Биласизми?

Ўзбекистонда яна бир эркин иқтисодий зона ташкил этилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Бухоро-Агро" эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар қилди Адлия Вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Қарорга мувофиқ Бухоро вилоятида "Бухоро-агро" эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди.

"Бухоро-агро" ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати у ташкил этилган кундан бошлаб, мазкур муддатни кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади.

"Бухоро-агро" ЭИЗнинг асосий вазифаси — иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар Ўзбекистонда 16 та эркин иқтисодий зона фаолияти йўлга қўйилган. Булар "Навоий", "Ангрен", "Жиззах", "Ургут", "Ғиждувон", "Қўқон", "Ҳазорасп", "Сирдарё", фармацевтика соҳасига ихтисослашган "Нукус-фарм", "Зомин-фарм", "Косонсой-фарм", "Сирдарё-фарм", "Бойсун-фарм", "Бўстонлиқ-фарм", "Паркент-фарм" эркин иқтисодий зоналари шунингдек, туризмга ихтисослашган "Чорвоқ" эркин туристик зонаси.