Хабарингиз бор, Президентнинг “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони билан яқин келажакда тоғ-чанғи курорти бунёд этилиш режалаштирилган.
Ўзбекистондаги ушбу илк замонавий тоғ чанғиси курорти қурилишини Андорра компанияси мувофиқлаштириб боради. Тоғ кон комплекслари бизнес жараёнларини бошқариш ва бу соҳада хизматлар кўрсатиш бўйича дунёда етакчи бўлган Андорранинг PGI компанияси ва Ўзбекистоннинг Amirsoy Mountain Resort компанияси ўртасида битим имзоланди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар бермоқда.
PGI лойиҳани илк қадамларидан бошлаб то тоғ чанғиси курорти ўз фаолиятини бошламагунча ва биринчи мижозларини қабул қилмагунча бошқаради. Дастлабки босқичда лойиҳани бошқариш, кейин қурилишнинг ўзини назорат қилиш билан шуғулланадиган махсус халқаро мутахассислар жамоаси йиғиб берилади.
Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – тоғ чанғиси курорти топ-менежменти учун стратегик қўллаб-қувватлашни таклиф этиш, техник талабларни белгилаш, лойиҳанинг барча манфаатдор томонлари учун коммуникация линиясини яратиш, қурилиш жараёнини рисоладагидек мувофиқлаштиришни таъминлаш.
Кейинги босқичларда Андорра компанияси лойиҳа ўз муддатида, лекин сифат йўқотилмаган ҳолатда бажарилиши учун барча пудратчилар жамоасини бошқаришда кўмак беради ҳамда қурилиш жараёнларини назорат қилиб боради.
Пировардида “Амирсой” Ўзбекистонда йил бўйи фаолият юритадиган ва халқаро стандартларга жавоб берадиган биринчи тоғ чанғиси курортига айланади.
PGI компанияси айни пайтда Озарбайжон, Франция, Аргентина, Қозоғистон ва бошқа давлатлардаги курортларни бошқариб келмоқда.