Биласизми?

Ўзбекистоннинг энг йирик дорихоналар тармоғи АҚШ компаниясига топширилиши мумкин

Ўзбекистоннинг энг йирик дорихоналар тармоғи Американинг “United Investment Healthcare Group LLC” компаниясига ишончли бошқарувга топширилиши мумкин.

Ушбу ҳақидаги Президент қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида 23 август куни жойлаштирилди. Ҳужжат Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

“Истисино тариқасида, "Дори-Дармон" АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини АҚШнинг "United Investment Healthcare Group LLC." Компаниясига 5 йилга ишончли бошқарувга топширилсин”, - дейилган ҳужжат матнида.

Шартномани дастлаб 5 йил муддатга имзолаш ва бинес-режадаги кўрсатгичларга эришилган ҳолда - яна беш йилга узайтирилиш назарда тутилган.

"Дори-Дармон" АЖ – устав капиталида давлат улуши 71%ни ташкил қилади. Айни дамда  "Дори-Дармон" аптекалар тармоғи бутун Ўзбекистон бўйлаб жойлашган 2200 дан ортиқ аптекаларни ўз ичига олган. Ушбу дорихоналар аҳолига ижтимоий муҳим бўлган дори воситалари етказиб беради.

Ундан ташқари "Дори-Дармон" АЖ давлат тиббиёт муассасаларига наркотик ва психотроп дорилар етказиб берувчи ягона тармоқдир.

Эслатиб ўтамиз, "United Investment Healthcare Group LLC." компанияси номи янгиликларда илк бор 2018 йилнинг 17 май куни пайдо бўлган эди. Ўшанда Ўзбекистон делегациясининг АҚШга бўлган сафари вақтида “Дори-Дармон” АЖ директори Равшан Азимов ва ва "United Investment Healthcare Group LLC." компанияси директори Георгий Павленишвили орасида меморандум имзолангани ҳақида хабар қилинган эди.

Эътиборлиси, Google ва Яндекс қидирув тизимлари орқали "United Investment Healthcare Group LLC." Компанияси ва унинг дорихоналар соҳасида сармояларни бошқариш тажрибаси ҳақида батафсил маълумот топишнинг иложи бўлмади.