), 18.Баҳром Абдураҳимов, 21.Азамат Алланиёзов (Шафоф Муҳиддинов 74), 31.Сайдулло Раҳматов, 45. Бобур Абдухолиқов. Захира: 35.Санжар Қувватов, 14.Шароф Муҳитдинов, 16.Дилшод Хушбаков, 27.Ислом Рашидхонов, 38.Дониёржон Нарзуллаев, 42.Нажмиддин Нормуродов. “Ал-Айн”: 17.Холид Ийсо, 5.Исмоил Ахмад, 6.Флипп Бастос, 9.Дянфрес Дуглас, 10.Умар Абдулраҳмон (с), 18.Иброҳим Диаки, 19.Муҳанад Салим, 23.Муҳаммад Ахмад Ғариб, 29.Ли Мюнг Жи, 50.Муҳаммад Фаёз, 70.Данило Асприлло (Рашид Ийсо 76). Захира: 22.Маҳмуд ат-Теналжий, 4. Саид Мусаббиҳ, 11.Саид ал-Хатирий, 13.Аҳмад Барман, 20.Ҳилол Саид, 77.Муҳаммад Фавзи. Ҳакамлар: Ким Донг Жин, Банг Ги Ёл, Сонг Бонг Куэн (барчаси — Ж.Кореядан), Маъсуд Туфайлиҳ (Сурия) Назоратчи: Халил Иброҳим ал-Ҳамдий (Саудия Арабистони) Учрашув комиссари: Руфус Принс (Ҳиндистон).
“Бунёдкор”: қанотинг синдими, “қалдирғоч”им?
Бу йил Осиё чемпионлар лигасида энг қониқарсиз натижани Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси қайд этмоқда. Кўркам стадион, яхши шароит, база, умидли, айни кучга тўлган футболчилар—ҳеч нарсани ўзгартира олмаяпти. Бу сафар “қалдирғоч”ларнинг қанотини қатарликлар “синдирди”. 5-тур доирасида "Бунёдкор" жамоаси “Лахвия” ўз майдонида 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди ва кўпчлик футбол мухлисларини ранжитди.
Тан олиш керак, “Лаҳвия” футболчилари савия ва маҳорат бобида “қалдирғочлар”дан бир бош баланд экан. Буни ўйин кўрсатиб берди. Ҳамдамов, Шукуров, Шомуродовлар ҳали анча ғўр. Минори ва Зуагига чидаса бўлади, лекин Юрица Бульят деганларини нега жамоада олиб қолганига хайронсан киши. Легионер дегани маҳаллий футболчилардир кучли бўлмаса, унга ортиқча пул сарфлашнинг нима хожати бор?! Балки бошқа муаммолар бордир?! Хуллас, айтарга “гап кўп—кўмир оз”.
Лушчан жаноблари айтганидек, гуруҳда бор йўғи 2 очко тўплаган жамоа энди ўз эътиборини ички чемпионатга қаратади.
Шу ўринда яна бир гап: мухташам “Бунёдкор” стадионида ОЧЛ ўйинларида жамоа ҳеч ғалаба қозона олмаяпти. Бунга айрим мухлислар, ярми ҳазил, ярми чин оҳангида “ис чиқариб юбориш”ни ёки “яхшилаб ўқитиш керак”лигини маслаҳат беришмоқда. Нима бўлганда ҳам бизни уялтирма, “қалдирғоч”!
ОЧЛ, "В" ГУРУҲИ, 5-ТУР "БУНЁДКОР" - "ЛАХВИЯ" - 0:2 ГОЛЛАР: Карим Будиаф (64), Муҳаммад Мунтарий (79) "БУНЁДКОР”: 25.Муроджон Зухуров, 2.Акмал Шораҳмедов (С), 3.Акром Комилов, 8.Жавлон Иброҳимов, 9.Сато Минори, 10.Элдор Шомуродов, 14.Баҳодир Насимов, 17.Достон Ҳамдамов, 22.Рустам Ашурматов, 29.Отабек Шукуров, 30.Юрица Бульят ЗАХИРА: 45.Акбар Тўраев, 6.Анвар Ғофуров, 7.Шакер Зуаги, 11.Шаҳзодбек Нурматов, 16.Дилшодбек Аҳмадалиев, 19.Забиҳилла Ўринбоев 71.Александар Алемпиевич “ЛАХВИЯ”: 40.Амин Лекомте, 2.Муса, 3.Аҳмад Ёсир, 7.Холид Муфта, 10.Нам Таэ Хи, 11.Муҳаммад Мунтарий, 12.Карим Будиаф, 14.Муҳаммад Тресор, 20.Али Ҳассан, 23.Аҳмад Муҳаммад, 70.Исмоил Муҳаммад. ЗАХИРА: 90.Иванилдо, 8.Луиз Жуниор, 15.Диоко Калиуютика, 18.Аҳмад ас-Садий, 24.Холид Радван, 28.Юсуф Мсакни, 39.Саид ал-Қаҳтоний. Ҳакамлар: Кришанта Дилан Перера, Приянга Намал, Параккрама Хематунга (учаласи – Шри-Ланка), Рисбек Шекербеков (Қирғизистон) Ҳакамлар назоратчиси: Маъсуд Морадий (Эрон) Учрашув комиссари: Саид ал-Масрий (Сурия)