Биласизми?

Ўзбекистонда винобоп узум учун 2 минг сўм нарх белгиланди

Ўтган йили винобоп узумнинг бир килограмми учун 300 – 500 сўм атрофида ҳақ тўланган ва бундан кўп фермерлар зарар кўрганди, дея хабар қилади ЎзА.

Журналистлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида «Ўзшаробсаноат» акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Жамшид Аҳмаджонов мазкур ҳолат ва унинг такрорланмаслиги учун амалга оширилаётган чораларга изоҳ берди.

— Узум узилгандан кейин 5-6 соат оралиғида қайта ишлаш корхонасига топширилиши керак. Бироқ, фермерлар бир йўла топширамиз, деган фикр билан икки-уч кун давомида йиғилган ҳосилни юк машиналарида корхонага олиб келишади. Унгача терилган узум сараланиб, энг яхшиси бозорга сотишга юборилади. Сифати бузилган ҳосилни эса бизга олиб келишади. Эзилиб, ҳидланган, узоқ турганидан бижғиб қолган узумни корхона қиммат нархда олади, деб ўйлайсизми? Албатта, йўқ. Бунақа хом ашёдан сифатли, жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда Ўзбекистонда 80 дан ортиқ бирламчи вино ишлаб чиқариш корхонаси ишлаб турибди. Ушбу корхоналарни янада жадал ривожлантириш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, модернизация ва диверсификация қилиш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида «Ўзшаробсаноат» акциядорлик жамиятида 63 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Шундан 35 таси вино ишлаб чиқариш корхоналарини реконструкциялаш, техник ва технологик янгилаш, янги қувватларни ишга тушириш ва экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган.

Жамият таркибидаги 64 та корхонанинг 40 тасида сифат тизими жорий этилган. Жумладан, ҳозирда 6 корхонада ISO 22000 халқаро стандартлари асосида сифат тизимлари жорий этилди.

Анжуманда сифатли бир килограмм винобоп узум учун 2 минг сўм атрофида нарх белгилангани маълум қилинди.