Биласизми?

Ўзбекистонда ядро энергетикаси қонун билан тартибга солинади

«Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2018 йил 19 июлдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом» агентлиги) ташкил этилган. Ҳужжат шарҳи билан бу ерда танишинг. Ҳужжатга мувофиқ муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси 1 октябргача Қонунчилик палатасига киритилиши керак.

Тақдим этилган ҳужжатдаги энг муҳим жиҳатларни ажратиб кўрсатамиз.

Ядро материаллари, қурилмалари ва сақлаш пунктлари — оборот қобилияти чекланган объектлар. Уларнинг мулкдори ё давлат, ёхуд президент томонидан тасдиқланган рўйхатдаги юридик шахс бўлади. Ядро материалларига бўлган мулк ҳуқуқини фақат давлат раҳбари билан келишувга кўра хорижий давлат ёки компанияга бериш мумкин. Қонунга зид келувчи ҳар қандай битим арзимас саналади (суд уларни ана шундай деб тан олишидан қатъи назар, ҳақиқий эмас, таҳр.).

Атом энергетикасини тартибга солиш соҳасидаги ваколат чегараланади. Қонун лойиҳасида президент, Вазирлар Маҳкамаси, «Ўзатом» агентлиги ва давлат бошқаруви органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари келтирилган. Масалан, давлат раҳбари мулкида ядро материаллари ва қурилмалари бўлишига рухсат этилган ташкилотлар рўйхатини тасдиқлаш билан бир қаторда: ядро қурилмалари ва сақлаш пунктларини жойлаштириш жойи; уларни лойиҳалаш, барпо этиш ва фойдаланиш; мамлакатга янги ядро ёқилғисини олиб кириш ва ишлатилганини олиб чиқиш ва ҳ.к. тўғрисидаги стратегик қарорларни ҳам қабул қилади.

Ҳукуматга жараённинг барча иштирокчиларини мувофиқлаштирувчи боғловчи бўғин вазифаси юклатилган. «Ўзатом» агентлиги — атом энергетикаси соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органи кўпроқ амалий тусдаги вазифаларни ҳал қилади. Бошқа давлат органлари унга боғлиқ бўлган функцияларни (экспертизадан ўтказиш, объектларни физик жиҳатдан ҳимоя қилиш, экологияни муҳофаза қилиш, аварияларнинг оқибатларини тугатиш ва ҳ.к.) бажарадилар.

Соҳани давлат томонидан тартибга солиш ядро объектларини лицензиялаш, давлат томонидан назорат қилиш, техник тартибга солиш, хавфсизлигини вақти-вақти билан баҳолаш ва соҳа ходимларига қўйиладиган алоҳида талабларда акс этади.

Хусусан, қонун лойиҳасига кўра «Саноатгеоконтехназорат» ДИ қуйидагиларга лицензиялар беради:

  • ядро қурилмалари ва сақлаш пунктларини жойлаштириш, барпо этиш, фойдаланиш ва фойдаланишдан чиқариш;
  • ядро материаллари ва радиоактив моддалар билан муомала қилиш;
  • ядро қурилмалари ва сақлаш пунктларининг лойиҳасини ва конструкциясини ишлаш;
  • ядро қурилмалари ва сақлаш пунктлари учун ускуналарнинг конструкциясини ишлаш ва тайёрлаш;
  • атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият турлари хавфсизлигини экспертизадан (хавфсизлиги асосини экспертизадан) ўтказиш;
  • атом энергетикаси соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказишда ядро материаллари ва (ёки) радиоактив моддалардан фойдаланиш.

Атом энергетикаси объектларидан фойдаланиш тартиби, ядро қурилмаси, сақлаш пунктларини жойлаштириш ва барпо этиш, уларни физик жиҳатдан ҳимоя қилиш тартиби алоҳида белгиланган. Ядро қурилмаси ва сақлаш пункти хавфсизлиги, ядро материаллари ва радиоактив моддалар билан лозим даражада муомала қилиш учун тўлиқ жавобгарликни фойдаланувчи ташкилот зиммасига юклаш таклиф этилмоқда. Бу миллий қонунчиликка мувофиқ объектни бошқариш учун тузилган махсус ташкилотдир.

Ядро материаллари, радиоактив моддалар ва чиқиндилар билан муомала қилиш жараёнида давлат ҳисоби ва назорати, олиб кириш, олиб чиқиш, ташиш, сақлаш ва кўмишнинг алоҳида қоидалари амал қилади.

Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар радиацион таъсир сабабли етказилган зарар ва зиён учун жавобгарлик масалаларини эътибордан четда қолдирмадилар. У фойдаланувчи ташкилот зиммасига юклатилади. Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зиён, шунингдек радиацион таъсир кўрсатишдан зарарлар қопланади. Алоҳида олинган инцидент бўйича жавобгарликнинг энг юқори чегаралари мамлакатимизнинг халқаро шартномаларида белгиланганидан кўп бўлиши мумкин эмас.

Атом энергетикаси соҳасидаги қонунбузарликлар ва уларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиладиган ваколатли органларнинг мансабдор шахслари рўйхати алоҳида келтирилган.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.