Иш

Оддий қизиқишдан йирик бизнесга айланган 5 та лойиҳа

Кўпчилик сизга диққат касбий фаолиятдаги энг муҳим омил эканини айтгандир. Аммо бу диққат ва қизиқиш доираси касбдан бошқа нарсани кўрмайдиган даражада тор бўлмаслиги лозим. Ишни деб зерикари, кар ёки соқов одамга айланиш – ижтимоий фожиа.

Қуйида сизга оддий қизиқиш ва машғулотдан глобал аҳамият касб этган бизнеслар ҳақида маълумот берамиз.

Папа Жонс пиццаси

1983 йилда коллежни бизнес йўналишида тамомлаган Жон Шнаттер она шаҳри Жефферсонвилга йўл олади. Олдида турган ягона мақсад – иш топиш ва бизнесга доир билимларини татбиқ қилиш бўлган йигитчага отаси ишонч билдирди. Отаси унга ўз ҳамкори билан очган, аксари мижозлари урушқоқ байкерлар бўлган, қарзга ботиб, инқироз арафасида турган қаҳвахонада ишлашига рухсат беради.

Жон қаҳвахонани тубдан таъмирлайди, фақат байкерлар эмас, оммага мўлжалланган жойга айлантиради. Нарх-навога ўзгартириш киритиб, бильярд столлари ва бошқа кўнгилочар ўйинлар учун шароит яратади.

Жоннинг саъй-ҳаракатлари тез орада натижа бериб, қаҳвахона гавжум тамаддихоналардан бирига айланади.

Аммо нимадир етишмас эди. Аксари америкаликлар сингари, Жон Шнаттер ҳам пицца ишқибози бўлган. Шуни ҳисобга олиб, Жон бу умумовқатланиш марказини биринчи рақамли пицца марказига айлантиришни режа қилади.

Бу режанинг амалга ошишига у қадар ҳам кўп вақт кетмади. 1984 йилдан бошлаб йўлга қўйилган пицца сотиш бизнеси қаҳвахона даромадининг бош манбаига айланди.

1987 йилга келиб Шнаттер тамаддихона бизнесидан воз кечиб, вақтини батамом пицца бизнесига сарфлашга қарор қилди. Тамаддихонадаги ўз улушини ҳамда оиланинг севимли машинасини сотиб, унга ёнма-ён бинодан фақат пицца пишириб сотадиган "Papa Johns" ресторанини очади.

Пиццага бўлган ихлосмандлик орқасидан ташкил этилган бизнес бугунгача ҳам жадал ривожланмоқда. 2015 йилда тақдим этилган маълумотларга кўра, Папа Жонс айни кунда дунёнинг 37 мамлакатида 4,700 дан зиёд шаҳобчаларига эга.

Компания 2002 йилда бошлаб жаҳонда илк маротаба пиццага онлайн буюртма олиш тизимини йўлга қўйган.

Twitter

Бу воқеага ҳали кўп бўлгани йўқ. Кунларнинг бирида Жек Дорсида ажойиб ғоя туғилди. 2000 йиллардан бошлаб ўзини ўққа-чўққа уриб, турли бизнесларда синаб кўраётган 24 ёшли бу йигит Американинг таниқли журналларидан бирига борганида лаҳзалик хат алмашиш имконини берувчи хизматни кўриб, веб-ресурс негизида реал вақт шароитида ўзаро СМС-хабар алмашиш мумкин бўлган мессенжер лойиҳасини ишлаб чиқишни ўйлаб қолади.

Унинг режасига кўра, бу ижтимоий тармоқ ёрдамида фойдаланувчи айни вақтдаги фикр-мулоҳазаси ва қилаётган иши ҳақида  дўстлари, яқинларига хабар бериши кўзда тутилган эди. У ҳамкори Биз Стоун билан биргаликда 2 ҳафта мобайнида ғояни пишитади.

Аудио маҳсулотларни яратиш ва тарқатиш билан шуғулланувчи Odeo компаниясида ишлаб юрган Дорси инқироз арафасида турган компанияни қутқариб қолиш истагида юрган раҳбриятга ўзининг Twitter ҳақидаги ғоясини айтади. Бу ғоя компания маъмуриятига маъқул келади ва унинг учун пул тикилади.

Кўп ўтмасдан Apple'нинг iPod ҳамда iTune лойиҳалари сабаб Odeo компанияси инқирозга юз тутади. Аммо Жек Дорсининг Twitter лойиҳаси компания ҳаётини сақлаб қолди.

2006 йилнинг 21 мартида интернет тармоғида барпо этилган инновацион Twitter мессенжери техно оламга катта янгилик ва қулайлик билан кириб келди.

У вақтда 2 ёшда бўлган Facebook эндигина оммалашаётган, шахсий компьютер операцион тизимига ўхшаш жиҳатларни ўзида жамлаган смартфонлар ҳали эълон қилинмаган эди.

Бугун оддий аҳоли ҳам, жамоат ва давлат арбоблари, бизнес вакиллари ўз ўқувчиларига 140 белгидан иборат  хатлари, янгиликларни тақдим этадилар.

10 йил мобайнида Twitter хизмати ривожланди, компания фаолияти кенгайиб, йирик бизнесга айланди. 2010 йилда унинг фаол фойдаланувчилари 30 миллион нафар бўлган бўлса, 2016 йил бошига келиб уларнинг сони 320 миллиондан ошди.

Жаҳон миқёсида компаниянинг 35 дан зиёд шаҳобчаларида 3,900 нафар ходим фаолият кўрсатади. Айни вақтда Twitter лойиҳасининг нархи 10 миллиард АҚШ долларига баҳоланган.

Yankee Candle шамсозлик компанияси

1960 йиллар охирларида Майкл Китреж ўз тенгдошларидан унчалик ҳам фарқ қилмайдиган, мактабдошларидан иборат мусиқий жамоада гитара чаладиган йигит эди. Аммо санъатга ихлоси баланд йигитчага бу йўл торлик қилди. Иқтисодий сабаблар туфайли гуруҳ тарқаб кетди.

1969 йилнинг Янги йил байрами арафасида 16 ёшли Майкл онасига нимадир совға қилгиси келади. У лампа пилигини олиб, уни шиша идишга солади ва пилик атрофини ранг-баранг юмшоқ қалам эритмаси билан тўлдиради. Бу эритмага хушбўй ҳид ҳам қўшади.

Натижада, у рангли ва ёқимли ифорли гўзал шамни яратади. У бу совғанинг онасига ёқишини билар эди. Аммо у совғани чиройли қилиб ўратиб улгурмасидан аввал бу кашфиётга қўшнилардан ҳам харидор чиқиб қолади. Бу шам 2 долларга сотилади. Унинг ихтироси бошқаларнинг ҳам оғзига тушади. Майклда бизнес бошлаш режаси туғилади. Шундай қилиб Майкл гаражда рангли ва хушбўй ифорли шамлар ишлаб чиқара бошлайди.

Майкл Китреж юқори мактабни тамомлаб, университетга ўқишга киради. Шундай бўлса ҳам, шамсозлик машғулотини давом эттиради. Кўп ўтмасдан оила ҳовлиси кенгайиб бораётган бизнес учун торлик қила бошлайди. Корхона ўз фаолиятини шаҳарнинг собиқ тегирмонининг биносига кўчиради. 1998 йилда Майкл компанияни 550 миллион АҚШ долларига сотади.

Бугун Yankee Candle шамсозлик компанияси АҚШнинг ва жаҳоннинг энг йирик рангли ва ифорли шам ишлаб чиқарувчи компаниясидир.

Крейгслист

1995 йилда 43 ёшли Крейг Нюмарк Charles Schwab брокерлик хизматига ишга жойлашиш мақсадида Сан-Францискога кўчиб ўтади.

У вақтда халқаро интернет тармоғи эндигина 5 ёшга тўлиш арфасида ва ҳеч ким унинг кейинги тақдири ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас эди. Крейгнинг бир одати бор эди: у замонавий имкониятдан фойдаланган ҳолда, дўстларига, яқинларига электрон почта орқали ўзи билган, эшитган янгиликлар ҳақида маълумотлар юбориб турар эди.

Узоқни кўра олган Крейгда яхши ғоя туғилади. У дастурчиларга электрон почта орқали маҳаллий тадбир ва анжуманлар ҳақида хабар бериш хизматини йўлга қўяди.

Қисқа фурсатда муштарийлари сони кўпайиб, интернет фойдаланувчилари орасида оммалашган Крейг Нюмаркнинг хизмати орқали сотувга қўйилган буюмлар, бўш иш ўринларига оид маълумотлар ҳам тақдим қилина бошланди.

Жаноб Нюмарк бу хизматга эҳтиёж яқин келажакда юқори бўлиши, бунинг учун электрон почтанинг ўзи кифоя қилмаслигини тушуниб етади ва craigslist.org — Крейгслист электрон эълон ва рекламалар веб-сайтига асос солади.

Аввалига шунчаки қўшимча машғулот, кейин иккинчи даражали бизнесга айланган бу иш Крейгнинг асосий ишига айланади ва у 1999 йилда ўз ишидан кетиб, бор вақтини Крейгслистга бағишлайди. Крейг ўз компаниясининг эгаси ва илк дастурий таъминот инжинирингига айланди. Электрон эълонлар сайти қисқа муддатда бошқа штатларда ҳам оммалашади.

Айни пайтда мазкур сайт халқаро аҳамиятга эга бўлиб,  унда жаҳоннинг 15 тилида, 70 давлати ва 700 та йирик шаҳарларидаги тадбирлар, харидлар, иш ўринлари, уй-жой ҳақида бепул эълонлар берилади.

Ҳар ой бу сайтнинг саҳифалари 20 миллиард маротаба кўрилади. Ҳар куни craigslist.org'га 300,000 дан зиёд эълон қўйилади. АҚШда унинг 49.4 миллион нафар фаол ўқувчилари бор. Компаниянинг 2010 йилга келиб 200 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад қилгани айтилмоқда.

Gibson гитара корпорацияси

1880 йилларда оддий сотувчилик билан шуғулланган Орвил Гибсон мандолина мусиқий асбобини чалишга қизиқар эди. Бу мусиқа асбоби гитарага қадар Ғарбда жуда оммалашган эди.

1894 йилда 38 ёшли Орвил Гибсон Мичиган штатида мандолина ва гитарага ўхшаб кетадиган янги кўринишдаги мусиқий асбобни ясайди. У скрипка ясовчи усталар билан маслаҳатлашиб, бу мусиқа асбоби шаклини скрипкага ўхшатиб ишлайди ва янги санъат воситасини кашф қилади, унга патент олади.

1896 йилдан бошлаб Орвил Гибсон мандолина, гитара ва уд ишлаб чиқара бошлайди ва 1902 йилда Gibson компаниясига асос солади. Айни кунда мазкур компания дунёнинг энг йирик мусиқий асбоблари ишлаб чиқарувчисидир.

Умид қиламизки, юқоридаги тарихий ҳикоя ва далиллар сизни бир оз руҳлантирди. Бугун ҳали ҳам ўзига мос иш топа олмаган одам ўзи учун ўзи иш яратиб бериш имкониятига эга. Нимагадир қизиқсангиз, бу йўлда ўзингизни моҳир, деб билсангиз ўзингиз учун ҳам, бошқалар учун ҳам фойдали бизнесни бошланг.

Доимо омадингизни берсин!